18.03.2017

ЎЗБЕКИСТОН ВА ҚОЗОҒИСТОН – МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ ЛОКОМОТИВЛАРИ

Хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 22-23 март кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистон Республикасида бўлади. Давлатимиз раҳбарининг ҳисоб бўйича иккинчи хорижий ташрифи ҳам қўшни мамлакатга амалга оширилаётгани Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан яқин қўшничилик муносабатларига устувор аҳамият қара­тилиши белгиланган Ташқи сиёсий фаолият концепциясига ҳамоҳанг­дир. Бу ҳақда мамтакатимиз етакчиси ўзининг сайловолди кампанияси чоғида бир неча бор айтиб ўтган эди.

Маълумки, Қозоғистон Республика­мизнинг муҳим стратегик шериги саналади. Марказий Осиёнинг иккала йирик давлати ўртасидаги ҳамкорлик халқларнинг тарихий-маданий яқинлиги, ўзаро манфаатлар асосида изчил ри­вожланаётган кўп томонлама алоқалар асосига қурилган.

Ўзбекистоннинг ҳақиқий дўсти си­фатида Қозоғистон раҳбари мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ҳаётдан бевақт кўз юмган чоғда ўзбек халқининг қайғусига шерик бўлди. 2016 йил 12 сентябрь куни Самарқандда Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирар экан, Президент Нурсултон Назарбоев унинг вафоти бутун минтақа, жумладан, Қозоғистон халқи учун ҳам катта йўқотиш бўлганини алоҳида таъкидлади.

Икки давлат раҳбарлари ўртасидаги хайрли анъаналарни давом эттирган ҳолда, Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев бир неча бор телефон орқали мулоқотда бўлишди, турли муҳим саналар муносабати билан ўзаро табриклар алмашишди. Бундай суҳбатлар чоғида томонлар Ўзбекистон — Қозоғистон алоқа­ларининг барча жабҳаларида конструктив, ишончли мулоқотни давом эттиришдан бирдек манфаатдор эканликларини изҳор этдилар.

Давлатларимиз ўртасидаги    муносабатларнинг турли хусу­сият­ларига эга бўлган 182 та ҳужжатдан иборат шартнома ҳуқуқий базанинг шаклланиши мустаҳкам ҳамкорлик ва изчил меҳнатлар натижаларидан бири бўлди. Айни пайтда, 1998 йил 31 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома ҳамда 2013 йил 14 июнда имзо­ланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномада икки томонлама алоқаларнинг асосий тамойиллари ўз аксини топган.

БМТ, ШҲТ, МДҲ, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ҳамда бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ўзаро ҳамфикрлик ва доимий мулоқотлар минтақанинг муҳим муаммо­ларини муҳокама қилиш, уларни бар­тараф этишда умумий ёнда­шув­ни ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳамкорликнинг турли соҳа­ла­ридаги мавжуд сало­ҳиятдан самарали фойдаланиш имконини бермоқда.

Айни шу ўринда Ўзбекистон Қозоғистонни 2017-2018 йил­ларда БМТ Хавфсизлик кенгаши­нинг муваққат аъзоси этиб сайланишини қўллаб-қувватлаганини таъкидлаш лозим. Дўст давлатнинг муваффақиятли сайланиши муносабати билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев табрик мактуби йўл­лади ва унда жумладан, шундай дейилади: «Биз Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий бўлган устувор масалаларни БМТнинг Хавфсизлик кенгашидек ваколатли органи доирасида муҳокама қилиш бўйича Қозоғис­тон томонидан қабул қилинган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз».

Ўзбекистон ва Қозоғистон­нинг ШҲТ кун тартиби­даги муҳим масалалар бўйича ёндашувлари бир-бирига яқин ёки ўзаро уйғундир. Таъкидлаш муҳимки, Тошкент Остонанинг ушбу мин­тақавий тузилмага раислиги­даги фаолиятини ва Қозоғистон пой­тахтида 2017 йилнинг июнь ойига мўлжалланган саммитнинг муваф­фақиятли ўтказилишига тайёргарликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.

Мамлакатимиз Қозоғистон билан МДҲ доирасидаги ҳамкор­ликка муҳим аҳамият қаратади. Маълумки, Ҳамдўстликнинг Ташқи ишлар вазирлари кенгаши­нинг навбатдаги мажли­си шу йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтади. Ўзбекис­тон томони, ҳеч шубҳасиз, яқин қўшниси ва ҳамкорининг қўллаб-қувватловини ҳис этиб туради.

Шу билан бир қаторда, яқин қўшничилик сиёсати ва икки давлат ўртасидаги ҳурмат — савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини шакллантириш, сўнгги ярим йил давомида турли даражаларда бўлиб ўтган учрашувлар эса ушбу соҳадаги муносабатларни фаол­лаштириш имконини берди. Жумладан, Бош вазирнинг бирин­чи ўринбосари Асқар Мамин раҳбарлигидаги Қозоғис­тон ҳукумат делегациясининг 2016 йил 20-22 сентябрь кун­лари Тошкентга ташрифи якун­ларига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгай­тиришнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги протокол имзолан­ди. Мазкур ҳужжат икки мамлакатнинг фойдаланил­маёт­ган мавжуд улкан салоҳия­тини амал­га оширишга қўшимча туртки бўлди.

Ўзбекистон делегациясининг ўтган йил октябрь ойида Қозоғистонга амалга оширган жавоб ташрифи чоғида ушбу мамлакат ҳудудида нефть ва нефть маҳсулотлари, кимё ҳамда нефт-кимё, енгил саноат ва фармацевтика корхоналарига маҳсулотлар, мамлакат халқига озиқ-овқат моллари етказиб берувчи савдо уйларини барпо этиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг имзоланиши ривожланиб келаёт­ган мулоқотнинг давоми бўлди.

Мамлакатларимиз бизнес жамоатчилиги Қозоғистон ва Ўзбекистонда ўтказиладиган йирик халқаро тадбирларда мунтазам қатнашиб келишади. 2016 йил октябрь ойида Тош­кент­да бўлиб ўтган X Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида ҳам Қизилўрда ва Ақтобе вилоятлари вакиллари иштирок этишди. Икки давлат делегациялари чегараолди ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорлик­нинг муҳим жиҳатларини атроф­лича ўргандилар ҳамда агроса­ноат мажмуасида, автомобилсоз­лик, тоғ-кон тармоғи, қурилиш материаллари ва электр меха­ника­сига оид маҳсулотларни ишлаб чиқариш борасида бир­галикда фаолият юритишнинг йўналишларини белгилаб олди­лар.

Ўзбекистон шу йилнинг 10 июнидан 10 августига қадар Марказий Осиёда илк бор Остона шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО—2017» ихтисослаш­тирилган халқаро кўргазмасида иштирок этади. Кўргазма май­донида Ўзбекистон­нинг миллий павильонини жой­лаштириш учун 600 квадрат метрдан зиёд жой ажратилган.

Давлатларимизнинг минтақа­лар­аро алоқаларни ўрна­тиш механизмларини йўлга қўйиш тарафдори эканлиги ўтган йил 22-23 декабрь кунлари Тошкент шаҳар ҳокими раҳбар­ли­гидаги Ўзбекистон делега­циясининг Олмаотага ташрифи чоғида ҳам намоён бўлди. Сафар дастури ҳам шаҳар маъмурияти, компа­ниялар ва банклар вакил­ла­ри билан учрашувлар ва музокара­ларга бой, мазмунли бўлди. 2017 йил январь ойида Қизилўрда вилояти ҳокими Кримбек Кушербаев раҳбарлиги­даги делегация мамлакатимиз­нинг Навоий вилоятига келди. Сафар чоғида Қозоғистон вакил­лари ви­лоятдаги «Айтеке Би» ва «Чашма» меъморий мажмуалари ва йирик корхоналарида бўлиш­ди, «Навоий» эркин индус­триал-иқтисодий зонасида самарали учрашувлар ўтказиш­ди.

Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия фаолияти савдо-иқтисодий муносабатларнинг ривожига бе­во­сита ўзининг муносиб ҳисса­сини қўшмоқда. Комиссия­нинг жорий йил 23 февраль куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган учрашуви якунларига кўра турли йўналишлардаги муносабатларни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди, хусусан, томонлар «GM Uzbekistan» компанияси автомобилларини Қозоғистон­даги Аллюр компаниялар гуруҳи ишлаб чиқариш негизида йиғи­ли­шини йўлга қўйишга келиш­дилар.

Таъкидлаш жоизки, давлат­лари­миз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни ривож-лан­тириш борасидаги улкан хизматлари, темир йўл тран­с­порти соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси, минтақалараро лойиҳа­ларни амалга оширишдаги фаол иштироки учун А.Мамин Ўзбекис­тон Президентининг 2017 йил 7 февралдаги фармонига асосан «Дўстлик» ордени билан тақдир­ланди.

Иккала стратегик шерик давлатнинг муносабатларида маданий-гуманитар алоқалар алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қиладиган юз минглаб қозоқ миллатига мансуб аҳоли халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабат­лар­нинг давомийлигида бево­сита муҳим ўрин тутади. Улар­нинг ўз қадрият ва анъана­лари ҳамда ўзига хослигини ривож­лан­тириш мақсадида қозоқ маданият марказлари, театр­лари, фольклор ва эстрада гуруҳлари фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида ушбу миллат ёзувчи ва публицистларининг 50 дан зиёд китоблари чоп этилди. Шу ўринда мамлакати­мизда қозоқ тилида республика аҳамиятига молик бўлган «Нурлы жол» газетаси нашр этиб кели­нишини қайд этиш лозимдир.

Ўзбекистоннинг 386 та макта­бида қозоқ тили ўқитилади, улардан 164 тасида таълим қозоқ тилида юритилади. Шу билан бирга, Қорақалпоғистон давлат университети ва Ўзбекис­тоннинг бошқа қатор олий ўқув юртларида қозоқ тили ва адабиё­ти кафедралари ташкил этилган, таълим ана шу тилда олиб борилади.

Қозоғистон халқлари ассам­б­лея­си делегациясининг Ўзбе­кис­­тон­га 2017 йил февраль ойидаги илк ташрифи икки томонлама маданий-гуманитар алоқалар чуқурлашиб бораёт­ганининг яққол тасдиғи бўлди. Ташриф чоғида Республика байналмилал маданият маркази, ўзбек илмий-академик доира­лари ва Тошкент­да истиқо­мат қилувчи қозоқ миллатига мансуб аҳоли билан учрашувлар бўлиб ўтди. Меҳмон­лар кўпмиллатли мамлакатимиз халқининг жипс­ли­гини намоён қилган самимият муҳитидан баҳ­ра олдилар.

Ушбу мулоҳазалардан шундай хулоса келиб чиқадики, Ўзбекис­тон Президентининг Қозоғистон­га ташрифи бугунги кунда икки давлат етакчилари ўртасида ҳам, бизнес ҳамжамияти ва халқлари ўртасида ҳам амал қилаётган конструктив ва очиқ мулоқотнинг мантиқий давоми бўлади. Остона шаҳридаги учрашувлар ва эри­шилган келишувлар ҳамкор­лик салоҳиятининг янги уфқлари очилиши ва улардан янада сама­рали фойдаланилишига хизмат қилади.

 

Г.НУРЖАНОВА тайёрлади,

«Жаҳон» АА.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: