Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
09.09.2020

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291-моддасига ўзгартиш киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилди. Аввалроқ мазкур лойиҳа Халқ демократик партиясининг парламентдаги фракцияси йиғилишида ҳам атрофлича кўриб чиқилган эди. Депутатлар ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирган.

Таъкидландики, Mening fikrim веб-порталига мурожаат жойлаштирилган эди. Унинг мазмуни транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда маъмурий жарима солиш билан боғлиқ меъёрга тегишлидир. Яъни, ушбу ҳолда транспорт воситасини ушлаб туриш тартибини бекор қилиш ҳақидаги таклиф зарур миқдордаги овозлар сонини тўплаган ва модератор томонидан кўриб чиқишлик учун Қонунчилик палатасига юборилган. Мазкур мурожаат Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан кўриб чиқилиб, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасига тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Дилором ИМОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда, фуқаролар талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, тегишли тартибда қонунчиликни такомиллаштириш муҳим саналади. Сабаби, қонунлар аҳолининг манфаатларига хизмат қилиши лозим. Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта полиси ёнида бўлмаган ҳайдовчилар транспорт воситаларини бошқарганда, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситасини ушлаб туришни бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Фракциямиз фикрича, ушбу меъёрни олиб ташлаш, яъни бекор қилиш юртдошларимизга қўшимча қулайлик яратади. Шу билан бирга, юқорида қайд этилган ҳолатда автотранспорт воситаларини ушлаб туриш тартибини бекор қилиш орқали фуқаролар мулк ҳуқуқларининг кафолатлари кучайтирилади. Халқ демократик партияси фракцияси самарасиз чекловлар, бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, фуқаролар эмин-эркин ҳаракатланишига халақит қиладиган тартиб-қоидалар бекор қилинишини ҳар доим қўллаб-қувватлайди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, таклифлардан сўнг лойиҳа фракция аъзолари томонидан маъқулланди.

Шунингдек, фракция йиғилишида Тошкент шаҳри таркибида Янги ҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Айтиш керакки, Конституциямизнинг 78-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисидаги Қонуннинг 18 ҳамда 25-моддаларига мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қарори эълон қилинди. Унга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг таклифи инобатга олиниб, Тошкент шаҳри таркибида Янги ҳаёт туманини ташкил этиш ҳамда Тошкент шаҳрининг Сергели, Бектемир ва Тошкент вилоятининг Зангиота, Қуйичирчиқ, Янгийўл, Ўртачирчиқ туманлари чегараларини ўзгартириш назарда тутилган.

Йиғилишда, шунингдек, Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Давлатобод туманини ташкил этиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

 

Ўрол ЎРОЗБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Қонунларни ишлаб чиқиш шунчаки бўладиган жараён эмас. Демократик давлатда эса ҳар бир ислоҳот ва ўзгаришлар қонуний асосга эга бўлиши талаб этилади. Хусусан, аҳолининг кўпаяётгани давлат хизматлари кўрсатиш, бошқарувни такомиллаштириш, фуқаролар учун қулайликлар яратиш заруратини юзага келтирмоқда. Айниқса, кейинги йилларда пойтахтимизда амалга оширилган улкан қурилиш ишлари натижасида катта демографик ўзгаришлар кузатилди. Худди шунингдек, Наманган шаҳрида ҳам қурилиш ишлари жадал кетмоқда, шаҳарда аҳоли сони йилдан-йилга ошмоқда. Бу ўз-ўзидан маъмурий бошқарувни қайта кўриб чиқиш масаласини кун тартибига қўйди.

Янги туманларни ташкил қилиш ҳақидаги қарорларнинг зарурати ва аҳамияти шундаки, бошқарувда турли бюрократик тўсиқлар бартараф этилади, ҳудуд ҳолатидан келиб чиқиб, замонавий ёндашув асосида иш олиб бориш унинг гуллаб-яшнашига хизмат қилади. Ўйлашимча, янги маъмурий ҳудудлар ташкил этилишида аҳолига қулайлик яратиш масаласига жиддий эътибор қаратилиши зарур. Қарорлар қабул қилиниши оқибатида юзага келиши мумкин бўлган англашилмовчиликларнинг олдини олиш учун тушунтириш ишларини кучайтириш керак. Янги туманлар ташкил этилиши билан боғлиқ барча масалалар тизимли ҳал этилиши, қарор қабул қилингандан кейин одамлар қийналиб, сарсон бўлишининг олдини олиш муҳим саналади. Фракциямиз аъзолари, ушбу масалани чуқур ўйлаб, ўрганиб чиқиш тарафдори. Ана шунда турли тушунмовчиликларга чек қўйилади.

Шунингдек, депутатлар бошқа қонунлар лойиҳаларидаги баъзи камчиликларга эътибор қаратишди. Жумладан, тақдим этилаётган айрим тушунтириш хатларида сиёсий ҳамда қонуний жиҳатдан хатоликларга йўл қўйилагани таъкидланди. Ҳудудларни ташкил этишда ижтимоий соҳадаги ўзгаришлар ҳамюртларимизга қулай бўлиши зарурлиги қайд этилди. Умуман олганда, ҳар қандай янгилик ўзига хос чиғириқлардан ўтади ва бу ҳолатда аҳоли қийинчиликларга йўлиқмаслигини таъминлаш муҳим саналади. Депутатлар бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдирилди.

Йиғилиш давомида бошқа бир қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Ҳар бир қонун лойиҳаси Халқ демократик партияси электорати манфаатидан келиб чиқиб, қизғин муҳокама этилди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари бошқа бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилди.

 

Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: