26.10.2017

ШҲТга АЪЗО ДАВЛАТЛАР ОЛИЙ СУДЛАРИ РАИСЛАРИНИНГ ЙИҒИЛИШИ

Тошкент шаҳрида 2017 йил 25 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)га аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг ўн иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди. 

Йиғилишда Қозоғистон Республикаси Олий суди раиси К.Мами, Қирғизистон Республикаси Олий суди раиси А.Токбаева, Россия Федерацияси Олий суди раиси В.Лебедев, Тожикистон Республикаси Олий суди раиси Ш.Шоҳиён, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов, Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси ўринбосари Д.Ванхуа, Покистон Ислом Республикаси Олий суди катта судьяси Г.Аҳмад, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Кумар, шунингдек, ШҲТ Бош котиби ўринбосари С.Имандосов ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори ўринбосари А.Мукашев иштирок этди. 

Тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди. Хусусан, инвестицияларни ҳимоя қилишнинг институционал механизмлари, бу соҳадаги низоларни ҳал этишга қаратилган қонунчилик базасини янада такомиллаштириш масаласи атрофлича муҳокама этилди. 

Бундан ташқари, ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг жиноий ва фуқаролик ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини оширишга келишиб олгани жиноятчиликка қарши курашни янада кучайтиришда муҳим ўрин тутади. 

Мажлисда ёшларни террористик ва экстремистик гуруҳларга жалб этиш уринишларига қарши курашиш амалиёти тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқида халқаро жамоатчилик эътиборини ушбу долзарб муаммога қаратди. Йиғилишда томонлар бу борадаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигини қайд этди. 

Тадбир иштирокчилари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Президент Шавкат Мирзиёевнинг қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишни такомиллаштиришга қаратилган «Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари ижроси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. 

Томонлар ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ишонч, дўстлик ва яқин қўшничилик, ўзаро англашув, ШҲТ Хартияси, ШҲТга аъзо давлатларнинг узоқ истиқболга мўлжалланган яхши қўшничилиги, дўстлиги ва ҳамкорлиги тўғрисидаги шартнома ҳамда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига мувофиқ минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш тамойиллари асосида амалга оширилаётганини таъкидлади. 

ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари ўртасидаги амалий ҳамкорлик фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги биргаликдаги фаолиятни янада такомиллаштириш, адолат, қонунийлик ва ҳуқуқ тартиботини мустаҳкамлашга хизмат қилиб, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш учун муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. 

Йиғилиш якунлари бўйича ШҲТга аъзо давлатлар суд ҳокимияти олий органлари ҳамкорлиги истиқболлари тўғрисида Қўшма баёнот имзоланди. 

– Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимига оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан изчил ишлар амалга оширилмоқда, – деди Россия Федерацияси Олий суди раиси Вячеслав Лебедев. – Мазкур ўзгартиришлар соҳа фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга. Мажлисда Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни билан яқиндан танишдик, процессуал кодекслар лойиҳалари таҳлили юзасидан фикр алмашдик. Бу соҳа ходимларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этади. 

– ШҲТга аъзо давлатлар Олий судлари раисларининг Ўзбекистон раислик қилган йиғилиши ҳар томонлама самарали бўлди, – деди Хитой Халқ Республикаси Олий халқ суди раиси ўринбосари Ду Ванхуа. – Тадбирга юқори савияда тайёргарлик кўрилган, мажлис кун тартибидан ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиётидаги долзарб масалалар ўрин олди. Бундай музокаралар ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил мустаҳкамлаш, халқаро майдонда ташкилот нуфузини муттасил ошириш бўйича тизимли ишларни давом эттиришда муҳим омил бўлади. 

Йиғилиш доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси К.Комилов Россия Федерацияси Олий суди раиси В.Лебедев билан учрашув ўтказди. 

ЎзА



DB query error.
Please try later.