08.08.2017

БИЗГА ВАТАН ВА ХАЛҚ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ҚОДИР ЖУРНАЛИСТЛАР КЕРАК

Президент эътибори ва ишончи қувонтиради, масъулиятни оширади,

янги марраларга руҳлантиради

Бу учрашувни, тўғриси, ҳаяжон билан кутгандик, фаолиятимиз чуқур таҳлил этилиши, камчиликлар ва муаммолар тўғрисида фикр юритилиши, янги таклифлар, ташаббуслар илгари сурилишини ҳам билардик.

Аммо таҳлиллар бунчалик чуқур ва кенг қамровли бўлишини, ижод аҳли фаолияти ва ҳаётига оид масалалар ипидан-игнасигача ўрганилишини кутмагандик.

Бу учрашувнинг энг ҳайратланарли ва қувончли жиҳатларидан яна бири шундаки, агар «тила тилагингни», деб сўралганида ҳам, биз ўзимиз учун бунчалик кўп имтиёзларни сўраш хаёлимизга келмасди ёки журъат этишимиз қийин эди.

Узоқ йиллар молиявий муаммолар билан яшашга кўникиб қолган, баҳоли қудрат фаолият кўрсатиб келаётган ижодий ташкилотларни ҳам маънавий, ҳам моддий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича амалий ташаббуслар илгари сурилди. Мамлакатимизнинг иқтисоди бақувват корхоналари, банк ва компаниялар ижодий ташкилотларни оталиққа оладиган бўлди. Бу ташаббуснинг аввало икки ибратли томонини эътироф этиш лозим. Биринчидан, ижодий ташкилотларнинг оёқ-қўлини боғлаб турган молиявий муаммолари ҳал бўлади, уларнинг моддий-техник базаси, шароитлари яхшиланади, соғлом ижодий муҳит яратилади. Иккинчидан, бу ташаббус маънавий-маърифий тарбияга хизмат қилади, халқни руҳан бирлаштиради. Маънавият ва оммавий ахборот воситаларига жойлардаги катта-кичик раҳбарларнинг, жамоатчиликнинг муносабатини ўзгартиради. Буларнинг ҳаммаси жамиятда ижодкорларни қадрлашга, маънавиятни юксалтиришга, одамларнинг дунёқарашини ўзгартиришга, соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади.

Шунингдек, яна бир ҳақиқатни тан олишимизга тўғри келади. ­Президент маърузасида айтилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар, вазифалар билан ўзимизнинг бугунги фаолиятимизни қиёслаб, хулоса чиқарсак, ишимиздан кўнглимиз мутлақо тўлмайди, албатта.

Масалан, биз журналистлар учун яратилаётган имтиёзлар ва шароитларга эътибор қаратайлик. Аввало, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг фаолиятини такомиллаштириш ва моддий-техник базасини кучайтириш бўйича қарор лойиҳаси устида иш олиб борилаётгани айтилди.

Ушбу қарорда уюшманинг молиявий манбаларини яхшилаш, вилоят бўлимларининг моддий-техник базасини кучайтириш, уюшма ходимларининг меҳнат шароитларини яхшилаш каби муҳим масалалар ўз ­ифодасини топиши айтилди.

Уюшма ва унинг бўлимлари қандай аҳволда фаолият кўрсатиб келаётгани кўпчилигимизга яхши маълум. Демак, энг оғриқли масалаларимиздан бири ҳал бўлмоқда.

Олқишга сазовор янгиликлардан яна бири – «ижодий соҳада, жумладан оммавий ахборот воситаларини бугунги талаблар асосида янада ривожлантириш мақсадида солиқ ва мажбурий тўловлар бўйича белгиланган қўшимча имтиёз ва преференциялар муддатини яна 5 йилга узайтириш чора-тадбирлари» кўрилаётгани бўлди.

Нукус ва Тошкент шаҳарларида, барча вилоятлар марказларида имтиёзли кредит асосида «Ижодкорлар уйлари»ни барпо этиб, энг фаол ижодкорларга, шунингдек, ёш истеъдодларга квартиралар ажратилиши барчамизни бирдай қувонтирди. Бу ташаббус замирида ижодкорларни қўллаш, ижтимоий ҳимоя қилиш, ёш истеъдодларни асраб-авайлаб, қўллаб-қувватлаб вояга етказишдек улуғ ният­лар мужассам.

Яна бир оғир масалага ечим топиладиган бўлди. Маълумки, шу пайт­гача пенсия ёшидаги ижодкорлар энг кам иш ҳақининг 2 баробаридан кўп миқдорда қалам ҳақи олса, унинг пенсиясидан ярмини ушлаб қолишдек номаъқул, мантиқсиз тажрибага чек қўйиладиган бўлди. Бундай ғайритабиий ҳужжатни ишлаб чиқан молиячилар ижодкорнинг қалам ҳақини, яъни даромадини ҳисобга олишни билган, аммо мақола ёзиш учун кетадиган харажат – электр қуввати, қоғоз, қалам, компьютер ишлатишини ҳисобга олишга ақли етмаган. Буни тушунмаган одам мақола ёки асар ёзиш азобини қаердан билсин. Ижод қилиш учун уйқудан, ҳузур-ҳаловатдан воз кечиш, вақтни, асабни сарфлаш керак бўлади.

Масаланинг яна бир жиҳати шундаки, ижодкор дам олиш, роҳатланиш учун ёки бекорчиликдан ёзмайди. Нимадандир қувонса, фахрланса ёки қайғурса, оғринса, ташвишга тушса ёзади. Жамиятдаги камчиликларга жамоатчилик эътиборини қаратиш ёки давлат сиёсатини халққа етказиш учун ёзади. Ёшларга маърифат, зиё улашиш, одамларни инсофга, диёнатга чақириш учун ёзади. Ҳаётий тажрибага эга бўлган ижодкорларнинг бу борада айтадиган гапи асослироқ, таъсирлироқ бўлади.

Энди ўйлаб кўрайлик, «мен пенсиядаман, ҳеч нарса билан ишим йўқ», деб юрт тақдирига бефарқ қараган яхшими ёки она Ватани, халқини ўйлаб нимадир ёзган, яратган киши яхшими? Албатта, пенсияда бўлишига қарамай жамият манфаати учун жон койитган кишини қўллаймиз. Унда бундай кишиларни мукофотлаш ўрнига нега ёзгани учун жазолаяпмиз, деган савол пайдо бўлади. Энди бу саволга ўрин қолмади. Минглаб пенсиядаги ижодкорлар кўксига шамол тегадиган бўлди.

Учрашув чоғида Президентнинг қатор таклифларини иштирокчилар ўрнидан туриб олқишлашди. Чунки бу таклифлар тўпланиб қолган ўткир муаммоларни ҳал этишга қаратилган эди.

Шулардан бири Тошкент шаҳрида доимий яшаш учун рўйхатдан ўтиш масаласи эди. Қанчалаб истеъдодли ижодкорлар йиллаб ишлаб, рўйхатдан ўтолмай, уй-жой ололмай, қийналиб келаётган эди. Мамлакатимиз раҳбари мазкур муаммо ечими бўйича ҳам таклифларини билдирди.

Бундай эътибор ва ғамхўрликлардан ҳар бир ижодкорнинг кўнгли тоғдек кўтарилгани табиий, албатта.

Аммо ҳаммамизнинг кўнглимизда бир савол айланади: Юксак ҳурмат, ишонч ва меҳрга муносиб жавоб қайтариш учун нима қилмоқ керак? Бу саволга жавобни ҳар кимнинг ўзи топгани маъқул. Бугунги вазифалар аҳамиятини чуқур тушунган, ўз бурчини дилдан ҳис этган киши нима иш қилиши кераклигини англаб етади. Бош вазифа аниқ – жамиятимиз ҳаётида, мамлакатимиз тараққиётида ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлган адабиёт, санъат, маданиятни, оммавий ахборот воситалари ривожини бугунги давр талаб этаётган босқичга олиб чиқиш. Бунга эришиш учун маърузада янги-янги ташаббуслар илгари сурилди. Масалан, «Ўзбекконцерт» қошида «Ўзбекистон халқ артистлари» клубини ташкил этиш таклифи якдиллик билан қўллаб-қувватланди. Бундан мақсад — санъат оламида юз бераётган ижодий жараёнларни ўрганиб, муҳокама қилиб, хулоса чиқариб бориш, маданиятимиз ривожига хизмат қиладиган таклифларни ўрганиш, ёш истеъдодларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби вазифалар кўзда тутилган. Бу ибратли ташаббус.

Бизнинг соҳада «Ўзбекистон халқ журналисти» унвони йўқ. Шу боис «Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси» қошида «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналистлар мактаби»ни очиш мумкин. Ёки «Устоз журналистлар» клуби ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Президентимиз маърузасида кўтарилган масалалардан келиб чиқиб, фикрласак, бугун миллий журналистикамизни ривожлантириш бўйича ҳам янги ислоҳотларни ўтказиш лозимлигини англаймиз. Журналистика факультетларига қабул жараёнидан тортиб ўқитиш, амалиёт ўташ масалаларигача қайта кўриб чиқишни ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда. Ҳозир дунёда ахборотга эгалик қилиш учун кескин кураш бораётган, ахборот хуружлари авж олаётган, геосиёсий манфаатлар тўқнашуви кучайиб, сиё­сий ўйинларнинг янги-янги турлари пайдо бўлаётган бугунги нотинч шароитда бизга қандай журналистлар керак? Ватан ва халқ манфаатини ­доимо ҳимоя қилишга қодир журналистлар керак. Бугунги журналист ­сиёсат арбоби бўлмоғи лозим. Бунинг учун чуқур билим, юксак маҳорат, уйғоқ қалб, Ватанга чексиз муҳаббат керак.

Ўшанда мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга олиб чиқиш учун бораётган тарихий ислоҳотларда фаол иштирок этамиз. Ўшанда юксак ҳурмат ва эътиборга муносиб бўламиз, ўшанда Президент ишончини оқлаган бўламиз. 

 

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.