17.07.2018

ПАРЛАМЕНТ КОМИССИЯСИ ЖАМОАТ ТАШКИЛОТЛАРИ ҲИСОБОТИНИ ЭШИТДИ

Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бош­қариш бўйича Парламент комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Таъкидландики, парламент комиссияси томонидан ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жараёни изчил давом этмоқда. Жорий йил 19 июндан 30 июнгача бўлган муддатларда ҳудудларда «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун ва Президентимизнинг «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида тадбирлар ташкил этилди.

Шунингдек, жорий йилда эълон қилинган давлат грантининг 3- ва 4-танловлари мавзуларининг асосий йўналишлари, иштирок этиш талаблари, грант лойиҳаларини тайёрлаш, ҳисоботларни тақдим этиш масалалари юзасидан комиссия аъзолари маҳорат дарслари ўтказди.

Парламент комиссияси йиғилишида ­ЎзЭОАВМАнинг 2017 йил якунларига бағишланган ҳисоботи эшитилди. Қайд этилишича, нодавлат телерадиостанцияларда фаолият юритувчи журналист, тасвирчи, монтажчи, реклама менежери ҳамда раҳбар ходимларнинг касбий малакасини ошириш мақсадида маҳаллий ҳамда хорижлик малакали мутахассислар иштирокида семинар-тренинглар ўтказилган. Халқаро ташкилотлар, элчихоналар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, вакиллари иштирокида халқаро тадбирлар ҳамда медиа-фестиваллар ўтказилган. Ижтимоий медиа-маҳсулотлар миллий фестивали, «Озод юрт тўлқинлари», «Журналистлар баҳори — 2017» медиа-фестиваллари ана шулар жумласидан.

Йиғилишда Журналистлар ижодий уюшмасининг 2017 йил якунлари бўйича ҳисоботи ҳам эшитилди. Жумладан, ОАВ ходимларини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Олтин қалам» ХII Миллий мукофоти учун ўтказилган халқаро танловда 530 нафар журналист 9500 дан ортиқ ижодий иши билан қатнашган. Улар орасидан 18 нафари танловда ғолиб ва совриндор бўлган.

Парламент комиссияси аъзолари Ўзбекистон ногиронлар жамиятига ажратилган давлат субсидияси доирасида 2017 йилда бажарилган ишлар бўйича ҳисоботни ҳам кўриб чиқишди. Жамият фаолиятини ривожлантириш бўйича тегишли тавсиявий қарор қабул қилинди.

Йиғилишда бошқа масалалар бўйича ҳам қарорлар қабул қилинди.



DB query error.
Please try later.