05.10.2017

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ЖАНОБИ ОЛИЙЛАРИГА

Муҳтарам Президент Жаноблари!

Нью-Йоркда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси доирасида Сиз билан учрашиш имконияти ҳамда очиқ ва самимий мулоқот учун миннатдорлик билдираман.

Сизни Ўзбекистонни жадал ривожланган хусусий секторга, инклюзив ва барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга эга замонавий давлатга айлантириш йўлидаги фаолиятингиз билан яна бир бор қутлайман.

Жаҳон банки гуруҳи Сизнинг бу борадаги фаолиятингизни қўллаб-қувватлашга тайёр экани, Сиз томонингиздан ташкилотимизга билдирилаётган ишончни юксак қадрлашимизни алоҳида қайд этмоқчиман. Биз Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда Сизнинг етакчи ҳамкорингиз бўлишга тайёрмиз, ўтган ҳафта умумий қиймати 450 миллион АҚШ долларига тенг учта инвестиция ло­йиҳасини имзолаганимиз шундан далолат беради. Ушбу ло­йиҳалар Ўзбекистонга электр энергетикаси, ирригация ва чорвачилик тармоғини ривожлантиришни рағбатлантириш учун зарур бўладиган сармоя киритиш имконини беради.

Сизнинг мева-сабзавотчилик ва чорвачиликни ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратаётган алоҳида эътиборингиз менда катта таассурот қолдирди. Пахта йиғим-теримида иштирок этувчилар меҳнатига ҳақ тўлашни яхшилаш ҳамда олдин қўлланилган меҳнат шаклларини бартараф этиш бўйича қатъий саъй-ҳаракатларингиз жуда ижобий қабул қилинди.

Мен Сизнинг техник ва молиявий кўмак бўйича мурожаатингизни кўриб чиқдим ҳамда уларни тайёрлаш бўйича ишни тезлаштириш юзасидан топшириқ бердим. Сизнинг ташаббусингиз билан ишлаб чиқилган Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида эҳтиёжлар ортишини инобатга олиб, биз мамлакатингиз билан Шериклик стратегияси доирасида Жаҳон банки гуруҳи томонидан молиялаштиришни тезлаштириш ҳамда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий ва асосий инфратузилмани модернизациялаш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда юқори даражадаги техник кўмак тақдим этишга тайёрмиз.

Мен Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева ва минтақавий вице-президенти Сирил Мюллерга истиқболдаги ҳамкорлигимизни муҳокама қилиш ва келишиб олиш учун Сиз билан яқин вақтда учрашиш бўйича топшириқ бердим. Музокараларимиз давом этишини сабрсизлик билан кутиб қоламан.

Ҳурмат билан,

Жим Ёнг КИМ,

Жаҳон банки гуруҳи президенти



DB query error.
Please try later.