31.10.2017

МАЪМУРИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР: ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ НИМАГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ?

26 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини сифат жиҳатидан ислоҳ этишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқишди. Хусусан, «Савдо-саноат палатаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири ҳамда «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Ундан аввал Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида депутатлар ушбу қонун лойиҳаларини кенг таҳлил этиб, ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Қонун лойиҳаларининг мазмун-моҳияти нимадан иборат? Уларда қандай янги ҳуқуқий меъёрлар белгиланяпти?

Биламизки, Савдо-саноат палатаси алоҳида қонун билан тартибга солинадиган тадбиркорлик фаолияти субъектларини ихтиёрий равишда бирлаштирувчи ягона нодавлат нотижорат ташкилотидир. Бугун тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар замонавий ёндашувлар ҳамда илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда, қонунчилик базасини қайта кўриб чиқиш заруратини юзага келтирди.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларини самарали ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида қонуннинг янги таҳрири ишлаб чиқилди.

— Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга,— дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аҳад Аҳмедов. — Қонун лойиҳасида Савдо-саноат палатасининг мақомини оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, Савдо-саноат палатасига қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини ўрганиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказиш ваколати берилмоқда.

— Қонунчиликда халқаро шарт­номалар ва ташқи савдо шартномаларини бажаришда форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш тартиби белгиланган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Аваз Ўринбоев. — Лекин ички шартномаларни ижро этишда форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш тартиби қонунчиликда назарда тутилмагани, тадбиркорларга ноқулайлик туғдирмоқда. Шунинг учун Савдо-саноат палатасига бу масалада ваколатлар берилмоқда.

Умуман, қонун лойиҳасида назарда тутилган меъёрлар давлат ва бизнес ўртасидаги муносабатларнинг жадал ривожланиши, давлат органларининг хусусий тадбиркорлик субъектлари билан конс­труктив алоқалари мустаҳкамланишига хизмат қилади. Ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш учун ҳуқуқий асос шакллантирилади.

— «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси давлат бошқаруви тизимини ислоҳ этиш, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини самарали ташкил этишда катта аҳамиятга эга, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Комила Каромова. — Қонун ло­йиҳасида маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш тартибини белгиловчи нормалар тизимлаштирилиб, бирхиллаштирилган. Шунингдек, соҳада ягона стан­дарт­ларни ишлаб чиқиш, қонун ҳужжатларидаги камчиликлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш, давлат органларининг фуқаролар билан ҳуқуқий муносабатларини аниқ тартибга солишни назарда тутади.

Лойиҳада маъмурий ишларни кўриб чиқиш, улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилишнинг аниқ тартиби, маъмурий ҳужжатни бекор қилиш, ўзгартириш ёки ҳақиқий эмас, деб топиш асосларини белгилаш таклиф этилмоқда.

— Маъмурий тартиб-таомиллар кўпгина норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган. Бу борада ягона стандартлари мавжуд эмаслиги англашилмовчиликларни келтириб чиқаряпти, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат ­Турсунбоев. — Давлат органларида маъмурий амалиётни тушуниш, унинг тартибини белгилаш масаласида ҳам турли хил ёндашув мавжуд. Ушбу ҳолатлар махсус қонун қабул қилиш зарурлигини кўрсатади.

Қонун лойиҳасида маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширишнинг ягона тартибини жорий қилиш белгиланяпти. Ягона стандартларнинг жорий этилиши натижасида давлат хизматида ўзбошимчалик, суиистеъмол қилиш, коррупция ва бошқа салбий ҳолатлар сезиларли даражада камаяди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.