31.10.2017

ХАЛҚ МАНФААТЛАРИ – БОШ МАҚСАДИМИЗ

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг бориши, истиқболли лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 28 октябрь куни Тошкент шаҳри туманларида бўлди.

Давлатимиз раҳбари Tashkent City халқаро бизнес маркази лойиҳаси билан танишди.

Мазкур замонавий комплекс пойтахтимиз­нинг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғидаги 80 гектар ҳудудда барпо этилади. Лойиҳага мувофиқ Tashkent Cityда бизнес марказлар, савдо мажмуалари, меҳмонхоналар, офислар, конгресс-холл, кўргазма заллари, кўп қаватли замонавий уйлар, ресторанлар, сунъий кўл, фавворалар ва бошқа объектлар қурилади.

Бу ҳақда 2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрининг марказий қисмини ободонлаштириш ва архитектуравий қиёфасини янада яхшилаш ҳамда аҳоли ва пойтахт меҳмонлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат асосида Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Tashkent Сity халқаро бизнес маркази ҳудудидаги объект­ларни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича дирекция тузилган.

Ҳозирги кунда ҳудудни қурилишга тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Марказни лойиҳалаштириш ва қуришга мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг етакчи лойиҳа институтлари, қурилиш компаниялари жалб этилмоқда. Чет эл инвесторлари мазкур замонавий лойиҳани амалга оширишда иштирок этишга катта қизиқиш билдирмоқда.

Президентимиз қурилиш участкасида ушбу замонавий марказ лойиҳалари ва режалари билан танишди. Буюртмачи ва қурувчилар олдида турган вазифалар, ташкилий ва молиявий масалаларни муҳокама қилди. Лойиҳаларни такомиллаштириш, қурилишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Кичик ҳалқа йўли ва Фарғона йўли кесишган жойда қурилган йўл ўтказгични бориб кўрди.

Илгари пойтахтимизнинг марказидан Фарғона йўлига чиқиш ёки аксинча бу йўлдан марказга келиш учун транспорт воситалари ортиқча бир неча километр юришга мажбур бўларди. Давлатимиз раҳбари 25 март куни бу ерда бўлиб, йўл ўтказгични реконструкция қилиш ва унинг бир қисмини янгидан қуриш бўйича топшириқлар берган эди. Яқинда ушбу кўприкнинг фойдаланишга топширилгани ҳайдовчиларга катта қулайлик яратди, ҳаракат хавфсизлигини таъминлади.

Йўл ўтказгичнинг эни 30, узунлиги 346 метр бўлган қисми реконструкция қилинди. Эни 22, узунлиги 281 метр бўлган қисми янгидан барпо этилди. Икки томонида пиёдалар йўлакчалари қурилди.

Президентимиз ушбу йўл ўтказгич одам­ларга қанчалик манзур бўлгани, транспорт ҳаракати ва хавфсизлигига қандай таъсир кўрсатгани билан қизиқди. Бундай кўприкларни пойтахтимизнинг бошқа жойларида ҳам қуриш, бунда аввало, хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш зарурлигини таъкидлади. Кўприк атрофини ободонлаштириш, пойтахтимиз қиёфасига мос замонавий бинолар қуриш бўйича кўрсатмалар берди. Тошкент автомо­биль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтида кўприксозлик бўйича кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 19-20 май кунлари Туркманистонга ташрифи чоғида Тошкентда Махтумқули номидаги кўча ва буюк туркман шоирига бағиш­ланган меъморий ёдгорлик очилгани, Ашхобод боғини ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилаётганини қайд этган эди.

Давлатимиз раҳбари Яшнобод туманида қуриб битказилган «Ашхобод сайлгоҳи»да бўлди.

Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташрифи чоғида шаҳар ва қишлоқларимизда яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, инсон саломатлиги ҳамда атроф-муҳит учун фойдали бўлган дарахт ва буталар турини кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Бундай боғлар бугун юртимизнинг барча ҳудудларида замонавий меъморчилик талаблари асосида бунёд этилиб, мавжудлари реконструкция қилинмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республи­ка­си­ни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури асосида жорий йилда одамларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришига кўмаклашиш, ҳудудларимизни янада обод ва фаровон қилиш мақсадида юзта маданият ва истироҳат боғи, маданият ва аҳоли дам олиш марказини капитал реконструкция қилиш, жиҳозлаш бўйича вазифалар белги­ланган.

Туркманистон меъморчилик анъаналари асосида барпо этилган сайлгоҳнинг умумий майдони 10 гектардан ортиқ бўлиб, бу ерда саккизта фаввора қурилди ва уларга рамзий номлар берилди. Боғдаги хушманзара дарахтлар, замонавий ўриндиқлар ва бошқа қулайликлар киши кайфиятини чоғ қилиб, атроф-муҳитга сўлимлик бахш этади.

