Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2017   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 31 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
01.04.2017

ИНСОН ҚАДРИ БАЛАНД, ШАЪНИ МУҚАДДАС

Халқ қабулхонасидан репортаж

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонасида рўйхатдан ўтиб, кутиш залига кирар эканмиз, бу ердаги тартиб ва хизматчиларнинг алоҳида эътиборидан кўнглимиз ёришди. Чунки ҳар қандай одамга у каттами, кичикми энг аввало, оддий инсоний муносабат керак.

Бу ерга келган инсонлар билан саломлашиб, атрофга разм соламан.

— Ташвиш қилманг, ўғлим, мутасаддиларнинг айтишича, кўп кутилмас экан. Нима масалада келганингизга қараб мутахассисларнинг ўзлари чақиришади. Мен қабулхонага миннатдорчилик билдиргани келдим.

 Кўринишидан саксонни қоралаган отахон билан суҳбатимиз дарров қовушди.

— Президентимиз омон бўлсин. Халқ қабулхонаси қанчадан-қанча сарсонгарчиликларга чек қўйди. Айрим раҳбарларнинг тўрачилик кайфиятига барҳам берилди.

Халқ қабулхонасидаги жиҳозлар, турли масалалар бўйича ҳуқуқий кўрсатмалар, ариза ёзиш учун намуналар, ёзув анжомлари... барида бир тартиб мужассам.

Наманган шаҳри, Қўқумбой кўчаси, 7-уй. Бу Ўзбекис­тон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси жойлашган манзил. Қарийб уч ойдирки, бу бино эртадан кечгача халқ хизматида.

Бизга тақдим этилган маълумотга кўра, шу кунгача 400 га яқин жисмоний ва юридик шахснинг ёзма ва оғзаки мурожаатлари рўйхатга олинган. 110 яқин мурожаатларнинг 30 таси ўз ўрнида ҳал этилиб, тегишли тартибда назоратдан чиқарилган. Бир қатор фуқароларга мурожаат қилиш тартиби юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилган.

Масаланинг яна бир эътиборли жиҳати шуки, вилоят марказидаги мазкур муассаса шаҳар ва туманларда жойлашган Халқ қабулхоналари фаолиятига амалий-услубий кўмаклашиш, мурожаатларни назорат ва таҳлил қилиш ҳамда мувофиқлаштиришни тўғри ташкил этиш ишларига ҳам масъул ҳисобланади.

— Халқ қабулхонаси одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш билан бирга уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, қонунлар билан белгиланган ҳуқуқ ва бурчларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришда ўзига хос марказ вазифасини ўтаяпти, — дейди ­Ўз­бекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири Собитхон ­Турғунов.

— Олиб борилаётган ўзаро мулоқотлар, тушунтиришлар айни вақтда мутасадди раҳбарлар масъулиятини оширишга ҳам хизмат қилаяпти. Бундан ташқари, Халқ қабулхонасига Президентимиз қарор ва фармонларининг жойлардаги ижросини ўрганиш ваколати ҳам берилганки, бу қабулхона фаолиятида ўта муҳим ўрин тутмоқда.

Аксарият мурожаат этувчилар уй-жой, моддий ёрдам, иш билан таъминлаш, пенсия ва нафақа таъминоти, тиббий хизмат ва бошқа ижтимоий соҳаларга тааллуқли масалалар билан келишмоқда. Шунингдек, ички ишлар идораларининг тергов-суриштирув ишлари натижасидан норозилар ҳам мавжуд. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, мурожаатларда келтирилган ҳолатларнинг салмоқли қисми мутасаддиларнинг эътиборсизлиги, лоқайдлиги ёки масъулиятсизлиги оқибатида юзага келган, яъни ўз жойида ва ўз вақтида барҳам бериш ҳал этиш мумкин бўлган муаммолардан иборат.

Фуқаро Т.Исамитдинова Халқ қабулхонасига Наманган шаҳридаги «Navbahor Lochinlari Pfk» масъулияти чекланган жамияти томонидан олти ойдан бери 940 минг сўм якуний ҳисоб-китоб пуллари берилмаётганлиги юзасидан мурожаат қилганди. Мазкур ҳолат зудлик билан ўрганиб чиқилиб, асосли экани аниқланди ва шикоят тақдим этилган куннинг ўзида ижобий ҳал этилди.

Наманган шаҳридан ишга жойлаштириш масаласида Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ариза билан мурожаат этган фуқаро М.Камалова, 57-мактабгача таълим муассасасидан асоссиз ишдан бўшатилган ­Р.Саиднўъмоноваларнинг мурожаатлари жойида ўрганилиб, ўша куннинг ўзида бири ишга жойлаштирилди ва иккинчиси аввалги иш жойига тикланди.

Фуқаро М.Абдуллаеванинг жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг раиси қабули масаласидаги мурожаати белгиланган қонуний тартибларга мувофиқ ўрганилиб, унинг талаби бўйича Халқ қабулхонасида суд раиси А.Раҳмонов қабули ташкил этилди.

— Президентнинг Халқ қабулхонасига мурожаат этишим билан ярим йилдан бери поймол қилиб келинаётган ҳақ-ҳуқуқим бир кунда тикланди, — дейди Т.Исамитдинова. — Бу менинг эртанги кунга бўлган ишончимни оширди. Бугун барча раҳбарлардан халқ дарди билан яшашни, ишлашни талаб қилаётган Президентимиздан ғоятда миннатдорман.

— Ногиронлар аравачасига эҳтиёжим борлиги ҳақида Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдим, — дейди Уйчи туманида истиқомат қи­лувчи 1-гуруҳ ногирони Т.Ўразалиев. — Шифохонада даволанаётган эдим. Менга Президентимизнинг эътибори туфайли ногиронлар аравачасини топширишди. Нуронийлар, ногиронлар, меҳр-эътибор талаб инсонларга ғамхўр­лик кўрсатаётган Президентимизга узоқ умр тилайман.

Халқ қабулхоналарининг асосий вазифаларидан бири фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Вазирлар Маҳкамасига, давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, назорат, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ҳамда бош­қа давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қи­лишга оид конс­титуциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароит яратишдан иборат эканлиги бугун жойларда одамларга тушунтирилмоқда. Ҳудудлардаги Халқ қабулхоналари манзили, телефон рақамлари ҳамда ­фаолиятига доир барча маълумотлар акс эттирилган тар­қатма материаллар хонадонларга етказилмоқда.

Давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатларини яқинлаштириш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этиш мақсадида яратилган бу тизим халқ билан мулоқот қилиш имкониятларини кенгайтирмоқда, одамларни ҳаётдан рози қилмоқда.

 

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

 

Суратларда: Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонасидан лавҳалар.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: