21.10.2020

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси тўғрисида АХБОРОТ

2020 йил 21 октябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Ушбу ялпи мажлис иши Сенатнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳамда “Узрепорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри жонли эфирда намойиш этилди.

Сенат аъзолари томонидан 17 та масала, шу жумладан, 4 та қонун муҳокама қилинди.

Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Конституцион нормага биноан Қорақалпоғистон Республикаси вакили Сенат Раиси ўринбосарларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан Президентимиз томонидан сенатор Мурат Каллибекович Камаловни Сенат Раиси ўринбосари лавозимига сайлаш тўғрисида тақдимнома киритилган. 

Мурат Камалов 1955 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Олий маълумотга эга ҳуқуқшунос сифатида кўп йиллар масъулиятли лавозимларда фаолият юритган.

Жорий йил сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг депутати этиб, 2 октябрь куни Жўқорғи Кенгеснинг давлатимиз раҳбари иштирокида ўтган навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида Жўқорғи Кенгес Раиси этиб сайланган.

Мажлисда сенаторлар томонидан М.Камалов номзоди бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. 

Қонун талабларига мувофиқ яширин овоз бериш йўли билан сенатор Мурат Каллибекович Камалов Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ўринбосари этиб сайланди.

Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Маълумки, Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик ҳалокат оқибатлари нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё минтақаси, балки аллақачон глобал миқёсдаги муаммога айланиб улгурган. Орол масаласига бўлган ёндашув аниқ натижаларга эришиш нуқтаи назаридан тубдан ўзгарди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари икки маротаба БМТ бош минбаридан туриб дунё ҳамжамияти эътиборини мазкур масалага қаратди.

Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга йўналтирилган 2017–2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тасдиқланди. БМТнинг Оролбўйи ҳудуди учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик траст фонди тузилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Оролбўйи халқаро инновация маркази ташкил этилди. Ҳудудда 2 млн. гектар яшил майдон барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари яқинда Жўқорғи Кенгес сессиясида Қорақалпоғистон Республикасини келгуси уч йилда ривожлантиришнинг 10 та устувор йўналишини белгилаб берди.

Таъкидлаш лозимки, Орол муаммосининг салбий таъсирини юмшатиш мазкур устувор йўналишларнинг бири этиб белгиланди.

Шунингдек, Президентимиз Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалаларига оид қатор ташаббусларни илгари сурди. Вазирлик ва идоралар зиммасига ҳудудни ривожлантиришга доир аниқ вазифалар юкланди.

Бу борада парламент назоратини кучайтириш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Яъни Оролбўйи ҳудудини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар (дастурлар) ижросини жойига чиққан ҳолда ўрганиш, мутасадди вазирлик ва идораларнинг ҳисоботларини бевосита ҳудуднинг ўзида эшитиш амалиётини йўлга қўйиш лозимлиги таъкидланди.

Мажлисда сенаторлар мазкур ташаббусларга ҳамоҳанг равишда ҳамда Оролбўйи минтақасини ривожлантиришда парламент иштироки ва назоратини кучайтириш мақсадида Сенатда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасини ташкил этиш, ушбу Қўмитанинг Низомини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шундан кейин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раисини сайлаш ҳамда мазкур Қўмита таркиби тўғрисидаги масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

Қўмита раиси лавозимига сенатор Борий Ботирович Алихоновнинг номзоди таклиф этилди.

Б. Алихонов кўп йиллар Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, кейинчалик Экологик партия етакчиси ва парламент аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борган. Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга қаратилган миллий ва халқаро кўламдаги лойиҳалар, дастурларни амалга оширишда фаол иштирок этган. Айниқса, бу борадаги қонунчиликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшган. 

Бундан ташқари, Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган сенатор Ботир Джолдасович Матмуратовни Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига ўтказиш таклиф этилди.

Ботир Джолдасович билимли, тажрибали юрист, катта ҳаёт мактабини ўтаган раҳбар сифатида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш борасида ўз салоҳиятини тўла намоён эта олди. Қолаверса, у Қорақалпоғистон Республикаси вакили ҳисобланади ва ушбу ҳудуднинг паст-у баландликларини, айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги ҳақиқий ҳолатни яхши билади.

Мажлисда Борий Ботирович Алихоновни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси, Ботир Джолдасович Матмуратовни эса Қўмита раиси ўринбосари этиб сайлаш, шунингдек, Қўмита таркибини сайлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раисини сайлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Мазкур Қўмита раислигига сенатор Нариман Маджитович Умаров номзоди таклиф этилди.

Н.Умаров салоҳиятли, тажрибали, мулоҳазали, меҳнатсевар ва талабчан инсон. У Ҳукумат идоралари, жамоат ташкилотлари ва сиёсий ташкилотлар, жумладан, парламентдаги кўп йиллик самарали фаолияти билан халқимиз ва жамоатчилик орасида етарлича обрў-эътибор қозонган.

Мажлисда сенаторлар Нариман Маджитович Умаровни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси этиб сайлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг айрим қўмиталари аъзолари тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Сўнгра “Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 18 майдаги “Ўзбекистон Республикасида заргарлик тармоғини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур Қонунни тайёрлашга асос бўлган.

Мажлисда ушбу Қонун Сенат қўмитаси, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари ҳамда экспертлар томонидан кўриб чиқилиши жараёнида унинг айрим моддалари қўйиладиган талабларга жавоб бермаслиги аниқланганлиги қайд этилди.

Хусусан, Қонуннинг 12-моддасининг бешинчи ва 25-моддасининг олтинчи хатбошиларини “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқлаштириш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Давлатнинг қимматбаҳо металларни саноат усулида қазиб олишни амалга оширувчи корхоналар фаолиятига аралашувини камайтириш мақсадида Қонуннинг тегишли моддалари нормаларини қайта кўриб чиқиш ва 15-моддаси талабларини амалдаги қонунчилик ҳужжатлари нормаси билан мувофиқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, Қонуннинг 22-моддаси бешинчи қисмида назарда тутилган нормани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли Фармони, яъни мазкур йўналишдаги фаолият лицензияланадиган фаолият турларига кирмаслиги тўғрисидаги талабга мувофиқлаштириш кераклиги ҳам қайд этилди.

Сенаторлар мазкур Қонунни рад этиш бўйича қарор қабул қилди.

Шундан сўнг “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда коронавирус инфекцияси нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё ҳамжамиятига жиддий хавф солмоқда. Давлатимиз, ҳукуматимиз бу хатарни ҳар томонлама ҳамда тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни олиб бормоқда. Албатта, миллий Парламентимиз ҳам бу борада таъсирчан чораларни кўрмоқда.

Бироқ Ўзбекистон Республикасида ушбу инфекция билан кунлик зарарланишнинг сони кўп миқдорда аниқланиши тегишли чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Бу эса ўз навбатида миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш заруратини юзага келтирмоқда.

Маълумки, фуқароларни белгиланган ҳар қандай тартиб, қоида ҳамда хавф-хатарнинг олдини олишга йўналтирилган комплекс чораларга риоя қилмаслик ёҳуд уларни бузганлик учун жавобгарликка тортиш ҳамда уларга жазо қўллаш фақат қонун билан белгиланган нормаларга асосан амалга оширилади.

Таъкидланишича, Қонун билан киритилаётган ўзгартишларга асосан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жазо қўллаш ваколатини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан бир қаторда ички ишлар органларига ҳам бериш назарда тутилмоқда.

Кодексда назарда тутилган транспорт воситаларидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун маъмурий жазо қўллаш ваколатини ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ходимлари билан биргаликда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларига ҳам бериш баён этилмоқда.

Шунингдек, Кодексда эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликни содир этиб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини ушлаб туриш тартиби жорий қилинмоқда.

Кодексга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар натижасида давлат бошқаруви тизими орқали самарали ва тезкор фавқулодда чораларни қўллаш, қолаверса, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштиришга имкон беришини қайд этиш ўринлидир.

Бундан ташқари, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг масъулиятини ошириш, санитария-эпидемиология назорати марказларининг ҳаддан ташқари даражасига эга бўлган иш юкламасини енгиллаштириш назарда тутилган.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлашнинг мутлақо янги механизмларини жорий этиш ҳамда аҳолида шахсий хавфсизлик ҳиссини шакллантириш борасида тизимли ва самарали чора-тадбирлар амалга оширилди.

Бироқ жамоат хавфсизлигини таъминлашда бир қатор салбий воқеаларнинг юз бераётгани, жумладан, бугунги кунда фуқаролар, айниқса, ёшлар орасида пичоқ ва бошқа совуқ қуролларни олиб юриш, ўзаро жанжал вақтида мазкур ашёлар билан қўрқитиш ёки уларни қўллаш каби ҳаракатлар кўплаб учрамоқда.

Таҳлилларга назар ташлайдиган бўлсак, мазкур Қонунни қабул қилишнинг нечоғли аҳамиятли эканлигини англаш мумкин.

Мисол учун, 2017–2019 йилларда 10065 та совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган предмет, шундан 6835 таси, яъни 68 фоизи пичоқлар. 2020 йилнинг 6 ойида эса 14957 та совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган предмет, шундан 12762 таси ёки 85 фоизи пичоқ ва қолгани бошқа турдаги предметлар.

Мазкур предметларнинг 58 фоизи кўчада, 22 фоизи бозорларда, 24 фоизи таълим муассасаларида аниқланган. Бунинг оқибатида эса биргина 2020 йилнинг 8 ойида айнан ўткир тиғли предметлардан фойдаланган ҳолда 542 та жиноят содир этилган бўлса, шундан 168 таси ёки 31 фоизи қотиллик, 289 таси, яъни 53 фоизи оғир тан жароҳати етказиш каби салбий ҳолатлар юз беришига олиб келган.

Шу сабабли жамоат хавфсизлигини таъминлашга доир қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 104 ва 105-моддаларининг иккинчи қисмидаги бандлар ўзгартирилмоқда.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 14, 245, 287-моддалари тўлдирилиб, кодексга янги 1852 ва 1853-моддалари қўшилмоқда.

1852-модданинг биринчи қисмида фуқаролар томонидан жамоат жойларида, касбий фаолиятда, ёки спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юрганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.

 Ушбу модданинг иккинчи қисмида касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, фуқаровий қуролни, совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёларни жамоат жойларида олиб юрганлик учун ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиб ёки мусодара қилмай, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима жазоси белгиланмоқда.

Шунингдек, 1853-модда билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаровий ва хизмат қуроли сифатида муомалада бўлиши тақиқланган ашёларнинг қонунга хилоф равишда муомалада бўлиши тақиқланмоқда.

Бундан ташқари, “Қурол тўғрисида”ги Қонуннинг 3 ва  9-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган, спорт ва хўжалик-маиший мақсадлар учун мўлжалланган ашёлар деганда жисмоний куч ишлатиш натижасида одамнинг соғлиги ва ҳаётига зарар етказиши ёки ўлимига олиб келиши мумкин бўлган хўжалик-маиший ва касбий мақсадларда, ишлаб чиқариш саноати ҳамда спорт фаолиятида фойдаланиладиган тиғли, кесувчан ва бошқа ашёлар, пичоқлар ва бошқа тиғли ашёлар, бейсбол биталари, софтбол ўйини учун биталар – чиллакларни назарда тутувчи тушунча киритилмоқда.

Шунингдек, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, шу жумладан, шаҳар транспортида, шаҳар атрофига қатновчи, шаҳарлараро ва халқаро транспортда, жамоат жойларида, очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юришни тақиқловчи норма киритилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида мамлакатимизда совуқ қурол, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган бошқа ашёлар, шунингдек, пичоқдан фойдаланган ҳолда содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларнинг камайишига эришилади.

Сенаторлар томонидан мазкур Қонун маъқулланди. 

Сўнгра “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни муҳокама марказида бўлди.

Мазкур Қонун билан амалдаги 11 та қонун ва 2 та кодекс талаблари Солиқ кодексига мослаштирилмоқда.

Жумладан, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги каби қонунлар ва Бюджет кодексига тегишли ўзгартишлар киритилган.

Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг амалга киритилиши тадбиркорлик субъектлари учун қатор қулайликларни яратмоқда.

Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш киритилиб, тадбиркорлар ва фермер хўжаликларини текширишнинг амалдаги тартиби бекор қилиниб, текшириш талаби Солиқ кодексига мослаштирилмоқда.

Энди тадбиркорлик субъектларини текшириш “хавфни таҳлил этиш” тизими натижалари асосида амалга оширилиши назарда тутилмоқда.

Бундан буён солиқларнинг камерал текширувидан бошқа барча текширишлар электрон тизимда рўйхатга олинади.

Қонуннинг маъқулланиши амалда бир-бирига зид бўлган қонунчилик талабларига барҳам берибгина қолмай, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига қулайлик яратади ва хорижий инвесторларни жалб қилишга хизмат қилади.

Қизғин муҳокамалардан сўнг мазкур Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан кейин аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ижроси, сув иншоотларини лойиҳалаш ва қуриш, фойдаланишга топшириш, маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилган  ишлар ҳолати ўрганилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 25 сентябрдаги
ПФ-6074-сонли Фармони билан сув таъминоти ва оқова сув хизматларини кўрсатиш йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш бўйича истиқболдаги вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Сўнгги икки йилда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш учун бюджетдан 3,7 трлн. сўм ажратилган, 48 та лойиҳага 1,9 млрд. доллар хорижий кредитлар жалб қилинган. Натижада мамлакат бўйича 1 734 та иншоотда 6 463 км. ичимлик ва 300 км.га яқин оқова сув тармоқлари тортилган.

Сувдан фойдаланишни самарали тартибга солишни таъминлаш учун сув ресурсларини бошқариш бўйича янги тузилмалар яратилган. Аҳолининг 67,8 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган. Ер ости сув манбаларига эга бўлган ҳудудларда марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш Тошкент шаҳрида 99,7 фоизни, Фарғона вилоятида 83,4 фоизни ва Самарқанд вилоятида 63,7 фоизни ташкил этади.

Мажлисда ўрганишлар ҳудудларда аҳолининг ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги талаб даражасида эмаслигини кўрсатгани таъкидланди.

Жумладан, мамлакат ичимлик суви иншоотларининг умумий қуввати суткасига 11,8 млн. метр кубдан иборат бўлса-да, амалда унинг
60 фоизидан фойдаланилмоқда.

Умумий узунлиги 70,3 минг км. бўлган ичимлик суви магистрал қувурлари ва тармоқларининг 38 фоизи, фойдаланилаётган 12 мингдан ортиқ ичимлик суви қудуқларининг 29 фоизи таъмирталаб аҳволда.

Шунингдек, 2 мингта ёки 20 фоиз сув насослари ишдан чиққан. Шаҳарларнинг фақат 79 таси, яъни 57 фоизида канализация тизими мавжуд бўлиб, уларнинг ҳам 23 фоизи таъмирга муҳтож.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва оқава сув хизматини яхшилаш бўйича ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланишда жиддий хато ва камчиликлар мавжуд.

Хусусан, иншоотлар бўйича лойиҳа-смета ҳужжатлари жойига чиқиб ўрганилмасдан, назорат ўлчовлари ўтказилмасдан, бажарилиши лозим бўлган иш ҳажмлари ҳужжатда тўлиқ акс эттирилмасдан, ичимлик суви манбаларига аниқлик киритилмасдан ишлаб чиқилиш ҳолатлари оқибатида самарасиз харажатларга йўл қўйилган.

Қолаверса, тизимда соғлом рақобат муҳити шакллантирилмаган, лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларини амалга оширувчи ташкилотлар қонун ҳужжатларига зид равишда танланган. Оқибатда иншоотларнинг қурилиб ишга туширилмаслиги ёки қурилиш-монтаж ишларининг охирига етказилмаслиги, маблағларнинг самарасиз ишлатиб юборилиши каби ҳолатлар юзага келган. Қурилиш ишларининг натижадорлигини назорат қилиш тизими талабга жавоб бермайди. Фойдаланишга топширилган айрим иншоотлар сув таъминоти корхоналари томонидан самарасиз ишлатилган, оқибатда аҳолига ичимлик суви етказиб берилмаган.

Давлат бюджети, халқаро молиявий институтлар ва бошқа манбалардан жалб қилинган маблағлардан фойдаланишнинг очиқ, шаффоф тизими яратилмаган, маблағлардан фойдаланишнинг ҳолати бўйича ҳисобот бериш ҳамда қарз маблағларини қайтариш тизими йўлга қўйилмаган.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш соҳасида қонун ҳужжатларида белгилаб берилган вазифалар ўз вақтида бажарилмаган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 ноябрдаги ПҚ-4040-сонли қарорида белгиланган, 2019 йил 1 июлга қадар Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қарши шаҳарларида сув таъминоти ва канализация тизимларини Осиё тараққиёт банки консультантларини жалб қилган ҳолда, давлат хусусий шериклик шартлари асосида бошқарувга бериш тўғрисидаги топшириқ ўз вақтида бажарилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги
ПҚ-4300-сонли қарори билан топшириқнинг ижро муддати жорий йилнинг 1 июли этиб белгиланган бўлса-да, тендер ғолиблари билан шартномаларни расмийлаштириш ишлари бажарилмасдан қолган.

“Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида маҳаллий давлат ҳокимияти органларига ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш ваколати берилган бўлса-да, айрим ҳудудларда ушбу ваколатлар йиллар давомида бажарилмасдан қолмоқда.

Шу жиҳатдан аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш билан боғлиқ жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бош прокуратурасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, Ички ишлар вазирлиги томонидан Сенат қарори ижросини таъминлаш бўйича алоҳида чора-тадбирлар тасдиқланиб, ижрога қаратилган. Хусусан, БМТнинг 1984 йилдаги Конвенцияси ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича янги тартиб йўлга қўйилган.

Ички ишлар органларининг 468 та маъмурий биноси, 91 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 13 та махсус қабулхона, 12 та реабилитация маркази,
43 та жазони ижро этиш муассасаси, 11 та тергов ҳибсхонасида жами 9 547 та кузатув камераси ўрнатилган.

Прокуратура органлари томонидан эса жорий йилнинг 7 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5 116 та текшириш ўтказилиб, аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2 783 та тақдимнома киритилган.

Мажлисда сенаторлар парламент сўровида кўтарилган айрим муаммоли масалаларни Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан бартараф этиш чораларини кўриш кераклигини таъкидлади.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги томонидан бир ой муддатда БМТнинг 1984 йилдаги Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига қатъий амал қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, шунингдек, ички ишлар органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш мақсадида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик меморандумини тасдиқлаш зарурлиги белгиланди.

Яна бир жиҳат. Бош прокуратура ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда тергов ҳибсхоналари, озодликдан маҳрум этиш жойлари ва шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда хизмат олиб борувчи ходимларининг қийноққа солиш, шафқатсиз ва ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи хатти-ҳаракатларининг барвақт олдини олиш ҳамда қонунчилик бўйича билим савияларини ошириш, касбий малакаси ва амалий кўникмаларини шакллантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган қисқа муддатли ўқув дастури ишлаб чиқиш муҳимлиги билдирилди.

Қолаверса, 2021 йил якунига қадар барча ҳудудий тергов бўлинмаларида сўроқ жараёнини стенография қилиш, видеокузатув, шунингдек, тергов ҳаракатларини аудио ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус тергов хоналари ташкил этиш зарурлиги борасида сўз юритилди.

Шунингдек, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига ҳам тегишли топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларига ҳар чоракда тегишинча ички ишлар ва прокуратура органлари раҳбарларининг ўз фаолиятлари тўғрисидаги ахборотларини эшитишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан содир этилган қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаганлик ҳолатларига алоҳида эътибор қаратиш ва муҳокама қилиб бориш тавсия этилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, Бош вазир томонидан 2020 йил 25 августда тақдим этилган жавобга кўра, парламент сўровида кўтарилган масалалар мутасадди вазирлик ва идоралар билан бирга атрофлича ўрганилиб, Вазирлар Маҳкамасининг Раёсатида кўриб чиқилган.

Парламент сўровида кўтарилган бир қатор масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалий чора-тадбирлар дастури қабул қилинган. Унда жумладан, қоидабузарликларни автоматик аниқлайдиган фото ва видеомосламалар, шунингдек, онлайн режимида ишловчи қўшимча фоторадарлар ўрнатиш белгилаган.

Бундан ташқари,  Ички ишлар вазирлигининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ва асосий вазифаларини амалга оширувчи Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат қилиш бўлими ва бўлинмалари штат бирликларининг  етишмаслигини бартараф этиш бўйича тадбирлар ўтказилиши назарда тутилган.  

Шу билан бирга, умумтаълим мактабларида Йўл ҳаракати қоидалари ва ҳаракат хавфсизлиги асосларини ўргатиш, халқ таълими ходимларининг ўқувчиларга Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш бўйича малакасини ошириш ҳам режалаштирилган.

 Мажлисда сенаторлар томонидан парламент сўровида кўтарилган баъзи масалаларнинг ечимига эътибор қаратилмагани таъкидланди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлиги стандартлари юзаки ишлаб чиқилган.

Ушбу стандартлардаги йўл белгиларининг тартиб рақамлари ҳам тўғри белгиланмаганлиги, бу эса йўл ҳаракатининг асосий ва устувор қоидаларидан ҳисобланиши таъкидлаб ўтилди.

Яъни мазкур стандартлар бошқа давлатларнинг стандартларидан тўғридан-тўғри кўчириб олинган. Оқибатда бошқа давлатларнинг амалдаги йўл ҳаракати қоидаларидаги мавжуд йўл белгилари ушбу стандартларнинг иловаларига ҳам киритилган. Ваҳоланки, мазкур йўл белгилари Ўзбекистон Республикаси Йўл ҳаракати қоидаларида мавжуд эмас.

Шунингдек, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳаракат иштирокчиларига қулайликлар яратиш юзасидан маҳаллий ҳокимликлар ҳамда тегишли ташкилот ва идораларга 2017–2020 йиллар давомида жами 6 709 та тақдимнома киритилган бўлса-да, уларнинг 3 173 таси ёки 45 фоизи белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлаётган автомобиль йўлларини зарур даражада таъмирлашга эътибор қаратилмагани оқибатида 2019 йилда ва 2020 йилнинг 8 ойи давомида 532 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 511 нафар фуқаро жароҳатланган ва 191 нафар фуқаро ҳалок бўлган.

Бу каби камчиликлар Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминламаган мутасаддиларга нисбатан таъсирчан чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Шу жиҳатдан Сенат аъзолари аниқланган хато ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилди.

Бунда:

- Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан 2019 йилда тасдиқланган йўл ҳаракати хавфсизлигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва стандартларни 2021 йил 15 январга қадар такомиллаштириш;

- Автомобиль йўлларининг носозлиги оқибатида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича бир ой муддатда аниқ
чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш;

- Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан мутасадди идоралар раҳбарларига киритилаётган тақдимномалар ижросини таъминлашда сусткашликка йўл қўйган мутасадди ходимларнинг масъулиятини ошириш юзасидан зарур чораларни кўриш;

- Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифалар ижросининг бориши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Ички ишлар вазирлиги томонидан мутасадди идоралар раҳбарларига киритилаётган тақдимномалар ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича тақдим этилган маълумотларни қўмитада таҳлил қилиб, чора-тадбирлар дастури ҳамда киритилаётган тақдимномалар ижросини ўз вақтида бажармаган мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларини Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисига таклиф қилиб, муҳокама қилиб бориш белгиланди.

Ушбу масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Мажлисда Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламент сўрови натижалари юзасидан тақдим этилган ахборотда парламент сўровида қўйилган вазифалар ижроси етарлича акс эттирилмаганлиги таъкидланди.

Хусусан, тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва уларнинг ногиронлигини аниқлаш масалалари норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда етарлича тартибга солинмаган, ногиронлик профилактикаси, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича реабилитация қилиш бўйича яқин, ўрта ёки узоқ муддатли стратегия қабул қилинмаган.

Шу билан бирга, ногиронликни аниқлаш учун тиббий-ижтимоий экспертиза ўтказишда қўлланилаётган мезонлар қирқ йил аввал ишлаб чиқилган услубиётга асосланган бўлиб, янги тартиб ҳалигача ишлаб чиқилмаган.

Тиббий-меҳнат эксперт комиссияларининг ногиронларга хизмат кўрсатиш юкламаси белгиланмаган, 18 ёшгача бўлган болаларда ва ундан катта ёшдаги шахсларда ногиронликка олиб келувчи асосий касалликлар рўйхати ва ушбу касалликларда ногиронлик белгилаш мезонлари, ногиронлиги бўлган шахсларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишнинг замонавий усулларини жорий этган ҳолда тиббий-ижтимоий экспертизадан ўтказиш мезонлари ишлаб чиқилмаган.

Яна бир жиҳат. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар дастурида ногиронликни аниқлаш билан боғлиқ қатор вазифалар бажарилмаяпти.

Жумладан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг тиббий-маслаҳат комиссиялари ва тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари фаолияти танқидий қайта кўриб чиқилмаган, ногиронликни белгилаш механизмлари ва унинг муддатлари, шу жумладан, ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби такомиллаштирилмаган. Ногиронликни белгилаш тизимига белгилари яққол кўриниб турган мурожаат қилувчини ногиронлик белгилангунга қадар қўллаб-қувватлаш механизми жорий қилинмаган, айрим тоифадаги ногиронлиги бўлган шахслар учун тиббий текширув ўтказмасдан аниқланиши мумкин ногиронлик тоифалари учун стационар даволанишда мажбурий бўлиш тартиби бекор қилинмаган, ёрдамга жуда муҳтож бўлган шахслар учун сиртдан ногиронлик тоифаси белгилаш ҳанузгача жорий этилмаган.

Ушбу вазифаларни бажариш бўйича аниқ асос ва муддатлар белгилаб қўйилганлигига қарамай, ногиронлиги бўлган шахслар ногиронлигини белгилашда, тиббий-ижтимоий хизматлардан фойдаланишда кўплаб оворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлмоқда.

Мажлисда парламент сўровида келтирилган масалалар юзасидан етарли даражада амалий чоралар кўрилмаганлиги, тегишли ишлар субъектив сабабларга кўра амалга оширилмаганлиги таъкидланди.

Шунинг учун Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровида белгиланган вазифаларни ижросини тўлиқ таъминлаш ҳамда бу ҳақда келгусида аниқ маълумотлар тақдим этиш вазифаси юкланди ҳамда унинг ижроси Сенатнинг доимий назоратида қолдирилиши белгиланди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин Жиззах вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳақидаги ҳисоботи эшитилди.

Унда Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни комплекс равишда ўрганиш якунлари ҳам батафсил муҳокама этилди.

Вилоятни ривожлантириш ва бу жараёнда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари салоҳиятидан фойдаланиш борасида муайян ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди.

Хусусан, вилоятда 2020 йилнинг январь-июнь ойларида ишлаб чиқарилган ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) ҳажми 6 трлн. 989 млрд. сўмни, ўсиш суръати ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 102,0 фоизни ташкил этган.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2019 йил 23 декабрдаги
қарорига асосан 2020 йил учун маҳаллий бюджет даромадлар режаси 1 трлн. 51 млрд. сўм этиб белгиланган бўлиб, жорий йилнинг I ярим йиллиги учун белгиланган режа 125 фоизга (436,7 млрд. сўмга) бажарилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30-31 январь кунлари Жиззах вилоятига ташрифи бўйича тасдиқланган дастур доирасида умумий қиймати 3,0 трлн. сўм бўлган 510 та лойиҳа ишга туширилган ва 8 минг 342 та янги иш ўрни яратилган.

2020 йил январь-июнь ойларида 42 та маҳаллийлаштириш лойиҳаси доирасида 235,6 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, белгиланган прогноз кўрсаткичи 2,1 баробарга бажарилган ва 2 мингта янги иш ўрни яратилган.

Жорий йилда экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида 5 та давлат, Австрия, Вьетнам, Молдова, Монголия, Нидерландияга маҳсулотлар илк маротаба экспорт қилинган.

Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича вилоятда 2019 йилда жами 898,8 минг тоннага яқин мева-сабзавот, полиз, картошка, узум маҳсулотлари етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 1 млн. 114,9 минг тоннадан ошириш ёки ўтган йилга нисбатан 216,2 минг тонна (124%) кўп маҳсулот етиштириш кутилмоқда.

2020 йилнинг ўтган даври мобайнида инвестиция дастури бўйича 137,1 млрд. сўм бюджет маблағлари ҳисобига 63,4 км. ичимлик суви тармоғи, 22 та сув қудуғи ҳамда 17,2 км. оқова сув тармоғи қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 124,6 млрд. сўмлик ишлар бажарилган.

Яна бир жиҳат. Бешта муҳим ташаббусни амалиётга жорий этиш доирасида вилоятда қатор амалий ишлар қилинган. Жумладан, тасдиқланган чора-тадбирлар дастури доирасида жами 1,5 мингга яқин тадбирлар ўтказилиб, уларда 736 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинган.

