Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
05.12.2017

БИР КИШИ БИТТА ОВОЗГА ЭГА

тамойилига амал қилинади

Жорий йилнинг 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик тобора қизғин тус оляпти. Участка сайлов комиссиялари жойлашган бино ва овоз бериш хоналари зарурий жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди. Хусусан, ахборот стендлари, иш юритиш жилдлари, она ва бола хоналари ҳозирланган, овоз берувчилар учун қулайликлар яратилган.

1 декабрь куни Марказий сайлов комиссиясининг «Сайловчиларнинг ҳамда Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришнинг долзарб вазифалари, сайлов комиссиялари ишини самарали ташкил этишга йўналтирилган тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Унга кўра, жойларда тарғибот тадбирлари, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар тизимли равишда ўтказилиши режалаштирилган.

Пойтахтимиздаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети филиалида қарор асосидаги биринчи семинар ўтказилди. Унда университет раҳбарияти, сайлов округлари ҳамда участкалари раислари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирни Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов очди ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ долзарб вазифаларга тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, сайлов кампаниясининг барча тадбирлари белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ўтказилмоқда. Сайлов комиссиялари ўз фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, адолатлилик каби демократик тамойиллар асосида амалга оширмоқда.

— Бу йил ўтказиладиган сайловнинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат, деган савол туғилиши табиий. Аввало, бу сайлов пойтахтимиз туманларида янги бошқарув тизимини жорий қилади, — деди Мирзо-Улуғбек Абдусаломов. — Сайловни ўтказиш ҳар бир давлат учун энг муҳим сиёсий воқелик саналади. Чунки бу жараёнда фуқаролар давлат бошқарувида иштирок этиш ҳуқуқидан фойдаланади. Шунинг учун замон талабларига мос равишда шароитлар яратиш зарур.

Бу йилги сайловнинг яна бир ўзига хослиги шундаки, овоз бериш жараёнларида илғор элек­трон воситалардан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Марказий сайлов комиссиясининг ташаббуси билан Жанубий Корея Республикаси мутахассисларини жалб қилган ҳолда, Халқаро сайлов ташкилотлари ассоциациясининг Корея миллий қўмитаси билан биргаликда электрон воситалари ёрдамида овоз бериш ташкил этилади. Мазкур тизим уч босқичдан иборат бўлиб, дастлабкиси сайлов кунигача бўладиган тайёргарлик ишлари, яъни сайлов участкаларини ташкил қилиш ҳамда сайловчилар рўйхати билан ишлаш тизими тўлиқ электрон шаклга ўтказиляпти. Бу ишлар 2018 йилнинг апрель ойида тўлиқ якунланиши кўзда тутилган бўлиб, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган сайловда синов тариқасида қўллаб кўрмоқчимиз.

Электрон воситаларининг афзаллиги шундаки, унда бир киши битта овозга эга тамойилига тўла амал қилинади. «Оилавий овоз бериш»ларга чек қўйилади. (Юртимизда ўтказиладиган сайлов жараёнларини кузатувчи айрим халқаро экспертлар шу масалада эътироз билдириб келишади.) Бу тизим сайловларнинг очиқ-ошкоралиги, шаффофлигини таъминлайди. Сабаби, компьютер хотирасига овоз берувчининг таш­қи кўриниши, белгилари, ҳатто бармоқ излари ҳам киритилади. Ана шунда сайловда иштирок этганларнинг реал ҳисобини юритиш имкони ортади.

Семинарда, шунингдек, сайлов ўтказувчи барча турдаги сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш, сайлов жараёнида қонунийликни таъминлаш, очиқлик ва ошкораликка эришишда оммавий ахборот воситаларининг роли ҳақида мутахассисларнинг маърузалари тинг­ланди.

Тадбирнинг иккинчи қисми очиқ мунозара ва савол-жавоблар тарзида ўтди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: