06.01.2021

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТИ

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Қорақалпоғистон халқ шоири:

— Ҳар йили давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаати кириб келган янги йилнинг кенг кўламли режаларини белгилаб бериш билан халқимизга куч-қудрат бағишлайди, келажагимизга бўлган ишончни мустаҳкамлайди.

Мурожаатни тинглар эканман, янгиланаётган Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, шаҳар ва қишлоқлардаги ободлик, ҳар бир оиланинг бахт-иқболи, ёш авлоднинг ғайрат-шижоати, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилаётган бетакрор ютуқлар ва жаҳон ҳамжамиятининг Ўзбекистон ютуқлари тўғрисидаги эътирофи кўнглимдан ўтди. Орзу-мақсадлар улғайгандек, янги ниятлар, янги режалар кириб келаётган янги 2021 йилга катта маъно-мазмун бағишлагандек бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг янги йил арафасида мамлакатимиз Ёшлар форумида сўзлаган нутқи, айниқса, ёшлар юртимизнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинаси эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтгани ҳаммамизга қувонч бағишлайди, қалбимизда вояга етаётган фарзандларимиздан ғурурланиш туйғуси жўш уради.

Ёшлар анжуманидаги нутқ ва халқимизга йўлланган Мурожаатнома юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси, унда ёш авлоднинг куч-ғайрат ва азму шижоати, юртимиз равнақида йўлчи юлдуздек бўлиб, нур сочиб турганлигини англатади.

Мурожаатнома ўтган бир йилнинг сарҳисоби ҳам бўлиб, инсониятнинг коронавирус пандемиясидек глобал офатга сабр-матонат билан жавоб берганлиги, юртимизда Президентимиз раҳнамолигида бундай офатни енгиш учун олиб борилган режали дастурлар халқ саломатлиги учун кўрсатилган меҳр ва эътиборнинг ёрқин намоёни бўлди.

«Халқимизнинг букилмас иродаси, фидокорона меҳнати ва матонати, аҳоли ва давлат органларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли мавжуд қийинчиликларни мардона енгиб ўтмоқдамиз,» деди давлатимиз раҳбари Мурожаатномада.

Шу ўринда, Қорақалпоғистонда ҳам халқимизнинг бирдамлиги, қийинчиликларни мардона енгиб ўтишдаги ҳамкорлик, дўстлик, биродарлик, сабр ва ирода каби қадриятларнинг улуғворлигини ҳис қилдик. Албатта, қийинчиликлар ўртага чиқди. Айниқса, пандемиянинг илк кунлариданоқ нафақат кам таъминланган оилалар, балки кўплаб фуқароларимиз даромадини йўқотиб, ишсиз қолганлиги янада жипслашиб бу қийинчиликларни енгишга ундади.

Кўп хайрли ишлар амалга оширилди. Айниқса, “темир дафтарга” киритилган эҳтиёжманд аҳоли, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш борасида режали ишлар олиб борилди. Кўрилган чора-тадбирлар туфайли 30 мингга яқин ишсиз фуқаролар доимий иш билан таъминланди. 2 минг нафарга яқин фуқаро меҳнат бозоридаги талабни ўрганиб, турли касбларга ўқитилди. Кўпчилик ишсизларга ишсизлик нафақаси берилди.

Бугунги кунда юртимизда ҳаёт ўз изига тушиб, иқтисодиётимиз ҳам барқарор ривожланиш босқичига ўтганлигини кўрмоқдамиз.

Мурожаатнома ва Ёшлар форумидаги нутқда Президентимиз қадим буюк аждодларимизнинг ҳикматларини тилга олиб ўтгани кўпчиликнинг эътиборини тортди.

«Буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмийнинг «Сўз – гул, иш – мева», деган ҳикматли сўзлари бор. Ўйлайманки, бугун белгилаб оладиган режаларингиз қанчалик пишиқ-пухта бўлса, ишингиз ҳам шунчалик яхши самара беради», деди давлатимиз раҳбари ёшларга мурожаат қилиб.

Сизлар кўп китоб ўқиган, билимли авлод вакиллари сифатида юртимиз ўтмишда жаҳон цивилизацияси бешикларидан бири бўлганини яхши биласиз.

Сиз – Хоразмийлар, Фарғонийлар, Беруний ва Ибн Синолар, Улуғбек, Навоий ва Бобурлар, Бухорийлар ва Термизийлар авлодисиз».

Давлатимиз раҳбарининг ёшларга билдирган бундай ишончи, меҳр ва эътибори қорақалпоғистонлик ёшларни ҳам катта марраларга руҳлантирмоқда.

Айниқса, ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этишда маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишни ошириш соҳаларида олиб борилаётган тадбирларни мисол қилиб кўрсатсак бўлади.

Ўтган йилнинг бошида Нукус шаҳри, Мўйноқ, Бўзатов, Тахтакўпир, Амударё, Беруний, Элликқалъа ва Тўрткўл туманларида ёшлар билан оммавий сай­ёр қабуллар ва учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Ёшларнинг мурожаат ва таклифларидан келиб чиқиб, жами 100 дан ортиқ маданий-маърифий ва спорт тадбирлари ўтказилиб, уларда 20 мингга яқин ёшлар қатнашди.

Айниқса, ёшларнинг соҳалари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида 125 та онлайн вебинар ва маҳорат дарслари ўтказилиб, уларда 20 мингдан ортиқ ёшлар ўз малакасини оширди.

Шунингдек, ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш ва китобхонликни тарғиб этиш мақсадида телеграм тармоғида 4 та аудиокитоблар канали ишга туширилди.

Ёшлар иттифоқи Амударё, Беруний, Хўжайли, Тахиатош, Шуманай, Чимбой, Тахтакўпир туман Кенгашлари ташаббуси билан ёшлар етакчилари томонидан ёшларнинг маънавиятини юксалтириш ҳамда китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида мактаб кутубхонасидан ўқувчи ёшлар уйларига 5 мингдан ортиқ китоблар етказиб берилди.

Шунингдек, шаҳар ва туманлардаги барча умумтаълим мактабларида “Ёшлар Парламенти” аъзолари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқи, БМТнинг “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси тарғибот тадбирлари ҳам ўтказилди.

Бу тадбирларнинг ҳаммаси ёшларимизни интеллектуал қобилиятларини ошириш, уларда ватанпарварлик туйғусини ўстиришда катта аҳамиятга эга бўлаётганлигини қайд этиб ўтиш ўринлидир.

Президентимиз таклифи билан 2021 йил «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили», деб белгиланиши, табиийки, ёшларга бўлган эътиборни ҳар томонлама янада кучайтиради.

Мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш, мактаб таълимини тубдан яхшилаш, олий таълим қамрови ва сифатини яхшилаш, илм-фан ва инновациялар равнақига эътибор бериш, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд оилалар, ногирон болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиб, амалиёт шифокори ўрнига оила шифокори – 5 нафар тиббиёт ходимидан иборат тиббий бригадалар ташкил этиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар қилиб белгиланди.

Давлатимиз раҳбари ислоҳотлар натижаси, юртимиздаги янгиланишлар аҳолининг кайфиятида сезилиб туриши учун маҳаллалар фаолиятини янада такомиллаштириш лозим эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Барча соҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар натижасини ҳар бир фуқаро ўз шахсий ҳаётида ҳис этиши кераклиги айтиб ўтилди.

Юртимиздаги 17 миллиондан ортиқ аёл-қизларга муносиб шароит яратиш энг муҳим вазифалардан эканлиги алоҳида таъкидланди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги ролини, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси эканлиги кўрсатилди.

«Ҳеч шубҳасиз, ўз кучимиз ва имкониятларимизга бўлган ишонч бизни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек эзгу мақсад йўлида бирлаштириб, янада кучли ва мустаҳкам қилмоқда. Бу интилишлар улкан амалий ишларга айланиб, буюк халқ ҳаракати тобора кенгайиб бормоқда. Бундай қудратли сафда бўлишнинг ўзи катта бахт, катта шарафдир.

Барчамизга ана шу улуғ сафда бошқаларга ибрат ва намуна бўлиш, жонажон Ватанимиз, азиз халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш насиб этсин!».

Президентимизнинг бу сўзлари кишига куч-қувват, ғурур бағишлайди. Зиммамизда юксак масъулият турганини англатади.

Мурожаат халқ учун меҳр ва қудрат,

Мурожаат янги йил солномасидир.

Тинчлик, фаровонлик, бахту саодат,

Ҳар оиланинг оқ остонасидир.

 

Юртим хазинаси, бойлиги ёшлар,

Юртбоши меҳридан куч олган авлод.

Янги йил сиз учун янги йўл бошлар,

Шу йўлда тобланар сиздаги сабот.

 

Янги йил халқимнинг янги зафари,

Фахр, ифтихорга тўлсин ҳар онинг.

Қутлуғ бўлсин, юртим, янги сафаринг,

Манзили ободлик, Ўзбекистоним!


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: