13.05.2017

ТИНЧЛИК, БАРҚАРОРЛИК ВА ХАВФСИЗЛИК – ИЗЧИЛ РИВОЖЛАНИШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ

Тошкентда 11-12 май кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Форумининг ўн иккинчи мажлиси бўлиб ўтди. Унда ШҲТга аъзо давлатлар — Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, шунингдек, кузатувчи мақомига эга давлатлар — Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон, Беларуснинг етакчи илмий-тадқиқот марказлари экспертлари, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси ва Котибияти, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг 2016 йил июнь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилган мажлиси якунларини кўриб чиқди ва муҳокама этди. Шанхай ҳамкорлик ташкилотини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, жумладан, ШҲТ давлат раҳбарларининг шу йил июнь ойида Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтадиган учрашуви ҳисобга олинган ҳолда минтақада хавфсизликни таъминлаш, ўзаро манфаатли инвестиция ва савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ШҲТни кенгайтириш истиқболлари бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Ўзбекистоннинг 2015-2016 йилларда ташкилотга раислиги даврида ШҲТ фаолиятининг самарадорлиги ва халқаро нуфузини ошириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилгани таъкидланди. Ўтган йилги саммитда имзоланган ҳужжатлар ташкилотнинг устувор йўналишлардаги фаолиятини янада мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга доир амалий вазифаларни ҳал этишга хизмат қилмоқда.

ШҲТ Форумининг XII мажлиси кун тартибига мувофиқ иштирокчилар ташкилотга Ҳиндистон ва Покистоннинг қўшилиши жараёнининг бошланиши 2016 йил июнь ойида Тошкентда ўтган юбилей саммитининг асосий якунига айланганини ва бу ҳеч шубҳасиз, ташкилотнинг янги марраларга кўтарилгани ва ўз фаолиятининг янги босқичини бошлаганидан далолат беришини таъкидлади. Тошкентда Ҳиндистон Республикаси ва Покистон Ислом Республикасининг мажбуриятлари тўғрисида имзоланган меморандумлар ШҲТни янада ривожлантириш истиқболларини белгилаб берди.

Мажлис доирасида бўлиб ўтган ялпи баҳс-мунозараларда томонлар ШҲТга аъзо давлатларнинг Афғонистон муаммосини ҳал этишга асосий ёндашувларини тасдиқлади. Ушбу ёндашувларнинг асосий моҳияти шундан иборатки, Афғонистондаги қарама-қаршиликни фақат сиёсий йўл билан, бир-бири билан курашаётган томонларнинг ўзаро келишувига эришиш ва мамлакатда тинчлик ўрнатиш жараёнига афғон халқини ҳам жалб этиш орқали ҳал этиш мумкин.

Мажлисда хавфсизликка рахна соладиган анъанавий ва ноанъанавий хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича келишилган саъй-ҳаракатларни кучайтириш, терроризм, сепаратизм, экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, халқаро ахборот хавфсизлигини мустаҳкамлашда ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлиги қайд этилди. Жамиятда, авваламбор, ёшлар ўртасида радикаллашувнинг авж олишига қарши курашиш, диний экстремизм, этник ва ирқий муросасизликнинг олдини олишга доир чораларни кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.

Иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш ташкилотнинг дастурий мақсад ва вазифаларига эришишнинг муҳим шартларидан биридир. Форум мажлиси қатнашчилари савдо ва инвестиция соҳаларида қулай шароитлар яратиш, транспорт ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим, маданият ва спорт соҳаларида ҳамкорлик салоҳиятини ошириш борасида минтақавий ҳамда минтақалараро қўшма лойиҳаларни амалга ошириш зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон вакиллари анжуман қатнашчилари учун 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тақдим этди. Мамлакатимизнинг иқтисодиётни янада эркинлаштириш, хорижий инвестицияларни жалб қилишдаги позицияси, шунингдек, пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Мазкур Ҳаракатлар стратегияси кенг ва очиқ муҳокамадан сўнг жамоатчилик, экспертлар, фуқаролик жамияти фаолларининг фикр ва таклифлари инобатга олинган ҳолда қабул қилингани таъкидланди. Халқнинг хоҳиш-иродасини таъминлайдиган, аҳолини стратегик муҳим қарорлар қабул қилиш жараёнига бевосита жалб қилиш имконини берадиган механизмлардан фойдаланиш асосида ишлаб чиқилган бу ҳужжат Ўзбекистон учун ноёб эканига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ушбу Стратегиянинг асосий мақсадлари ШҲТнинг хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш бўйича асосий йўналишлари, мақсад ва вазифаларига мос келиши қайд этилди. Ҳужжатда белгиланган мақсадларнинг ҳаётга босқичма-босқич татбиқ этилиши қўшни мамлакатлар билан муносабатларни янада уйғунлаштириш, Марказий Осиё минтақаси ва, умуман, ШҲТ маконида тинчлик, барқарорликни мустаҳкамлаш имконини беради.

«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастурининг асосий қоидаларига бағишланган тақдимотда аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бандлик масаласини ҳал этиш, соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш ва маҳалла ролини янада оширишга қаратилган кенг кўламли вазифаларни амалга ошириш режалаштирилаётгани таъкидланди.

Мажлис иштирокчилари тақдим этилган ахборотни ижобий баҳолади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак»лиги тўғрисидаги қатъий позицияси белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим омил эканини алоҳида таъкидлади.

ШҲТ Форуми мажлисининг иштирокчилари тинчликни сақлаш, ҳамкорликда ривожланиш ва тенг ҳуқуқли муносабатлар, халқаро ҳамжамият билан мулоқот ва алоқаларни кенгайтириш, минтақада ва, умуман, дунёда хавфсизлик, барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш учун саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарурлиги хусусида якдил фикр билдирди. ШҲТ маконида тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик асосида ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли алоқаларни давом эттириш, шунингдек, қабул қилинаётган қарорларни амалга ошириш самарадорлигини юксалтириш муҳимлиги қайд этилди.

Мажлисда «ШҲТ мамлакатлари: ҳамкорлик тенденциялари ва истиқболи», «Бугунги шароитда ШҲТни ривожлантириш», «ШҲТ: келажак учун цивилизациялараро альянснинг тимсоли», «ШҲТ: «Бир белбоғ, бир йўл»ни ташкил этиш учун муҳим майдон», «Афғонистондаги хавфсизлик: минтақавий ҳамкорлик учун имкониятлар ва таҳдидлар», «Афғонистондаги вазиятни бартараф этиш бўйича Ўзбекистоннинг ёндашувлари», «ШҲТга аъзо давлатлар инвестициявий жозибадорлигининг имкониятлари ва салоҳияти», «ШҲТнинг савдо-иқтисодий ҳамкорлиги: бугунги ҳолат, муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари», «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида транспорт салоҳиятини ривожлантиришдаги роли ва аҳамияти», «Туризм ШҲТ доирасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун асосий йўналиш» мавзуларида маърузалар тинг­ланди.

Делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон Республикасининг ШҲТ Форумига раислигини юқори баҳолади ва учрашувлар давомидаги меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдирди.

Форум Регламентига мувофиқ, 2017-2018 йилларда Форумга раислик Қозоғистон Республикасининг ШҲТ Миллий тадқиқот маркази мақомига эга Қозоғистон Республикаси Биринчи Президенти жамғармаси ҳузуридаги Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институтига ўтиши, ШҲТ Форумининг навбатдаги мажлиси 2018 йил Қозоғистонда томонларнинг ўзаро келишувига биноан белгиланган санада ташкил этилиши тўғрисида қарор қабул қилинди.

ШҲТ Форуми мажлиси якунлари бўйича тегишли протокол имзоланди.

 

Н.МАНЗУРОВА,

ЎзА мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: