26.10.2017

ДУНЁ ДАВЛАТЛАРИДА САЙЛОВЛАР

Сўнгги пайтларда дунёнинг қатор мамлакатларида Президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Бундай муҳим сиёсий жараёнлар жаҳон жамоатчилигининг эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Қуйида айрим давлатларда ўтказилган сайловлар ва уларнинг натижаларига эътибор қаратамиз.

ГЕРМАНИЯда жорий йил 24 сентябрида парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи ва Христиан-социал иттифоқи партиялари альянси 33 фоиз овоз тўплаб, ғолиб бўлди. Германия социал-демократик партияси 20,5 фоиз овоз билан 2-ўринни эгаллади. «Германия учун муқобил» партияси 12,6 фоиз овоз тўплаб, 3-натижа билан илк маротаба Бундестагга кирди. Бу ҳақда барча 299 сайлов округи бўйича овозлар ҳисоб-китоб қилингандан кейин маълум қилинган.

Яна 3 партия БУНДЕСТАГга кириш учун зарур бўлган 5 фоизлик чегарадан ўтди. Жумладан, Озод демократик партия (10,7 фоиз), «Сўллар» (9,2 фоиз) ва «Яшиллар» (8,9 фоиз) партия­лари Бундестагга кириш имкониятига эга бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 2013 йили бўлиб ўтган сўнгги парламент сайловларида ХДИ/ХСИ блоки 41,5 фоиз овоз олиб, Бундестагдаги 309 ўринни банд этган эди. Улар ГСДП билан коалиция ташкил этиб, умумий ҳисобда 502 мандатга эга бўлганди.

Канцлерни сайлаш учун эса депутатларнинг кўпчилик овозини қўлга киритиш кифоя.

АВСТРИЯда 15 октябрь куни навбатдан ташқари парламент сайловлари ўтказилди. Австрия социал-демократик партияси мамлакат парламенти учун нав­батдан таш­қари сайлов натижасига кўра, Озодлик партиясидан ўзиб кетди. Овоз бериш бюллетенлари санаб бўлинганидан сўнг, мазкур партия 26,9 фоиз сайловчиларнинг ишончини қозонгани маълум бўлди.

Сўнгги натижаларга кўра, аввалги сайловда иккинчи ўринни олган ўнг партия 26 фоиз овоз тўплай олган. Австрия халқ партияси эса, 31,5 фоиз билан энг кўп овоз олган партия бўлиб қолмоқда. Парламентдан, шунингдек, NEOS ва «Петер Пильц рўйхати» партиялари ҳам 5,3 ҳамда 4,4 фоизлик овоз билан ўрин олган.

Шу билан етакчи консерваторлар парламентда 62 мандатга эга бўлади, социал-демократлар — 52, ўнглар — 51, «Янги Австрия» 10, «Пильц рўйхати» — 8 депутатлик ўрнини эгаллайди.

Миллий кенгаш таркибига жами 183 депутат киради. Мамлакат Президенти Александр Ван дер Беллен 20 октябрь куни Халқ партияси раиси Себастьян Курцга янги ҳукуматни шакллантириш ҳуқуқини беришини билдирди.

Австрияда бўлиб ўтган нав­батдан ташқари парламент сайловларида сайловчиларнинг 67,6 фоизи, ёки 4,3 миллион киши қатнашган. Ўтган сафар бу кўрсатгич 75 фоизга яқин бўлган эди.

ҚИРҒИЗИСТОНда ўтказилган президентлик сайлови натижаларига кўра, Сооронбай Жээнбеков ғолиб бўлган. Қир­ғизистон президенти ва Жўқорғи Кенеш депутатлари сайлови ҳақидаги конс­титуциявий қонунга кўра, Марказий сайлов комиссияси овоз бериш жараёнидан сўнг 20 кундан кечиктирмаган ҳолда (4 ноябрь) давлат раҳбари сайлови натижаларини аниқлайди.

Сайловда иштирок этган барча фуқароларнинг ярмидан кўпроқ овозини биринчи турда олган номзод сайланган ҳисобланади. Сайлов натижалари расмий эълон қилинган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида сайланган президент (натижалар шубҳа остига олинмайдиган бўлса — 4 декабрга қадар) ­Жўқорғи Кенеш депутатлари иштирокида давлат тилида Қирғизистон халқига қасамёд қилади.

Марказий сайлов комиссияси сайланган президентни рўйхатдан ўтказади ва лавозимга киришиши чоғида президент сифатида сайлангани тўғрисида гувоҳнома, кўкрак нишони ҳамда байроқ топширади.

ЯПОНИЯнинг Либерал-демократик партияси ва Комэйто партияси тузган коалиция 22 октябрда Япониядаги парламентнинг қуйи палатасига сайловларда депутатлик мандатларининг учдан икки қисмини қўлга киритиб, ғолиб бўлди.

Либерал-демократик партия қуйи палатадаги 465 ўриндан 281 тасини олган. Унинг коалиция бўйича ҳамкори бўлган Комэйто партияси 29 ўрин олган. Мамлакат конституциясига ўзгартириш киритиш учун икки палатанинг умумий депутатларининг учдан икки қисми қарори зарур, шундан кейин референдумга қўйилади.

Сайловларда, шунингдек, сентябрь охирида ташкил этилган «Умид партияси» 49 та ўрин, «Конс­титуциявий демократик партия» 51 ўрин олган.

Парламент қуйи палатасидаги 465 ўринга ҳаммаси бўлиб 1180 номзод даъвогарлик қилган.

Парламент қуйи палатасига сайловларда илк бор 18 ёшли фуқаролар ҳам иштирок этди. Шу пайтгача сайловларда иштирок этишга 20 ёшдан бошлаб рухсат берилар эди.

 

Интернет материаллари асосида

Нурали ОРИПОВ тайёрлади. 



DB query error.
Please try later.