Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
04.04.2017

ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИ ХАЛҚ УЧУН ХИЗМАТ ҚИЛМОҚДА

Бунинг ёрқин мисолини одамлар Фарғона вилоятида ўтган сайёр қабуллар пайтида ҳам ўз кўзлари билан кўришди

Ўзбекистонда иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар янги босқичга олиб чиқилаётгани, очиқлик ва ошкоралик йўлидаги дадил одимлар хорижий давлатлар раҳбарлари ва сиёсатчилари эътиборини ҳам тортмоқда, уларнинг самимий эътирофига сазовор бўлмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари уларда катта қизиқиш уйғотмоқда. ТАСС Ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусман «Мен дунёнинг беш қитъасида жойлашган 64 та мамлакатда бўлиб, уларнинг давлат раҳбарларидан интервью олганман. Тайёргарлик вақтида мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий тизимини ўрганганман. Лекин уларнинг ҳеч бирида Ўзбекистондаги каби фуқаро давлат раҳбарига, унинг жойлардаги ваколатли вакиллари орқали бевосита мурожаат қилиш, таклиф киритиш ва тезкор жавоб олиш тизимини учратмаганман», деган эди. Дарҳақиқат, қисқа вақт ичида Халқ қабулхоналари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолди. Ўзбекистонда қарор топаётган демократик тамо­йиллар тажрибасига эса ривожланган давлатларда ҳам қизиқиш ортиб бораяпти.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худойбергенов бир гуруҳ мутасадди раҳбарлар билан бирга Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида сайёр қабуллар ўтказди. Фуқаролар ўзларини қийнаётган ­муаммолар юзасидан мурожаат қилиб, тегишли соҳа раҳбарларидан жавоб олишди. Аҳоли билан мулоқотларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Улуғбек Суннатов, Ички ишлар вазирининг ўринбосари ­Алишер Мирзаев, Олий Суд раисининг ўринбосари Файзулла ­Абдуазизов, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Саид­мурод Саидалиев ва бошқа мутасадди раҳбарлар иштирок этди.

Фарғона вилоятидаги қабулларда кўплаб мурожаатар тингланиб, уларни ҳал қилиш чоралари белгиланди. Сўх туманидан Садриддин Хаитов қишлоқдаги трансформаторни янгилаб беришни сўради. Вилоят электр тармоқлари идорасига Тошкентдан олиб келингунга қадар захирадаги трансформатордан олишга рухсат берилди ва уни ўрнатиб ишга туширишга бир кун муҳлат тайинланди.

Фарғона туманидан Санобар ­Холматова «Қувасойцемент» АЖдан асоссиз равишда ишдан бўшатилганини айтиб, қайта тиклаш масаласини қўйди. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро суди шу ерда унинг аризасини олди ва тез кунда кўриб чиқадиган бўлди.

Ширмоной Темирова эса суд департаменти ходимларидан у олиши лозим бўлган алимент ундириб берилмаётганидан шикоят қилди. Мурожаат республика суд департаменти раҳбарининг шахсий назоратига олинди. Айбдорларга чора кўрилиши айтилди.

Муҳаммад Хаитов ҳарбий хизматчи бўлиш орзусида эканини, лекин бўйи талаб меъёрида эмаслиги учун қабул қилишмаётгани масаласида ёрдам сўради. Тиббиёт коллежини тугаллаган йигитчага ҳарбий тиббий бирлашмада ишлаш таклифи айтилди. У рози бўлди.

Сайёр қабуллар чоғида бирон-бир мурожаат эътибордан четда қолмади. Шоира Матмусаева оиласи катталиги учун уй-жой сўради. Унга дастлабки тўлови 11 миллион сўм бўлган, 20 йиллик имтиёзли кредит эвазига бериладиган арзон уйлардан бири ажратилди.

Айни чоғда Россияда ишлаётган Муҳаммад Норалиев электрон мактуб орқали мерос бўлиниши масаласида оилавий можарони ҳал этишда ёрдам сўраган эди. Фуқаролик суди бу масалани кўриб чиқадиган бўлди.

Қабул чоғида мурожаатлар асосида бир гуруҳ ногиронларга эшитиш қурилмалари, аравачалар берилди.

«Қува тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари номидан гапиряпман, февраль ойи иш ҳақини ҳалигача ололмадик», деган телефон орқали мурожаат ҳам бўлди. Зудлик билан ўтказилган текшириш чоғида бундай исм-фамилияли одам йўқлиги аниқланди, февраль ойи учун иш хақи эса тўлиқ тўлангани маълум бўлди.

Бундай мурожаатлар ё хусуматдан, эҳтимол, ақлан носоғлом одамлар томонидан берилиши мумкин.

Н. исмли аёл бевалиги, икки нафар вояга етмаган қизи борлиги, уларнинг кичиги касб-ҳунар коллежининг битирувчиси эканини айтиб, моддий ёрдам сўради. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси бу оилага илгари ҳам ёрдам берилгани, оила қарамоғида саккиз сотих томорқа бўлиб, ундан мутлақо фойдаланилмаётгани, оилавий тадбиркорликка шароит яратиб берилса-да, уч кишидан биронтаси ҳам изланиб, интилмаётганини, боқимандалик кайфиятида эканини айтди. Шундай бўлса-да, вилоят ҳокимлиги тавсияси билан корхоналардан бири бу оилани ўз оталиғига олди ҳамда касаначилик асосида касбга ўргатишга келишилди.

Мурожаатларда ҳаёт акс этади. Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхоналарига шу кунгача ўн мингдан зиёд мурожаат бўлган. Бу нимани кўрсатади?

Биринчидан, кундалик ҳаётда қуйидаги мансабдорларнинг масъулиятсизлиги туфайли ҳал этилмаётган муаммолар йиғилиб қолганини билдиради.

Иккинчидан, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ўсиб бораётганини кўрсатади.

Учинчидан, балки бу энг муҳимидир, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошмоқда, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллигига кенгроқ йўл берилаётир.

— Яқин-яқингача ҳам Давлат маслаҳатчиси даражасидаги раҳбар шаҳар ва туманларда кунлаб юриб, аҳолининг мурожаатларини шахсан тинглаб, ҳал этиш чораларини кўряпти, дейилса, ҳеч ким ишонмаган бўларди, — дейди вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси ­Топиболди Холдоров. — Мамлакатимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ учун хизмат қилади, деган эзгу ғоя асосида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхоналарининг бугунги ­фаолияти ана шу инсонпарвар мақсаднинг ҳаётий ижросидан дарак бериб турибди.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: