Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
09.08.2018

САРҲИСОБ, РЕЖАЛАР, ТАКЛИФЛАР

Олий Мажлис Сенати қўмиталари ўтган 6 ой якунлари ҳисоботи ва келгусидаги ишлар ҳақида матбуот анжумани ўтказмоқда

Сенатда кўриб чиқиш учун халқаро шартномаларни ратификация қилиш билан боғлиқ 9 қонун, Республикамизнинг хорижий давлатлардаги дипломатик ва бошқа вакилларни лавозимга тайинлаш юзасидан 23 масала, Сенатнинг халқаро фаолиятини ривожлантириш соҳасида хорижий ҳамкорлар билан 50 дан ортиқ учрашув...

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган анжуманда Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов шу ва бошқа масалалар бўйича ҳисобот берди.

Қайд этилдики, Қўмита ташқи ишлар вазирлиги зиммасига юкланган вазифалар ижроси юзасидан ташқи ишлар вазирининг ахборотини эшитди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти мониторинги доимий олиб борилмоқда. Хусусан, соҳани ривожлантириш, мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини дунёга кенг тарғиб қилиш, сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, туристларни жалб этиш имкониятини кескин оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан хулосалар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, юртимизда инвестиция муҳитини такомиллаштириш бўйича ахборот-таҳлилий материаллар тайёрланиб, тегишли давлат органларига юборилмоқда. Сенат томонидан жаҳоннинг йирик банклари ҳамда молиявий институтлари вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувлар натижасида инвестицияларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишга, мамлакатимизда инвестициявий фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган таклифлар тайёрланди.

Анжуманда ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда келгуси режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Таъкидландики, шу йилнинг сентябрь ойида Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Бу борада Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Ташриф доирасида юртимизда «Ўзбекистон-Беларусь минтақалари форуми» ўтказилади. Мазкур форум давлатлараро парламентнинг келишуви асосида амалга оширилмоқда. Унда минтақа ҳаётига оид иқтисодий-ижтимоий масалалар кўриб чиқилади. Форумни ташкил этиш ишлари парламент назоратига олинган.

Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари учун ягона «Silk road visa»сини жорий этиш бўйича иш олиб борилаётгани қайд этилди. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида муҳокама қилинмоқда. Қўшни Қирғизистон ва Тожикистон давлатлари ҳам бунга катта қизиқиш билдирган. Яқин келажакда улар билан ҳам музокаралар олиб бориш режалаштирилган. Бунга қадар эса, ички ташкилот ва идоралар ўртасидаги келишувлар якунланиши, йўл харитасига эга бўлиш талаб этилади. Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий шаҳарлар билан яқиндан танишиш имкони туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси сарҳисобида эса «Ўрмон тўғрисида»ги ва «Ўсимликлар карантини тўғрисида»ги қонунлар кўриб чиқилгани таъкидланди. «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун ижросини ўрганиш давомида ветеринария соҳасида 1300 дан зиёд олий маълумотли кадрга эҳтиёж мавжудлиги, республикада чорвачиликка ихтисослашган беш мингдан ортиқ фермер хўжалигида ва икки мингга яқин паррандачилик хўжалигида ветеринария врачи штат бирлиги жорий этилмагани аниқланган. Уруғ етиштириш, деҳқон-фермер хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва яна қатор масалаларда ҳуқуқий асосни такомиллаштириш борасида ҳам чора-тадбирлар тизимли йўлга қўйилган.

Ўтган даврда жойларда деҳқонлар билан фаол иш олиб борилди. Хусусан, ҳосилдорликни ошириш ва аҳолининг томорқа ерлардан фойдаланиши ўрганилди. Март ойида Қашқадарё вилоятига сафар вақтида вилоятда ташкил этилган ишчи гуруҳлар билан биргаликда 2064 фермер хўжалигига ажратилган далаларда кузги бошоқли экинлар етиштириш, 65000га яқин аҳолининг томорқа еридан фойдаланиш ҳолати ўрганилиб, таҳлил қилинди. Улардан 899 ҳолатда самарасиз фойдаланилаётгани аниқланди. Бу масалалар юзасидан фермерлар ва аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилди, муаммоларни ечишда амалий ёрдам кўрсатилди.

Сув таъминоти оғир бўлган Шовот, Янгиариқ, Қўшкўпир ва Хива туманларида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масаласи атрофлича ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан таъсирчан чоралар қўлланилди.

Матбуот анжуманида журналистлар Сенат аъзоларига турли саволлар билан мурожаат қилишди. Озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масала қизғин баҳс-мунозарага айланди.

Бозор иқтисодиёти шароитида етиштирилаётган ҳар қандай маҳсулотга охирги нархни истеъмолчи белгилайди. Бу эса асосий эътибор ҳажмга эмас, сифатга қаратилиши зарурлигини билдиради. Деҳқон ва фермер экспортёрлар кўргазмаларда мунтазам иштирок этса, маҳсулотларни халқаро талаб даражасида қадоқлаш, сотувга тайёрлаш, уни қутиларга жойлашни ўрганса, экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларнинг нархи ошади, деди анжуманда иштирок этган мутахассислар.

Бундан ташқари, экспортга йўналтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун мажбурий талаблар эскирган усул экани қайд этилди. Юртимизда 20 миллион тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Айни пайтда мамлакатимизда мавжуд совитгичлар 600 минг тонна сиғимга эга яъни, умумий маҳсулотларнинг 3 фоизини узоқ муддат сақлаш имкониятига эга. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 40-60, ривожланаётган давлатларда эса 8-12 фоизни ташкил этади. Етиштирилаётган маҳсулотларни сифатли сақлаш, деҳқон-фермерлар даромадини ошириш мақсадида 2017-2021 йилларда 450 минг тонна сиғимга эга совитгичларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу эса қарийб 2 миллион тонна маҳсулот экспортини йўлга қўйиш имконини беради.

Олий Мажлис Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ҳам матбуот анжумани ўтказди. Унда жорий йил биринчи ярим йиллигидаги фаолият якунлари ва келгуси 6 ойга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Журналистлар қўмита ҳамда улар билан доимий иш олиб борувчи ташкилотлар вакиллари ва мутхассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклифлар бўйича ҳамкорлик қилиш масалалари келишиб олинди.

Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссия ўтказган анжуманда сарҳисоб, режалар ҳамда таклифлар қизғин муҳокама этилди. Жойлардаги муаммолар, аҳолини ўйлантираётган масалалар бўйича ОАВ вакиллари саволларига комиссия аъзолари батафсил жавоб берди.



Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.