07.05.2019

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси тўғрисида

АХБОРОТ

2019 йил 4 май куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси иши давом эттирилди.

Унда ҳукумат аъзолари, вазирлик ва марказий идоралар раҳбарлари, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Сенат аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Муҳокамада прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолияти мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга, қонун билан ҳимоя қилинаётган жамият ҳамда давлат манфаатларини таъминлашга, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилгани таъкидланди.

Кўрилган чоралар натижасида ҳисобот йилида жиноятчиликни ўтган йилга нисбатан 33,5 фоизга камайтиришга эришилди. 9022 та маҳалладан 2301 тасида (25,5 фоиз) бирорта ҳам жиноят содир этилмаган. “Global law and order” халқаро ташкилоти маълумотларига кўра, Ўзбекистон дунёнинг энг хавфсиз давлатлари рейтингида Сингапур, Норвегия, Исландия, Финляндия давлатларидан кейин 5-ўринни эгаллади.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида асосий эътибор жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг асл сабабларини аниқлашга, бунга шароит яратиб берган омилларни бартараф этишга қаратилди. Бу йўналишда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар билан ҳамкорликда “хавфсиз шаҳар”, “хавфсиз туризм”, “хавфсиз хонадон” тизимлари жорий этилди. Бош прокуратура академиясида Жиноят содир этиш сабабларини тизимли таҳлил қилиш ва ўрганиш маркази ташкил этилди, маҳаллалар кесимида жиноятлар сони ва турини таҳлил қилиш имконини берувчи электрон геоахборот хариталарини жорий қилиш ишлари бошланди.

Бир қатор вазифаларни инновацион йўл билан ҳал этиш имконини берувчи “Электрон жиноий-ҳуқуқий статистика” ахборот тизими ишга туширилди. Жиноят содир этишга мойил шахслар 9 та тоифага ажратилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, манзилли профилактика тадбирлари ташкил этилди.

Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, унинг саломатлигини сақлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш, ёрдамга муҳтож ва кам таъминланган фуқароларни ҳимоя қилишга қаратилган тадбирлар натижасида 28807 та оилага ёрдам кўрсатилди, фуқароларнинг 400 мингдан ортиқ муаммоси ҳал этилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан тадбиркорлик субъектларини самарали ҳимоя қилиш мақсадида қонун ҳужжатларини тушунтириш ва иқтисодий ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича 68,7 мингта тадбир ўтказилди. Тадбиркорлик билан ноқонуний шуғулланган 3483 нафар шахснинг рўйхатдан ўтиши таъминланди, 9,2 минг фуқарога тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, хуфёна иқтисодиёт ва коррупцияга қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада 8146 та ҳуқуқбузарлик аниқланиб, 3392 та маъмурий ва 4178 та жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишларининг 617 таси тадбиркорларнинг ҳуқуқлари бузилиши, 1731 таси мансабдорлик жиноятлари, 542 таси пул маблағларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ. 986 та яширин цех фаолияти тугатилиб, 8,6 миллиард сўмлик ноқонуний ишлаб чиқарилган маҳсулот олиб қўйилди. Шу билан бирга, валюта жиноятларига чек қўйилиб 9,8 миллион долларлик нақд чет эл валютаси ва 3,5 миллиард сўм олиб қўйилди.

Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳисобот даврида 1907 нафар мансабдор шахс турли кўринишдаги мансабдорлик жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилди. Аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга муросасизлик ҳиссини шакллантириш мақсадида 6819 та учрашув ўтказилди, оммавий ахборот воситалари орқали 948 маротаба чиқиш уюштирилди. Коррупциянинг олдини олишга бағишланган видеороликлар телевидение орқали мунтазам намойиш қилинмоқда.

Ҳисобот даврида фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга алоҳида эътибор қаратилди. Келиб тушган жами 477495 та мурожаатнинг 291413 таси бевосита прокуратура органлари томонидан кўриб чиқилиб, 270092 нафар фуқаро қабул қилинди. Прокуратура органларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан келиб тушган 104747 та мурожаатдан 98 мингтаси ёки 93 фоизи прокуратура органларининг ўзида ҳал этилиб, 39531 таси ёки 37,7 фоизи қаноатлантирилди, 52694 тасига ёки 50,3 фоизига тегишли тушунтиришлар берилди.

Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бажарилиши устидан доимий назорат ўрнатилиб, Бош прокуратурада амалга оширилган ишлар ҳақида кунлик ахборотларни жамлаш ва таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда дастурларнинг ижроси устидан онлайн режимда мониторинг олиб бориш имконини берадиган электрон дастур ишлаб чиқилди.

Бундан ташқари, 11,4 миллиард сўмлик иш ҳақи, пенсия, алимент ва бошқа тўловларни олишда амалий ёрдам кўрсатилди. Ноқонуний ҳужжатларга 1437 та протест келтирилди, қонунбузилишларни бартараф этиш ҳақида 539 та тақдимнома киритилди, 11,8 миллиард сўмлик зарарни ундириш ҳақида судларга 960 та ариза берилди. 1580 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонунбузиш ҳолатлари бўйича 261 та жиноят иши қўзғатилди.

Ҳисобот даврида прокуратура органлари томонидан энергетика ресурслари учун қарздорликни камайтириш бўйича муҳим вазифалар бажарилди. Жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан кўрилган чоралар натижасида 28,1 триллион сўм ундирилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида 2018 йил якунида энергия ресурслари ва ичимлик сувидан қарздорлик ўтган йилга нисбатан 70,3 миллиард сўмга камайди.

Суд ҳужжатлари ижросини таъминлаш борасида 16,4 триллион сўм ундирилди. Суд ҳужжатларини ўз муддатида ижро этмаган шахсларга нисбатан 13,1 миллиард сўм жарима қўлланилди.

Тегишли идоралар билан биргаликда 100 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари орқали 7945 маротаба чиқиш уюштирилди.

Шу билан бирга, фаолиятнинг айрим йўналишлари бўйича прокурор назоратини янада кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Жумладан, жиноятларни ҳисобга олмай яшириш, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан инсон ҳуқуқларини бузиш, ор-номус ва қадр-қимматни топташ ҳолларига тўлиқ барҳам берилмаётганлиги қайд этилди.

Тезкор-қидирув ишлари лозим даражада олиб борилмагани натижасида жиноятларнинг 3737 таси ёки 15,7 фоизи фош этилмади, қидирувда бўлган шахсларнинг 8188 нафари ёки 59,5 фоизи ушланмади.

Ҳисобот даврида 1100 нафар вояга етмаган шахс томонидан жиноят содир этилгани фуқароларнинг бу тоифасини ижтимоий ҳимоя қилиш, ўқитиш, улар қаровсиз қолдирилишининг ва улар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ишларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини тасдиқлаб турибди.

Бундан ташқари, прокуратура органлари давлат бошқаруви ва назорати органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқларини бузиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш, муаммоларини ҳал этишда сустлик қилиш ҳолларига чек қўйишга устувор даражада аҳамият бериши кераклиги таъкидланди. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра парламентнинг юқори палатаси аъзолари Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.

Ҳисоб палатасига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши Давлат бюджетини лозим даражада ижро этишга, бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларидан ва кредит ресурсларидан мақсадли фойдаланишга кўмаклашиши таъкидланди.

Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони ва бошқа ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ҳал қилишга, Давлат бюджетини шакллантирадиган ва унинг даромадларини кўпайтирадиган захираларни аниқлашга, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларини ижро этишга қаратилди.

Жумладан, ўрганиш ва таҳлил, кўрилган чора-тадбирлар ҳамда кўрсатилган ёрдам натижасида жойнинг ўзида солиқ тўловчилар – юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолияти таҳлил қилинди, Давлат бюджетига 4,7 триллион сўмлик даромадлар қўшимча равишда ундирилди.

Тегишли назоратни таъминлаш билан бирга, бюджет маблағларидан фойдаланиш масаласида йўл қўйилган камчиликлар сабаблари таҳлил қилинди, уларнинг олдини олиш чоралари кўрилди. Натижада камчилик ва хатолар, шунингдек, 1,2 триллион сўмлик ва 74,2 миллион долларлик самарасиз харажатлар аниқланди.

Ҳисоб палатасининг қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлари асосида 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва баённомалар қабул қилинди.

Шу билан бирга, Давлат бюджетига, давлат мақсадли жамғармаларига тушумларнинг тўлиқлигини, уларнинг мақсадли шаклланишини ва самарали ижро этилишини таъминлаш, солиқ соҳасида ислоҳотларни амалга ошириш ва бюджетга қўшимча даромад манбаларини аниқлаш бўйича ишларни мунтазам давом эттириш талаб этилади.

Бунда давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, Давлат бюджетини шакллантириш ва унинг даромадларини кўпайтириш захираларини аниқлаш ҳамда уларни ишга солишга, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар йиғилувчанлигини оширишга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг олий даражадаги ташрифлари давомида имзоланган ҳужжатларнинг, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга инвестиция лойиҳаларининг ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларнинг тўлиқ ҳамда самарали ижросига тўсқинлик қилаётган тизимли камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги ҳам таъкидланди. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин сенаторлар Тошкент вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.

Қайд этилишича, республика ялпи ички маҳсулотида Тошкент вилояти улуши 10,4 фоизни ташкил этади. 2018 йилда вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 38,3 триллион сўмга етди, 2017 йилга нисбатан ўсиш 106,4 фоизни ташкил этди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда саноат улуши анча юқори, бу йўналишда 2017-2018 йилларда умумий қиймати 7 триллион сўмлик 2418 та лойиҳа амалга оширилди, 29 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларида, шунингдек, қишлоқ хўжалигида янги лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 2018 йилда 4 мингдан зиёд янги иш ўрни ташкил этилди.

Иқтисодиётга инвестицияларни жалб қилиш ишлари натижасида 2017 йилда 147,1 миллиард сўм, 2018 йилда 1,25 триллион сўм ўзлаштирилди.

Вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 2018 йилда тижорат банклари томонидан жами 2,3 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бунинг эвазига 5 мингдан зиёд кичик бизнес субъектлари фаолияти йўлга қўйилди. Уларнинг умумий сони деярли 29 мингга етди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятга 2017-2018 йиллардаги ташрифлари вақтида берилган 800 дан ортиқ топшириқларни бажариш доирасида 560 дан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда. Масалан, 2018 йил февраль ойида Вилоят скрининг маркази ташкил этилди, натижада ҳомиладор аёлларни Республика скрининг марказига юборишга эҳтиёж қолмади.

Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари ва “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастури доирасида ҳам вилоятда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 2018 йилда 229 нафар ёшга 28,7 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар берилди, 830 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

Охирги икки йилда вилоят халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ижтимоий-иқтисодий соҳага доир 120 дан зиёд долзарб масалалар муҳокама этилди. Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан ижро этувчи ҳокимиятнинг 450 дан зиёд мансабдор шахслари ҳисоботлари эшитилди, тегишли тузилмалар раҳбарларига аҳолини ташвишга солаётган турли масалалар юзасидан 400 дан ортиқ депутатлар сўрови юборилди.

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида ҳудудларни ривожлантиришга ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти самарадорлигини оширишга салбий таъсир кўрсатадиган кўплаб муаммо ва камчиликлар борлиги қайд этилди.

Мавжуд муаммоларни ҳал қилишга айрим вазирлик ва идоралар комплекс ёндашмагани туфайли бу масалалар ўз аҳамиятини йўқотмади. Жумладан, Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари ҳамкорлиги етарлича самарали эмаслиги туфайли импорт ҳажмини камайтириш борасида сезиларли натижаларга ҳали эришилгани йўқ. Хусусан, 2018 йилда вилоятда экспорт ҳажми 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этди, импорт ҳажми эса 2,5 миллиард АҚШ долларига етди.

Вилоят аҳолисини ташвишга солаётган муаммолар орасида коммунал хизматларга оид масалалар йиллар давомида ўз ечимини топмаяпти. Жумладан, туман марказларидан олис ҳудудларда жойлашган кўп қаватли уйларнинг 46 фоизида иситиш тизимлари ишдан чиққан. Кўп қаватли уйлар хонадонларининг 80 фоизида иситиш батареялари тегишли тизимга уланмаган.

Маҳаллий буғ қозонлари қуриш назарда тутилган бўлишига қарамай, буларнинг барчаси мансабдор шахслардан қўйилган вазифаларга масъулиятлироқ ёндашишни ҳамда соҳага ихтисослашган вазирлик ва идоралар билан уюшган ҳолда иш олиб боришни талаб қилади. Муҳокама якунлари бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар 2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастурига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Аввал хабар берилганидек, Сенатнинг ўн еттинчи ялпи мажлисидаги тегишли қарори билан 2019 йилда кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастури тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер ҳўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингач, фермер хўжаликларининг ер участкалари мақбуллаштирилди. Шу муносабат билан Дастурга Сенат томонидан тасдиқланган тегишли ўзгартишлар киритилди.

Сўнгра сенаторлар Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Берилган имтиёзлар ва преференцияларга қарамай, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан санитария қоидалари ва нормаларига, гигиена нормативларига риоя қилинмаётган ҳолатлар кузатилаётгани, бу эса салбий оқибатларга олиб келаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан парламент сўрови юбориш зарурати юзага келди. Мазкур масала бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шундан кейин сенаторлар Сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазирига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг сув объектларига оқинди сувларни оқизишга йўл қўйиш шартларига риоя қилиш қисми ижроси ўрганилган. Натижада зудлик билан ҳал қилиш талаб қилинадиган қатор муаммолар аниқланган. Шу боис тегишли сўров юбориш зарурати пайдо бўлди. Масала сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторлар Контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўташга оид қонун ҳужжатлари ижроси ҳолати ва бу соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиёти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2018 йил 14 декабрдаги қарорига мувофиқ мазкур парламент сўрови Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига юборилган эди.

Параламент сўровига 2019 йил 20 мартда берилган батафсил жавобда мавжуд муаммо ва камчиликларни, хусусан, контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш ва уни ўтишнинг амалдаги тизимидаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий чоралар кўрилгани таъкидланди. Хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ҳарбий хизматдан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомнинг янги лойиҳаси, шунингдек, контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш тартибини такомиллаштириш, мавжуд сансоларликни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Ялпи мажлис давомида Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчисини тайинлаш, Олий суд таркибига ўзгартиришлар киритиш ва Олий Мажлис Сенати Кенгаши қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида 23 та масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси сенаторлари томонидан маъқулланган қонунлар жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга, ислоҳотларнинг изчиллигини таъминлашга, шунингдек, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги таъкидланди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг

Ахборот хизмати



DB query error.
Please try later.