18.04.2017

«ЎЗ АҚЛУ ЗАКОВАТИМИЗ, МЕҲНАТИМИЗ ТУФАЙЛИ ҲАЁТИМИЗ ЯХШИЛАНИБ БОРАДИ»

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифини барча самарқандликлар интиқлик билан кутган эди.

Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифини Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Шунингдек, бу ерда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси билан танишди. Биринчи Президентимиз мақбараси Ҳазрати Хизр масжиди билан уйғун бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлади. Зиёратчилар ва расмий делегациялар учун кенг шароит яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Давлатимиз раҳбарининг бу ерда Биринчи Президентимизнинг буюклиги, пок иймон-эътиқоди, сермазмун ҳаёти акс этиши, ушбу мажмуани юксак маънавият, илм-маърифат маскани бўлиши кераклиги тўғрисидаги фикрлари қалбларимизда ўзгача фахр ва ифтихор туйғуларини уй­ғотди.

Президентимиз Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданияти, умумбашарий цивилизация ривожига бебаҳо ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганишга ихтисослашган ­халқаро илмий-тадқиқот маркази қурилиши лойиҳаси билан танишар экан, унинг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратди. Бино деворларида буюк алломаларимизнинг маънавий қудрати ва салоҳияти намоён бўлиб туриши, бунинг учун ҳар бир хонани муайян аллома номи билан аташ ва шунга мувофиқ жиҳозлаш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида Самар­қанд вилоятида йирик лойиҳаларни амалга оширилиши халқимиз турмуш фаровонлигини янада юксалтириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Жаҳонда иқтисодий, ижтимоий-сиё­сий инқироз ҳали бери давом этмоқда. Бу жараён Ўзбекистонга ҳам таъсир этмай қолмайди, албатта. Инқирознинг бизга таъсирини камайтиришнинг бирдан-бир йўли мамлакатдаги барча мавжуд имкониятларни ишга солиб, қисқа фурсатда, биринчи навбатда, иқтисодий юксалиш чораларини кўришдир. Бу йўналишда, аввало, саноатнинг ривожланиши жуда муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам Самарқандда янги саноат корхоналарини ташкил этиш бўйича бир неч­та улкан лойиҳалар маъқулланди.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонни агросаноат маҳсулотларини фаол экспорт қилувчи мамлакатга айлантириш ва бу орқали бюджетга валюта тушумини кескин ошириш бўйича катта имконияти борлигига алоҳида урғу берди.

Президентимизнинг Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Қўшработ туманида юзлаб гектар майдонларда серҳосил, эрта мева берадиган Колифорния ёнғоғи ­боғларига биринчи кўчатлар экилди. Қўшработ ва бошқа туманларда балиқ, парранда, чорва маҳсулотлари, сабзавот, узум етиштириш учун имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича тегишли молия муассасаларига топшириқлар берилди.

Президентимизнинг вилоятларга ташрифлари мазмунини таҳлил қилсангиз, аксарият ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги режалар, муайян топшириқлар ягона бош мезонга қаратилганлигини яққол кўрасиз. У ҳам бўлса, инсон манфаатлари, бунда инсон манфаатлари аниқ объект сифатида намоён бўлади.

Кўрилаётган барча чора-тадбирлар, ҳар бир кишининг эҳтиёжини қондиришга қаратилган. Аҳолини иш билан таъминлаш, моддий-маънавий даражасини кўтариш, тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини яхшилаш.

Қўшни мамлакатлар билан алоқаларда кескин бурилиш ясаш, янада ривожлантириш, бу борада фойдаланилмай келаётган барча имкониятларни ишга солиш ҳам, ички интизом ва ижро масъулиятини мустаҳкамлаш ҳам, суд-ҳуқуқ идораларининг фаолиятини такомиллаштириш ҳам, деҳқонлар ихтиёридаги ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳам, ­Самарқанддай тарихий шаҳарда туризимни янада ривожлантириш ҳам, хуллас, барча-барча йўналишдаги ҳаракатларга инсон ва фақат инсон манфаати нуқтаи назаридан, янгича нигоҳ билан қаралмоқда. Давлат ва унинг барча идоралари халққа хизмат қилиши, унинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ишлаши зурурлиги, яна бир карра, Самарқандда ҳам таъкидланди.

Мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқ қабулхоналари халқ билан Президент ўртасидаги тўсиқларни бутунлай олиб ташлаб, давлат билан одамларни бир-бирига янада яқинлаштирди ва йиллар давомида кўз юмуб келинаётган мавжуд камчиликларни рўйи рост кўрсатиб берди.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз халқ дардини эшитмоқда. Хал­қимиз эътироф этаётганидай чинакамига халқ Президенти номига сазовор бўлмоқда.

Вилоятларга қилинаётган ташрифлардан мутахассисларнинг жойларда амалга оширилган таҳлилий ишлари орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ режалари шакллантириляпти. Худди шу йўсинда, Самар­қанд вилоятига қилинган ташрифда ҳам Президентимиз Жомбой, Булунғур, Қўшработ, Нуробод ва бошқа туманлар аҳолисини янги иш ўринлари билан таъминлашга, у жойлардаги ижтимоий ҳаётни яхшилашга қаратилган бир нечта мукаммал лойиҳаларни кўриб чиқиб, ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.

Муҳтарам Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг четдан келиб, ҳеч ким бизнинг муаммоларимизни ечиб бермайди. Ўз ақлу заковатимиз, меҳнатимиз туфайли ҳаётимиз яхшиланиб боради, — деган даъватларида бутун халқни ҳаракатга келтирувчи қудратли куч бор.

Дунё бозорида юртимизда етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига талаб юқори эканлигини эътиборга олган ҳолда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлашга, тоғолди ҳудудларида ёнғоқзорлар, токзорлар барпо этиш, чорва боқишни ташкил қилиш, балиқчиликни кўпайтиришга қаратилган қатор лойиҳалар тақдимоти вилоятимизда ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар кўплигини кўрсатди.

Мазкур лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида вилоятимизда минглаб янги иш ўринлари яратилади. Президентимиз таъкидлаганидек, инсонни иш билан таъминланиши унинг оиласи фаровон бўлишига, эртасига, давлатга ишончи ошишига асос бўлади.

Президентимиз ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида трамвай транспорт ҳаракатининг йўлга қўйилиши шаҳар аҳолиси кутаётган воқеалардан бири бўлди. Шунингдек, шаҳарнинг Амир ­Темур кўчасида сайёҳлик меҳмонхона комплекси, Самарқанд эшкак эшиш канали бўйида қишки дам олиш маскани барпо этилиши, ҳайвонот боғи ташкил этиш каби лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳам вилоятимиз ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Кейинги 4-5 ой ичида хусусий тадбиркорликка берилаётган имкониятлар шу қадар кенгайдики, илгари тадбиркор банк муассасаси эшиги олдида кунлаб ўтирган бўлса, энди банк ходимлари уйма-уй юриб, аҳолига хизматларини таклиф қилмоқда.

Зиёлилар тили билан айтганда, мамлакатимизда шиддатли иқтисодий-маърифатпарварлик даври бошланди.

Давлатимиз раҳбари икки йил тан­қидий таҳлил асосида ишлаймиз, томошабин ва хиёнатчини бу жараёндан четлатамиз, — деганида, белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда қатьий кураш бўлади, деб тушундим.

Президентимиз Самарқанддан яхши кайфият билан қайтди, деган умиддаман. Самарқандликлар ушбу ислоҳотлар, ташаббуслар, улкан истиқболли режалардан руҳланиб, ўз ишларига шиддат билан ёндашишига имоним комил.

 

Рустам ХОЛМУРОДОВ,

Самарқанд давлат университети ректори,

техника фанлари доктори, профессор.



DB query error.
Please try later.