02.12.2020

2021 ЙИЛГИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида барча сиёсий партияларнинг фракциялари ўз позициясини билдириб, қатор таклифларни илгари сурган эдилар. Биринчи ўқиш билан иккинчи ўқиш оралиғида бўлиб ўтган фракциялар, масъул қўмита ҳамда ишчи гуруҳ йиғилишларида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин таклиф билдирилди.

Давлат бюджети ҳар бир сиёсий партиянинг электоратига бевосита алоқадор эканлигидан келиб чиқиб, унинг нормалари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Муҳокамалар натижасида қонун лойиҳасининг қатор муайян нормаларига аниқлаштирувчи тузатишлар киритилганидан ташқари, тегишли моддаларга 23 та принципиал ўзгартириш ва қўшимчалар қўшилди.

Депутатларнинг ўринли таклифлари асосида ҳукумат вакилларининг розилигида лойиҳа 1 та мутлақо янги модда билан тўлдирилди. Бундан ташқари, депутатлар таклифига кўра, 2021 йил учун Давлат бюджети лойиҳасида умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 100 миллиард сўм, “Эл-юрт умиди” фондига қўшимча 32,5 миллиард сўм, Ахборот-кутубхона марказларида кутубхона фондини янгилаш ва тўлдириш учун 5 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Мажлисда депутатлар келажак ворисларининг тарбия ўчоғи –мактаблар ва таълим-тарбия масалаларига йўналтираётган бюджет маблағларини қўпайтириш имкониятларини қайта кўриб чиқишни тавсия этдилар. Жумладан, мактабларда бошланғич ҳарбий тайёргарлик соҳасига мутасаддилик қилаётган директор ўринбосарлари моддий таъминотини бошқа ўринбосарларга тенглаштириш, санъат йўналишида ўрта таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг тўловсиз таълим олишини таъминлаш, мактаблар қайта қурилиши ва таъмирланишига ажратилаётган маблағларни кўпайтириш масалаларига жиддий ёндашдилар.

Депутатлар қўтарган ҳар бир муаммо юзасидан тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари батафсил ва талабларни қондириш мазмунидаги жавобларни бердилар. Айниқса, мактаблар кесимидаги маблағларни қўпайтириш ҳақидаги ахборот, қўзи ожиз ногиронлиги бўлган ўқувчиларнинг таҳсил олишини тўловсиз тартибга ўтказиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланиш арафасида эканлиги тўғрисидаги жавоблар депутатлар томонидан илиқ кутиб олинди.

Шу билан бирга, халқ вакилларининг Давлат бюджети даромадларининг манбалари ва харажатларини таҳлил қилиш натижасида давлат дастурлари доирасида ажратилиши лозим бўлган маблағларни 2021 йил бюджетида акс эттиришга эришилди.

Жумладан, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳолининг соғлом овқатланишини, тиббий профилактика ишлари самарадорлигини янада ошириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига янги механизмларни жорий қилиш харажатларига 63,4 миллиард сўм, юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол ва “Workоut” спорт турларини ривожлантириш дастурига 104 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

Шунингдек, келгуси йилларда тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғидан келадиган тушумларни ҳудудларга республика аҳолиси улушига мувофиқ тақсимланишини ҳамда Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда амалдаги солиқ имтиёзларини тўлиқ хатловдан ўтказган ҳолда қайта кўриб чиқиш ва уларни бекор қилиш юзасидан таклифлар билдирилди.

Мамлакатимизнинг 2021 йилга мўлжалланган асосий молиявий ҳужжати қўмиталар, айниқса, сиёсий партиялар фракцияларида ҳар қачонгидан ҳам қизғин тортишувларга сабаб бўлди. Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига муддатидан бироз кечиктириб киритилиши ишларни қизғин жадвал асосида олиб боришни тақозо этди.

Мажлисда бош молиявий ҳужжат лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, парламент вакилларининг берган саволларига молия вазири Т.Ишметов, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари атрофлича жавоб қайтардилар.

Барча сиёсий партиялар фракцияларининг сўзга чиққан вакиллари Ҳукумат томонидан тақдим этилган “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашни таклиф этдилар.

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ҳамда Сенатга юбориладиган бўлди.

 

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА мухбири

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: