29.01.2019

ОЛИЙ МАЖЛИС КАТТА ЎЗГАРИШЛАР ОСТОНАСИДА

Икки палатали парламент барпо этганимизга ҳадемай 15 йил тўлади. Шу вақт ичида қанча сув кечилди, кўп синовлардан ўтилди, ўзига хос тажриба тўпланди, сабоқ ва хулосалар ҳам чиқарилди.

Бугун одамни ҳар хил саволлар ўйлантиради. Ўтган йиллар давомида парламент мамлакатдаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий жараёнларда мустақил позицияси билан иштирок этдими? Депутатлар, сенаторлар «овоз бериш» тугмачасини босаётганда ҳа­қиқий иродасини кўрсатдими? Умуман, бугун ортга қаралганда, парламент ислоҳотларида нималарга эришилди-ю, нималарга улгурилмади?.. Ким ютди, ким ютқазди... Булар ҳақида узоқ гапириш мумкин. Олий Мажлисга Мурожаатномадан аён бўлмоқдаки, том маънодаги парламентга етиб бориш учун яна анча юриш, катта ўзгаришлар қилиш зарур. Ҳар ҳолда, демократиянинг талаби шундай.

17 январь куни жорий йилга мўлжаллаб қабул қилинган Давлат дастурида Олий Мажлис билан боғлиқ 10 га яқин бандда турли вазифалар белгиланди. Шулар бажарилса, парламент демократияси сари яна бир-икки қадам силжисак керак.

Аввало айнан қандай вазифалар белгиланганига эътибор қаратсак. Олий Мажлис палаталарининг норма ижодкорлиги ва парламент назорати йўналишидаги фаолиятини кучайтириш, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари устидан парламент назоратининг ахборот-таҳлилий фаолиятини такомиллаштириш, парламент палаталарида коррупцияга қарши курашиш қўмиталарини ташкил қилиш, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилиш каби ўта долзарб масалалар самарали ҳал этилиши кутиляпти.

Лекин бошқа гаплар ҳам бор. Бу йилги Давлат дастурининг биринчи қисми еттинчи бандида Олий Мажлис фаолиятини молиявий, моддий-техник, ташкилий таъминлашни такомиллаштириш бўйича вазифалар кўзда тутилди.

Парламент вакилларининг масъулияти, сайловчилар ишончини оқлаш, қонун ижодкорлигини яхшилаш, депутатлик назоратини кучайтириш мавзулари ҳақида кўп гапларни эшитганмиз. Аммо парламент зиммасига Конституция юклаган улкан вазифаларни бажариши, профессионал фаолият олиб бориши учун биринчи навбатда зарур бўладиган қўшимча салоҳиятли кадрларга, моддий-техник имкониятларга эгами-йўқми, деган савол тўғрисида ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз.

Ўз-ўзидан яна саволлар туғилаверади: шу вақтга қадар Олий Мажлиснинг фаолияти молиявий, моддий-техник ва ташкилий жиҳатдан яхши таъминланмаган эдими? Аввал вазият қандай эди? Неча йиллардан бери Давлат бюджети лойиҳаларини муҳокама қилиб, тасдиқлаб, ҳужжатга айлантириб берадиган ташкилотнинг ўзи таъминотдан қийналармиди?..

Шу йилнинг дастлабки кунларида Давлат дастури лойиҳаси муҳокамага қўйилганида бир бандда кўрсатилган масала эътиборни тортган эди. Тўғриси, кўпчилик уни ўқиб, ҳайрон ҳам бўлгандир. Унга кўра, парламент ­аъзоларининг ойлик маошини вазирлик ва идоралар даражасида ошириш кўзда тутилганди – масаланинг умумий мазмуни шундай эди. Бирдан хаёлдан шундай савол ўтади: «нима, парламент аъзоси вазирлик ходимидан кам иш ҳақи олармиди?..»

Саволнинг жавобига қизиқиб, мутасадди идоралар, Қонунчилик палатаси депутатлари билан суҳбатлашдик. Депутатларнинг илтимосига мувофиқ бу масалада тафсилотларга берилишдан тийилдик. Лекин саволлар очиқ қолди: Парламент аъзоси қанча иш ҳақи олади? Аксарият вазирлик-идоралардаги оддий ходимлар, айрим ҳуқуқ-тартибот органларининг энг қуйи бўлинмаларидаги ходимлар-чи?..

Тасдиқланган Давлат дастурида «парламент аъзолари ва парламент палаталари девони ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини қайта кўриб чиқиш» кўзда тутилди. Халқимиз вакилларининг, парламентда ишлаётган бошқа ходимларнинг молиявий таъминоти яхшиланишини, тўғрироғи, уларнинг бу борадаги иззати жойига қўйилишини ўйлаб, барибир, хурсанд бўлдик.

Давлат дастурида Олий Мажлис бюджетини шакллантириш ва ижро этишнинг янги механизмларини жорий қилиш масаласи белгиланиши бу йилдан парламент фаолиятида катта янгиликлар рўй бериши ҳақида яна бир яхши аломат бўлса эҳтимол. Бундан нимани тушуниш мумкин? Янги механизм жорий этилмоқчи... Демак, эски механизм самарали бўлмаган ёки бу борадаги ишлар демократик тартиб-қоидаларга унчалик мос тушмаган. Янги механизм нима беради? Бизнингча, ўз профессионал вазифаларини бажариши учун зарур бўладиган ресурс ва маблағларни сарфлашда Олий Мажлиснинг бошқа давлат идораларига боғлиқлигига чек қўйиш назарда тутилмоқда. Тўғри-да, акс ҳолда, парламентнинг парламентлиги қаёқда қолади?..

Эътиборга молик яна бир масала шундаки, «парламент делегацияларининг хорижий мамлакатларга ташрифларини ва чет эл делегацияларини қабул қилишни ташкил этиш ҳамда шу мақсадлар учун давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни сарфлаш масаласини Олий Мажлис палаталарининг тегишли қарори билан белгилаш тартибини жорий қилиш» назарда тутиляпти. Бундан кейин парламентга келган чет эл делегацияларини қабул қилиш, яъни меҳмонларни ҳурмат-иззат билан кутиб олиш масаласини парламентнинг ўзи ҳал қилади. Албатта, буни ҳам қувончли хабар, деб қабул қилиш керак. Аввал вазият қандай эди, деган саволга зарурат йўқ.

Олий Мажлиснинг моддий-техник таъминоти ҳақида муайян тушунча ҳосил бўлиши учун мисол келтириш мумкин. 2018 йил 19 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ахборот-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида 1035-сонли қарор қабул қилинди. Унда Қонунчилик палатасининг ахборот-коммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш учун компьютер техникаси, сервер ва коммуникация ускуналари, шунингдек, дастурий таъминлаш воситаларини харид қилиш масаласи ҳамда ана шу товарларнинг рўйхати (175 та замонавий компьютер, 50 та принтер ва бошқа техник воситалар) тасдиқланди. Бу қарорни Вазирлар Маҳкамаси қабул қилди. Қарорда шундай жойи бор: «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси... (иккита вазирлик билан бирга) таклифига розилик берилсин».

Давлат дастурининг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг ёрдамчиси вазифасини жорий этиш масаласи назарда тутилган эди. Кейинчалик режа ўзгарди ёки бошқа бандлар билан умумлаштирилди. Катта эҳтимол билан бу масала жорий йилда кўриб чиқилмаса керак. Бунинг ўзига хос сабаблари бор. Чунки давлат дастури лойиҳасида юридик йўналишдаги олий ўқув юртларининг илғор ва битирувчи талабалари орасидан жамоатчилик асосида депутатларга ёрдамчиларни танлаш таклифи назарда тутилган эди. Бундай амалиёт турли англашилмовчиликларни келтириб чиқариши мумкинлиги учун масала кун тартибидан олинган кўринади. Жамоатчилик асосида ишлаган ёш талабанинг масъулияти қандай бўлади, у депутатга ёрдам бера оладими ёки аксинча, депутат унга ёрдам бериши керак бўладими?.. Бу каби саволлар ҳолатга чуқурроқ ёндашишни талаб этади.

Кўпчилик билади, дунёнинг аксарият парламентларида депутат ёрдамчиси вазифаси мавжуд ва уларга давлат бюджетидан иш ҳақи тўланади. Ёрдамчи институтидан ташқари парламент, ундаги фракция ва қўмиталар фаолиятини самарали олиб боришга кўмаклашадиган кўплаб тузилмалар шакллантирилган. Бу борада дунёнинг илғор парламентларидан мисол келтириб, таққослаш фикридан йироқмиз.

Парламентнинг ўрни ва таъсири оширилаётган мамлакат учун бу масала ниҳоятда муҳим эканини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Олий Мажлиснинг 4-5 йил аввалги вазифалари кўлами билан (жорий йилда бўладиган янгиликларни қўшиб ҳисоблаганда) ҳозирги иш кўлами ўртасида катта фарқ борлиги кўриниб турибди. Ҳудудлардаги реал ҳолатни, қонунлар ижросини тизимли ўрганиш, таклифлар тайёрлаш, соҳалар бўйича таҳлил олиб бориш, тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунлар қабул қилиш, ҳукумат вакилларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитиб, уларнинг фаолияти бўйича асосланган хулосалар бериш ва бошқа бир қанча вазифалар ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас, албатта. Парламент сайловчилар олдидаги вазифаларини сифатли бажариши учун кўмакчи институтлар жуда зарур. Акс ҳолда, у мамлакатдаги реал ҳолатга таъсир кўрсатиши, халқ манфаатларини ҳимоя қилиши осон кечмайди.

Шунинг учун Давлат дастурида Олий Мажлис палаталари юридик хизматлари негизида юридик бошқармалар ташкил этиш, уларнинг штат бирлигини кўпайтириш, парламент палаталари қўмиталари ҳу­зурида улар фаолиятига бевосита ёрдам берадиган тузилмалар ташкил этиш масалалари қўйилди. Парламентнинг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти кучайишида янги тузилмаларнинг аҳамияти катта бўлади. Шундай қилиб, том маънода профессионал парламентни қарор топтириш бўйича реал ҳаракатлар кўпаймоқда.

Шу ўринда тарихий ривожланиш шароити мамлакатимизга нисбатан яқинроқ бўлган Латвия парламенти (сейм) фаолиятидан айрим мисолларни келтириш зиён қилмайди, деб ўйладик. Сеймда 100 нафар депутат ишлайди, ҳар бирида камида биттадан (кўпи – икки нафар) ёрдамчи бор экан. Уларни фракциялар ва депутатлар билан келишган ҳолда Сейм девони тайинларкан. Фракциялар катта-кичиклигига қараб, бир нафар котиб ва бир неча консультантга эга бўлиши мумкин. 2018 йил маълумотларига кўра, Латвия аҳолиси салкам 2 миллион кишини ташкил қилади.

Олий Мажлиснинг иш ҳажми ошгани, уларни сифатли амалга ошириш осон бўлмаётгани ҳақида депутатларимиз томонидан ўтган йили (ундан аввал ҳам) кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилганини эслаш жоиз. Уларнинг фикрича, Қонунчилик палатасига киритилаётган айрим қонун лойиҳалари турли вазирлик ва идоралар томонидан шошма-шошарлик билан тайёрланяпти, асословчи ҳужжатларнинг юзакилиги билиниб қоляпти, қонунчиликка киритилиши таклиф этилаётган баъзи меъёрлар устида чуқур таҳлил олиб борилмаяпти. Шу ва бошқа камчиликлар қабул қилинаётган қонунларнинг сифатига салбий таъсир ўтказиб келяпти.

2018 йилнинг сўнгги кунларида солиқ ва бюджет сиёсатининг янги йўналишлари қабул қилингани муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси парламентга жуда кечикиб киритилгани депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлганди. Ўшанда вақт тиғизлиги учун ҳажми кичик бўлмаган қонун лойиҳасини бир кечада ўзгартириб чиқишга тўғри келганди. Бу каби ҳолатлар қонунларнинг сифатига, ижро ва жамоатчиликка тушунтириш жараёнларига путур етказмасдан қолмайди. Мана, шу кунларда солиқ тизимидаги ўзгаришлар кенг аҳоли вакиллари ва тадбиркорларда жиддий англашилмовчиликлар, жуда кўплаб саволларни туғдирмоқда.

Умуман, парламентнинг таъсир доираси кенг, таҳлил ва мушоҳадаси чуқур, сўзи ўткир бўлиши, шубҳасиз, биринчи навбатда халқ вакилларининг ўзига, шунингдек, бошқа омилларга ҳам боғлиқ. Бу ҳақда гап кўп, лекин юқорида айтилганлари билан чекланамиз.

2019 йилда Олий Мажлис катта янгиликлар, узоқ кутилган ўзгаришлар остонасида турибди. Уларнинг умумий маъноси шундайки, давлатнинг парламентга эътибори, ҳурмати ортиши кутиляпти.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.