29.12.2018

ТАРАҚҚИЁТ ЙЎЛИМИЗНИНГ ШИДДАТИ ОШАВЕРАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрь куни Олий Мажлисга навбатдаги Мурожаатномани тақдим этди.

Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида бўлиб ўтган анжуманда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакиллари, нодавлат ташкилотлар фаоллари иштирок этди. Анжуманни видеоконференция алоқа тизими орқали вилоят, туман ва шаҳарлардаги маҳаллий кенгашлар депутатлари, барча бўғиндаги ижро ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, шунингдек, мамлакатимизнинг чет эллардаги элчилари кузатиб борди.

Бир йил муқаддам мамлакатимиз тарихида илк марта Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси тақдим этилган эди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган ушбу дастуриламал даражасидаги нутқ асосида жорий йил учун пухта амалий режалар тузилди, халқимизга муносиб ҳаёт барпо этиш йўлида эзгу ташаббуслар белгиланди.

Бу сафарги Мурожаатномада ҳам якунланаётган йилда амалга оширилган ишлар ва келаси йилга мўлжалланган режалар, Ватанимизнинг ички ва ташқи сиёсатидаги асосий тамойиллар баён этилгани билан барчада катта қизиқиш уйғотди.

Президент Шавкат Мирзиёев таклифига мувофиқ, жорий йилдаги ишларни мантиқий давом эттириш ва юксак босқичга кўтариш мақсадида 2019 йил мамлакатимизда Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб эълон қилинди.

Бир сўз билан айтганда, кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш ижроси мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очади, халқимизнинг янги, янада юксак марраларни қўлга киритишида пойдевор бўлиб хизмат қилади.

 

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.