30.09.2017

ЎЗБЕКИСТОН ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАРИГА

Қадрли ва муҳтарам устозлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиз­даги барча инсонларни умум­халқ байрами — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборак­бод этаман.

Бугун ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишон­лар эканмиз, биринчи навбат­да қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муал­лим­ларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилаклари­мизни изҳор этамиз. Сизлар­нинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз.

Буюк Алишер Навоий бобо­миз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.

Ҳақиқатан ҳам, ҳар бир мурғак болани ўз фарзандидек ардоқлаб, ёш авлод тарбияси учун кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бахш этадиган ўқитувчи ва мураббийлар том маънода фидоий касб эгалари­дир.

Биз бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги куни­миз­нинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзанд­ларимиз камолида ўқитувчи ва мураббийларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини яхши би­ла­миз ва сизларнинг бу улуғ хизматингизни юксак қадрлай­миз.

Ҳурматли юртдошлар!

Мамлакатимиз ўз тараққиё­ти­нинг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекис­тон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар страте­гияси асосида барча соҳалар­да кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакати­мизнинг дунёдаги ривожлан­ган, замонавий давлатлар қа­то­ри­­­дан муносиб ўрин эгал­лаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада биз­нинг дунё миқёсида рақобат-дош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қан­дай муболаға бўлмайди.

Айни шу мақсадда ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бе­во­сита таълим-тарбия соҳаси­га дахлдор бўлган 74 та фар­мони, қарор ва фармойиши қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.

Албатта, соҳа ривожига юксак эътибор натижаси бўл­ган бу ҳужжатларни ҳаётга самарали жорий қилиш, уларга бамисоли жон бахш этишда биз аввало сиз, азиз ўқитувчи ва мураббийларга, сизларнинг билим ва тажрибангиз, истеъ­дод ва маҳоратингизга суяна­миз.

Бугунги кунда биз замон талаби ва халқимизнинг хо­ҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида улкан ислоҳот­ларни амалга ошириш­га киришдик. Жумладан, уму­мий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик тизимга ўтиш, акаде­мик лицей ва касб-ҳунар коллеж­ларини оптималлаштириш, 5 та янги олий таълим муассасаси ва филиаллар ташкил этиш, 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очиш, мактаб­гача таълим муасса­салари тармоғини кенгайтириш, нодав­лат таълим хизмати кўрсатиш, педагог кадрлар ва халқ таъ­лими ходимларини тайёр­лаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича тат­биқ этилаётган, узоқни кўзла­ган ислоҳотларнинг моҳияти ва аҳамиятини сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар, албатта, ҳам­мадан кўра яхши тушунасиз.

Ана шу ишларимизнинг даво­ми сифатида шу кунларда Муҳаммад ал-Хоразмий номи­даги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб, Мирзо Улуғбек номи­даги ихтисослаштирилган дав­лат умумтаълим мактаб-интер­нати, «Астрономия ва аэро­нав­тика» боғи ташкил этилаётгани, ҳеч шубҳасиз, мамлакатимизда таълим сифатини жаҳон стан­дартлари даражасига кўтариш­га хизмат қилади.

Шунингдек, Тошкент шаҳ­рида Америка Қўшма Штат­лари­нинг нуфузли Вебстер университетининг филиали очилиши ҳам илм-фан ва таълим соҳасида илғор хори­жий тажриба ва инновация­ларни жорий этиш йўлида му­ҳим қадам бўлади.

Айни вақтда биз таълим-тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини мус­таҳ­камлаш, муаллимлар, про­фес­­­сор-ўқитувчилар малака­сини ошириш, хориждаги етакчи таълим марказлари билан илмий-педагогик ҳам­кор­ликни кучайтириш, ўқув-тарбия жараёнларига замо­навий таълим ва ахборот тех­нологияларини, янги ўқув методикаларини жорий этиш бўйича ҳали олдимизда кўплаб долзарб вазифалар турганини яхши англаймиз ва уларнинг ечими устида доимий иш олиб борамиз.

Муҳтарам дўстлар!

Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олди­мизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масала­ларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими ай­нан таълим-тарбия билан, ёш­ларнинг дунёқарашини замона­вий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакл­лантириш билан боғлиқ экани­га яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Жумладан, бутун инсоният­ни ташвишга солаётган тер­роризм ва экстремизм каби бало-қазоларни бартараф этиш­да фақат уларнинг оқи­бат­ларига қарши курашиш билан чекланмасдан, биринчи навбатда бу таҳдидларни келтириб чиқараётган сабаб­ларга қарши курашиш, ёшлар­ни эзгу инсоний идеаллар руҳида камол топтириш энг асосий вазифага айланмоқда.

Айнан ана шундай ёндашув Ўзбекистон томонидан нуфуз­ли халқаро саммитларда, хусу­сан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблея­сининг яқинда бўлиб ўтган 72-сессиясида алоҳида таъкид­лангани сизларга яхши маъ­лум, албатта.

Бу борада биз илгари сураётган «Жаҳолат ва зўра­вонликка қарши маърифат билан курашамиз» деган ғоя ва ташаббус халқаро майдонда катта эътибор ва қизиқиш уйғотмоқда ҳамда қўллаб-қувватланмоқда.

Ишончим комил, халқимиз зиёлиларининг илғор вакил­лари бўлган сиз, ҳурматли устоз ва мураббийлар мамла­ка­тимизда ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ёшлар ўрта­сида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жамиятимизда тинчлик ва ҳамжиҳат­ликни мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган ишларимизни сифат жиҳатидан янги бос­қичга кўтариш, ҳаётда ўзини оқлаган мактаб, оила ва ма­ҳал­ла ҳамкорлигига асос­ланган ижтимоий тизим самарасини оширишда фаол иштирок этиб, барчага ўрнак ва намуна бўласизлар.

Сиз, азизларнинг ана шу эзгу мақсадларга эришиш, инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбе­кистон давлатини барпо этиш, жонажон Ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратил­ган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатингизни муносиб қадр­лаш учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёрмиз.

Сизларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадон­ларин­гизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилайман. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устоз­лар!

 

Шавкат МИРЗИЁЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти



DB query error.
Please try later.