13.12.2018

БИР КУНДА ЎЗГАРГАН ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

Танқиддан сўнг халқ вакиллари қатъий позиция кўрсата бошладими?..

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 10 декабрь куни ўтказилган мажлисида «2019 йилга бюджет-солиқ сиёсати Концепцияси ва 2020-2021 йилларга прогноз мўлжаллари қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилган, депутатларнинг эътирозларидан сўнг муҳокамани кечиктириш, лойиҳани такомиллаштириб, кейинги ялпи мажлисга киритиш ҳақида қарор қабул қилинган эди.

Айтиш керакки, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида ҳам кўриб чиқилган ҳамда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганди. Хусусан, фракциянинг айрим аъзолари кўриб чиқиш учун берилган вақт лойиҳани чуқур ўрганиш, таклифлар тайёрлашга етарли бўлмаганини таъкидлашди.

 

Алия ЮНУСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Анча аввалроқ берилиши керак бўлган лойиҳа 10 декабрь куни қўлимизга етиб келди ва энг қизиғи шу куннинг ўзида фракциямиз йиғилишида муҳокамага қўйилди. Аслида мазкур лойиҳа палата қўмиталари ҳамда фракцияларида кенг муҳокама этилиши, қабул қилингач, 10 кун ичида Сенатга юборилиши керак эди. Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўта мураккаб ва муҳим бўлган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кечиктириб киритилди.

Мамлакат бюджети ва солиқ сиёсатига алоқадор бўлган мазкур лойиҳа устида жиддий ва пухта ўйлаш, мулоҳаза юритиш, экспертлар хулосаларини жамлаш керак эди. Ана шу асосда ўз фикр-мулоҳазаларимизни билдиришимиз лозим эди. Асосийси, сайловчиларнинг фикрларини ўрганиш, таклифларини инобатга олиш талаб этилади. Қонун лойиҳасининг кеч топширилгани, ҳали унинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушуниб, ўрганиб олмасимиздан муҳокамага қўйилиши хато, деб ҳисоблаймиз.

Лойиҳада баҳсли саволлар, тушунарсиз меъёрлар кўп. Депутат сифатида масалани жиддий ёндашган ҳолда ўрганишимиз учун вақт берилмади. Лойиҳа юзасидан берилган саволларга ҳам аниқ жавоб ололмадик. Демак, музокара ва муҳокама талаб даражасида бўлмади. Ставкалар, солиқ сиёсати, пенсия таъминоти билан боғлиқ ва яна бошқа кўплаб саволларимиз очиқ қолиб кетди. Ваҳоланки, мазкур лойиҳа аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, мамлакат тараққиёти учун хизмат қилиши зарур.

Фракциямиз аъзолари тезкорлик билан йиғилишлар ўтказиш ва қонун лойиҳалари бу зайлда зудлик билан кўриб чиқилишига мутлақо қарши. Зотан парламентга киритилаётган ҳар бир лойиҳа маълум тартиб-қоидага асосланган бўлиши зарур. Масалани атрофлича ўрганиш, мутахассислар, керак бўлса, аҳоли вакиллари билан муҳокамалардан кейин қонун лойиҳаси қўмита ва фракция йиғилишларига киритилиши тарафдоримиз. Ана шунда қонунлар самара беради, тўғридан-тўғри ишлайди, тараққиётга, ривожланишга хизмат қилади. Акс ҳолда, юзаки қонунлар яратилиши давом этаверади. Умид қиламизки, қонун лойиҳаларини тайёрлаётган масъуллар мана шу жиҳатларни ҳисобга олиб, депутатларга ўрганиш, муҳокама қилиш, лозим бўлса, таклифлар ишлаб чиқиш учун имкон қолдиради.

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Мазкур қонун лойиҳаси 2019 йилги бюджет ва солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Концепциясига мувофиқ ишлаб чиқилган. У Бюджет, Солиқ кодекслари, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини назарда тутади. Лойиҳа Концепция ва 2020-2021 йиллар прогноз мўлжалларини амалга ошириш мақсадида қонунчиликдаги тегишли меъёрларнинг аниқ қўлланилиши, бюджетлараро муносабатлар ва солиққа тортиш соҳасидаги алоҳида масалаларни тартибга солиш бўйича ҳуқуқий шароит яратиши керак эди. Бироқ ушбу лойиҳа дастлабки ҳолатда фракциямиз аъзоларида кўплаб савол ва эътирозларни келтириб чиқарди.

Чунки қонун лойиҳасидаги ўзгартириш ва қўшимчалар нима сабабдан, нимага асосланган ҳолда киритилаётгани ҳақида аниқ фактлар йўқ эди. Таҳлиллар, ўрганишлар натижалари бўйича ҳам мисоллар келтирилмаган. Ҳолбуки, жамият тақдири билан бевосита боғлиқ бўлган лойиҳалар ҳар томонлама пишиқ-пухта ишланиши шарт.

Солиққа тортишда нега энди йирик тадбиркорлар ва кичик бизнес эгалари учун бир хил тартиб жорий қилинмоқда? Ушбу савол ҳам очиқ қолиб кетди. Ахир катта тадбиркорликдан шунга яраша даромад қолади, кичик бизнес эса кичик даромадлардан иборат бўлади. Шу жиҳатдан номутаносиблик юзага келган. Бунинг устига мавсумий тушумлар ўрганилиб, ана шу асосда солиқ ва имтиёзлар белгиланиши зарур.

Эртага ҳаётда ишламайдиган ҳавола меъёрларни тасдиқлашга ҳаққимиз йўқ. Қонун тўғридан-тўғри ишлаши керак. Президент ҳам, халқимиз ҳам шуни кутяпти. Бюджет, солиқ масалалари жуда жиддий бўлгани боис кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйиш зарурати ҳам бор.

Биринчи кунги йиғилишда вазир ўринбосарлари қатнашганди. Шунинг учун кўп саволлар жавобсиз қолди. Депутатлар талаби билан кейинги (11 декабрда бўлиб ўтган) мажлисда молия вазирининг ўзи иштирок этди. Қонун лойиҳаси солиқ тўловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, қайта муҳокама этилди ҳамда вазир парламент аъзоларининг фикр-мулоҳазаларини тинглади, ўринли эътирозларни маъқуллади...

Дарҳақиқат, 2018 йил 11 декабрь куни (яъни, кечиктирилган куннинг эртасига) парламент қуйи палатаси мажлисида қонун лойиҳаси қайта кўриб чиқилди. Масъул қўмитанинг қонун лойиҳаси устида олиб борилган ишлар юзасидан ахбороти эшитилди.

Маълум бўлишича, энг аввало, қонун лойиҳасининг номи унинг мазмунига мослаштирилган, яъни «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2019 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», деб ўзгартирилган. Бир қатор меъёрлар солиқ тўловчилар манфаатларидан келиб чиқиб, қайта кўриб чиқилган ва ўзгартирилган.

Жумладан, Солиқ кодексининг 681-моддаси — «Солиқ тўловчиларни паспортлаштириш» тартиби соддалаштирилган. Паспортлаштириш жараёнининг даврийлиги белгилаб қўйилган, яъни, уни ҳар йили эмас, балки уч йилда бир маротаба ўтказиш белгиланган. Шунингдек, солиқ тўловчиларни паспортлаштириш натижасида тузилган далолатнома солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблашга асос бўлишига доир меъёр, шунингдек, бу жараёнга ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини жалб этишга оид меъёр ҳам чиқариб ташланган.

Солиқ кодексида белгиланаётган «Мавзули экспресс ўрганишлар», «Хронометраж кўздан кечириш», тафтиш ўтказиш, текшириш сингари солиқ назоратининг шакллари қайтадан кўриб чиқилиб, янада такомиллаштирилган. Уларнинг аниқ субъектлари кўрсатиб ўтилган ва Кодекснинг тўғридан-тўғри амал қилиш устуворлиги таъминланган.

...Хуллас, дастлабки ҳолатида 107 моддадан иборат бўлган қонун лойиҳаси депутатлар, мутасадди вазирлик-идора вакиллари саъй-ҳаракати билан бир кун ичида ўзгартирилган, тўғрироғи, такомиллаштирилган ҳолда қабул қилинган.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.