Мирзачўл туманидаги “Ўзбек-қозоқ”, Ғаллаорол туманидаги “Қўйтош”, Дўстлик туманидаги “Бунёдкор” маданият марказларида таъмирлаш ишлари олиб борилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилган.

Жиззах шаҳрида бир вақтнинг ўзида 10 минг нафардан ортиқ ёшларни сиғдира оладиган “Ўрда” экологик боғи қайта реконструкция қилинган, эски Сангзор кўли ўрнида Марказий Осиёда ягона бўлган “Велотрек” майдонини барпо этиш ва жорий йилнинг якунига қадар ёшлар учун фойдаланишга топшириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, йиғилиш давомида Олий Мажлис Сенати, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан ҳудуддаги хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этиш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича қабул қилинган дастурлар (“Йўл харитаси”) ижроси бўйича ҳам ахборот берилди.

Ушбу дастурлар доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси маблағлари ҳисобидан 636 нафар хотин-қизларга 1 млрд. 169,9 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам берилган.

Бахмал, Ғаллаорол, Янгиобод, Арнасой, Дўстлик, Зафаробод, Зарбдор, Зомин, Фориш туманлари ва Жиззах шаҳрида 198 нафар аёлларга уй-жойларини таъмирлаш учун 1 млрд. 160,3 млн. сўмлик қурилиш материаллар тарқатилган.

Вилоятдаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш учун 120 млн. сўмлик маиший техникалар олиб берилган.

Ҳудудда хотин-қизларнинг оилавий шароити, ижтимоий аҳволи, имконияти, қизиқишларини ўрганиш ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш ишлари бошланиб, унга бугунги кунгача 5 минг 696 нафар аёллар киритилган.

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 883 нафари ишга жойлаштирилган, 80 нафарига тижорат банклари томонидан 1,8 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар берилган, 741 нафари касб-ҳунарга ўқитилган.

Бундан ташқари, мажлисда вилоятни ривожлантириш борасида ўз ечимини кутиб турган айрим муаммо ва камчиликлар борлиги ҳам қайд этилди.

Жумладан, оқова тизим бўйича вилоятнинг Пахтакор, Дўстлик, Мирзачўл ва Зарбдор туманлари марказларида канализация тизимлари 1970-1980 йилларда қурилган бўлиб, мавжуд иншоотлар ва тармоқлар ўз муддатини ўтаб бўлган ва таъмирталаб аҳволга келиб қолган.

Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов тумани “Тошкент-6” газ тақсимлаш станцияси орқали табиий газ билан таъминланади, мазкур ҳудудларда аҳоли сони йилдан-йилга кўпаяётганлиги ва уларнинг газга бўлган эҳтиёж ортиши натижасида қиш мавсумида табиий газ таъминотида муаммолар кузатилмоқда.

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини Жиззах шаҳрида апробация қилиш жараёнида қатор муаммолар аниқланган. Масалан, шаҳардаги мавжуд 52 та ширкатнинг 13 тасининг молиявий ҳолати қониқарли бўлса, 21 таси қониқарсиз, 18 таси молиявий ночор ёки ўта боқиманда ҳолатга тушиб қолган.

Ҳозирги кунда Зомин миллий табиат боғи, Зомин давлат қўриқхонаси, Зомин давлат ўрмон хўжалиги ҳудудларидаги 3800-4300 гектар майдонга эга арчазорлар табиий зараркунанда ва касалликларга чалинган.

Янгиобод туман маданият бўлими жойлашган бино ташландиқ аҳволда. 2019 йил Инвестиция дастурига киритилган Бахмал туман маданият маркази биносида қурилиш ишлари якунига етмасдан тўхтаб қолган.

Мажлисда вилоятни ўрганиш якунлари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2020 йил 10 сентябрдаги сессиясида танқидий муҳокама этилганлиги, унда вилоят даражасидаги муаммоларни ҳал этиш бўйича 75 банддан иборат “Йўл харитаси” тасдиқланганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, қайд этилган камчиликларни бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўриш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари тингланди ва муҳокама этилди.

Вилоятда ўз ечимини кутиб турган республика даражасидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди ва уларнинг ижроси юзасидан сенаторлик  назоратини йўлга қўйиш белгиланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони тасдиқланди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: