Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Yanvar 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
07.01.2020

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЯНГИ САЙЛОВЛАР ХАЛҚИМИЗ ТУРМУШИ ФАРОВОНЛИГИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.

“Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтган сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги 150 депутатлик ўрни учун бешта сиёсий партиянинг 744 номзоди кураш олиб борди.

Сўнгги йилларда мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонимиз ўз тараққиётининг янги, демократик босқичига дадил қадам қўйди. Иқтисодиётимиз ривожланиб, одамларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий онги, фаоллиги тобора юксалиб бормоқда. Давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида очиқлик ва ошкоралик давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Сайловлар мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта муҳим устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган вазифаларнинг амалдаги яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Ушбу сайловлар Ўзбекистонда барча соҳаларда, жумладан, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий-маърифий йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли, жадал ислоҳотларнинг узвий қисмидир. Бу йилги сайловларга тайёргарлик ишлари бундан икки йил аввал бошланган эди. Сайлов қонунчилиги тубдан янгиланиб, миллий тажриба ва халқаро стандартларга мос Сайлов кодекси қабул қилинди.

Сайлов кодексида сайлов жараёни иштирокчилари, яъни сайловчилар, сиёсий партиялар, сайлов комиссиялари, оммавий ахборот воситалари ҳамда кузатувчиларнинг ҳуқуқлари ва кафолатлари кенгайтирилди. Замонавий ахборот технологияларини жорий этиш орқали сайлов жараёнларини бошқариш тизими йўлга қўйилди. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичлари очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилди.

Сайловларни нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа Кенгаши, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Парламент Ассамблеяси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси, Туркий тилли давлатлар кенгаши каби ўнта халқаро ташкилотдан ҳамда элликка яқин давлатлардан 825 нафар халқаро кузатувчи ҳамда маҳаллий ва хорижий мамлакатлар йирик оммавий ахборот воситаларининг 1 минг 155 нафар вакиллари бевосита кузатиб борди.

Кўп миллионли сайловчилар, сайловларга ташриф буюрган халқаро кузатувчилар ушбу сайловлар, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва янги Сайлов кодексига хамда халқаро стандартларга тўлиқ риоя қилган ҳолда ўтганлигини эътироф этмоқда.

Сайловларнинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири сайловчиларнинг фуқаролик масъулияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси янада ошганлиги билан боғлиқ. Бу йилги сайловларда чет элдаги юртдошларимиз билан қўшиб ҳисоблаганда 13 миллион 963 минг 627 сайловчи иштирок этди ва бу сайловчилар умумий сонининг 67,8 фоизини ташкил этди.

150 минг сайловчи муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланди. Сайловларда хорижда истиқомат қилаётган барча ватандошларимиз учун биринчи марта овоз бериш имконияти яратилди. Авваллари фақат консуллик ваколатхоналаридан расман рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқароларигина сайловларда қатнашар эди. Қирққа яқин мамлакатда ташкил этилган эллик бешта сайлов участкасида 112 минг 411 сайловчи овоз берди.

2019 йил 25 декабрь куни Марказий сайлов комиссияси томонидан 125 сайлов округидан номзодлар Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган деб топилиб, рўйхатга олинди. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 42 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 34 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 20 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 18 нафар, Ўзбекистон Экологик партиясидан 11 нафар депутатга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати мақоми берилди.

Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 сайлов округида биринчи турда ғолиблар аниқланмаганлиги учун, яъни бирорта ҳам номзод сайловчиларнинг 50 фоизидан кўп овозини олмаганлиги сабабли ушбу сайлов округларида овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг энг кўп овозларини олган номзодлар ўртасида такрорий овоз беришни ўтказиш 2020 йил 5 январь кунига белгиланди.

Мазкур қарорга мувофиқ, жорий йилнинг 5 январида мамлакатимизда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 25 сайлов округидаги 1 минг 730 сайлов участкасида такрорий овоз бериш ўтказилди. Ушбу сайлов участкаларида 3 миллион 147 минг 79 фуқаро Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига киритилган бўлиб, улардан 1 миллион 978 минг 48 нафари такрорий овоз беришда иштирок этди.

Сайловчиларнинг парламент сайловларида фаол иштирок этгани фуқароларимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб, янгиланаётган Ўзбекистонда янгидан шакллантирилаётган парламент сайловларига бефарқ эмасликларини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли, одилона ва инсонпарвар сиёсатни қўллаб-қувватлашларининг яна бир исботи бўлди.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашларига сайлов ўтказувчи 95 сайлов округидаги 1 минг 104 сайлов участкасида ҳамда халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 587 сайлов округидаги 1 минг 117 сайлов участкасида такрорий овоз бериш бўлиб ўтди. Сайлов кодексининг 59-моддасига асосан такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчилар овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод сайланган деб ҳисобланади. Такрорий овоз беришда сайловчиларнинг иштирок этиши фоизи ҳисобга олинмайди.

Такрорий овоз бериш жараёнини депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан жами беш мингдан ортиқ кузатувчилар кузатиб борди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан аккредитациядан ўтказилган мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ҳамда ҳудудий сайлов комиссияларидан аккредитациядан ўтган маҳаллий журналистлар сайловлар жараёнини фаол ёритиб бордилар.

Такрорий овоз беришда иштирок этган 50 номзоднинг 15 нафарини Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал- демократик партияси вакиллари, 11 нафарини Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вакиллари, 10 нафарини Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси вакиллари, 9 нафарини Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари ҳамда 5 нафарини Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари, уларнинг 18 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

Сайловнинг якуний натижаларига кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси 53, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси 36, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси 24, Ўзбекистон Халқ демократик партияси 22, Ўзбекистон Экологик партияси 15 депутатлик ўрнига эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатасига сайланган 150 депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар, 39 нафарини ёки 26 фоизини олдин ҳам Қонунчилик палатаси депутати бўлганлар ташкил этади. Депутатларнинг 9 нафари ёки 6 фоизи 30 ёшгача, 97 нафари ёки 65 фоизи 30 ёшдан 50 ёшгача бўлганлар ҳамда 44 нафари ёки 29 фоизи 50 ёшдан катта ёшдагилар. Энг ёш депутат 26 ёшда. Энг ёши улуғ депутат 71 ёшда.

Ўзбек миллатига мансуб депутатлар 130 нафар ёки 87 фоиз, бошқа миллат вакиллари 20 нафар ёки 13 фоизни ташкил қилади. Улардан қорақалпоқ ва рус миллатига мансублар 5 нафардан, қозоқ ва тожик миллатига мансублар 3 нафардан, корейс миллатига мансублар 2 нафарни ҳамда 1 нафардан туркман ва қирғиз миллатига мансуб депутатлар ҳисобланади.

2019 йил 10 декабрь куни янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6-моддасида Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилиши белгиланган. Ушбу қонунга мувофиқ, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди.

Сайлов кодексига мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баённомалар асосида Қонунчилик палатасига сайланган депутатларни рўйхатга олади.

Депутат этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган пайтдан эътиборан Қонунчилик палатаси депутати мақомига эга бўлади. Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссиясига Қонунчилик палатаси депутатининг мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни ўз зиммасидан соқит қилганлиги тўғрисида ёзма шаклда маълум қилиши шарт. Қонунчилик палатаси депутатларига Марказий сайлов комиссияси томонидан ўн кун ичида гувоҳнома ва кўкрак нишони берилади.

Шунингдек, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони тўғрисида намунавий низом тасдиқланди.

Депутат гувоҳнома ва кўкрак нишонидан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади. Депутат ўз ваколатларини амалга ошираётганда гувоҳномасини кўрсатиб, тегишли вилоят, туман ва шаҳар ҳудудида жойлашган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга монеликсиз кириш ҳуқуқидан, шунингдек, уларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

Нурилло НАСРИЕВ,

ЎзА мухбири


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: