17.06.2017

ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ ЙЎЛИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, инсон омилига устувор аҳамият қаратиш, аҳолининг барча қатламлари манфаатларини ҳимоялаш борасидаги эзгу интилишлари барча юртдошларимизни Ватан равнақи йўлида масъулиятни теран англаш, ижтимоий бурчни чуқур ҳис этишга чорламоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси бугун барчамиздан давр талаби ва руҳини теран англашни талаб этмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси бўйича Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси олдида турган вазифалар ҳақида «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик» мавзуидаги форумда атрофлича фикр юритилди

Симпозиумлар саройида ўтказилган форумга Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотларнинг мутасаддилари, касаба уюшмалари органлари вакиллари таклиф этилди.

Форум иштирокчилари Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда жамоатчилик назоратини олиб боришнинг замонавий шаклларини ривожлантириш, бу борада ижтимоий шерикликни кучайтириш орқали касаба уюшмаларининг жамиятдаги ўрни ва фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Қ.Рафиқов, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Абдуҳакимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ор­ганлари қўмитаси раиси А.Саидов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Шайхов ва бошқалар давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган Ҳаракатлар стратегиясининг улкан аҳамиятини алоҳида таъкидладилар.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қулай, хавфсиз иш шароитларини яратиш, аҳо­лининг барча қатламларини кучли ижтимоий ҳимоялаш масалаларига доимий эътибор қаратиб келинмоқда. Ёш оилалар учун имтиёзли кредитлар ажратиш, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, касаначиликни ривожлантириш, ёш авлодни соғлом ва баркамол инсонлар этиб воя­га етказиш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

— Фаолиятимизда ёшлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, — дейди Самарқанд вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Акбар Қодиров. — Вилоятнинг олис туманларига бориб, ёшларнинг орзу-интилишлари, уларни ўйлантираётган масалаларни атрофлича ўргандик. Бунинг натижасида кўплаб ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун имтиёзли кредитлар олиш, айримларнинг ота-онасини соғломлаштириш учун сиҳатгоҳларга йўлланма ажратиш, йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича бир қатор амалий кўмак кўрсатилди.

Форумда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда касаба уюшмалари олдида турган долзарб вазифалар белгиланиши билан бирга уларни амалга ошириш механизмлари ҳам муҳокама этилди.

Тадбирда Касаба уюшмалари федерациясининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда Кўмаклашиш дастури қабул қилинди.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов сўзга чиқди.

 

Н.УСМОНОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.