Мазкур сўлим масканда одамлар бўш вақтларини кўнгилдагидек ўтказиши, сайр қилиб, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча имконият­ларни яратиш керак, деди Шавкат Мирзиёев. Мажмуа таркибида икки қаватли савдо дўкон­лари, умумий овқатланиш шохобчалари, замонавий хизмат кўрсатиш тизими яратилиши лозим.

Сайлгоҳда турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, учрашувлар ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президентимиз сайлгоҳ ва унга туташ ҳудудларни янада ободонлаштириш бўйича топши­риқлар берди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан транспорт-коммуникация соҳасини ривожлан­тириш ва модернизация қилиш, йўловчиларга замонавий транспорт хизмати кўрсатишни кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, пойтах­тимизнинг келгуси ривожланиши инобатга олиниб, Тошкент шаҳрида ер усти ҳалқа метро линиясини барпо этиш бўйича ишлар бош­лангани бу борадаги ислоҳотларнинг узвий давомидир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев мазкур қурилиш билан танишди.

Метрополитен энг қулай, хавфсиз, ишончли, экологик тоза транспорт воситаси бўлиб, кундалик ҳаётимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаган. Таҳлилларга кўра, Тошкент шаҳрида ҳар куни 180-200 минг киши метрополитен хизматидан фойдаланади. Шу кунлари Сергели туманида ер усти метро йўналиши қурилмоқда. Янги ҳалқа метро йўналиши барпо этилиши эса пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларини шаҳарнинг турли туманларига тез, хавфсиз етказиб қўйиш имконини беради. Автоуловлар тирбандлиги камаяди.

Давлатимиз раҳбари қурилиш жараёнини кўздан кечираркан, замонавий ер усти метро йўналиши бугунги кун талаби эканини таъкидлади.

Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади, 1,6 километри ер устида қурилади.

2017-2021 йилларга мўлжалланган лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда Тошкент метрополитенининг «Дўстлик» бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. Узунлиги 11 километр бўлган ушбу қисмда саккизта бекат бунёд этилиши мўлжалланмоқда.

Иккинчи босқич Қўйлиқ бозори билан Чилонзор линиясининг «Олмазор» бекатини ўзаро боғлайди. Учинчи босқичда «Олмазор»дан «Беруний» бекатигача бўлган қисм барпо этилади. Кейинги босқичда иншоот «Беруний»­дан «Бодомзор» бекатигача қурилади, сўнгги босқичда «Дўстлик» бекатига уланади.

Ҳалқа метро йўли бўйлаб жами ўттиз бешта бекат, юзга яқин эскалатор, учта вагон депоси бунёд этилиши режалаштирилган. Қурилиш жараёнида ҳаракат йўналишини бирорта ҳам иншоот, айниқса, аҳоли хонадонларига зиён етказмасдан ўтказиш ҳисобга олинган бўлиб, бу бунёдкорлик ишларида аҳоли манфаатлари ҳар томонлама инобатга олинганидан дало­латдир.

Айни пайтда эстакадалар учун монолит усулда бетон устунлар қуйиш ишлари бажа­рилмоқда. Бутун ҳалқа йўналишида 2 мингдан зиёд ана шундай устунлар бунёд этилади.

Қурилиш ишлари «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига қарашли «Кўприк қурилиш трести» унитар корхонаси бунёдкорлари томонидан амалга оширилмоқда.

Ҳар томонлама қулай, арзон ва хавфсиз бўлган мазкур транспорт тармоғи барпо этилиши пойтахтимиз учун улкан иқтисодий-ижтимоий аҳамиятга эга, деди Шавкат Мирзиёев. Тошкент шаҳрида транспортга бўлган эҳтиёжни таъминлаш, бу масалага самарали ечим топиш доимий эътибордаги масалалардан. Мазкур лойиҳани амалга оширишда аҳоли учун қулай бўладиган ечимларга таянилди. Натижада метронинг бошқа йўналишлари билан оқилона боғлаш орқали шаҳар транспорти юкламасини енгиллаштиришга олиб келадиган ушбу лойиҳа танланди.

Президентимиз аҳолига қулайлик яратиш мақсадида янги замонавий транспорт линиясини 2020 йилда тўлиқ фойдаланишга топшириш бўйича мутасаддиларга зарур топшириқлар берди.

Давлатимиз раҳбари Яшнобод туманидаги «Ватандош» маҳалла фуқаролар йиғинида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Тошкент шаҳар туманлари ҳокимлари ва фаоллари билан учрашди. Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда коммунал, йўл-транспорт, таълим, тиббиёт, фан-техника соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва ечимини кутаётган долзарб масалалар хусусида сўз юритилди.

Шавкат Мирзиёев мазкур маҳалладаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дўконида ҳам бўлди ва аҳоли эҳтиёжлари учун зарур маҳсулотлар тури ва нархи билан қизиқди.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.