26.08.2017

МУСТАҚИЛЛИК ВА МИЛЛИЙ ПАРЛАМЕНТ

Миллий парламентимиз ривожланишини ўзига хос 3 босқичга ажратиб кўрсатиш мумкин. 1995 йилгача бўлган давр биринчи босқични қамраб олади. Бу давр ичида Конституция, 4 кодекс, 100 дан ортиқ қонун ва қарорлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. 1995-2004 йилларда бир палатали парламент шаклланди ва шу вақт орасида 138 қонун ва 467 қарор қабул қилинди. 2005-2016 йиллар учинчи босқич бўлиб, бу вақтда икки палатали парламент юзага келди.

Бу фикрлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ташаббуси билан «Мустақиллик ва миллий парламентаризмнинг шаклланиши ва ривожланиши» мавзусида ўтказилган конференцияда алоҳида таъкидланди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент вилоят, шаҳар, туман ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Конференцияда миллий парламентни ривожлантириш бўйича тарихий ислоҳотлар амалга оширилгани алоҳида қайд этилди. 2017 йилда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ҳамда 12 июлда парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, сиёсий партиялар аъзолари иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ғоялар парламент ҳаётида янги даврни бошлаб бергани таъкидланди.

— Бугунги кунда партиямиз фракциясида кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари ҳудудий ташкилотлар томонидан аҳоли орасида кенг муҳокама этилиб, ҳаётий таклифларни шакллантириш механизми йўлга қўйилди, — деди Олий Мажлис ­Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП ­фракцияси раҳбари Ҳотамжон Кетмонов. — Натижада фракция­ларнинг ўз принципиал позициясини намоён этиш жараёнлари янги босқичга кўтарилди. Бу ўз навбатида қонунларнинг ҳаётийлиги, халқчиллиги ошишига хизмат қилади. Яна бир янгилик, фракция йиғилишлари ва ялпи мажлисларда қонун лойиҳалари муҳокамаси жараёнига фаол ёшлар, маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва партия фаоллари таклиф этилаётганидир. Бу орқали йиғилишлар янада муҳокамаларга, баҳсларга бой тарзда ўтмоқда ва партиямиз иши ҳам такомиллаштирилмоқда. Жумладан, видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифаларни ўз ичига олган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унда партия ва унинг депутатлик корпуси ­фаолияти ­самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамда ташкилотлари томонидан билдирилаётган таклифлар сони ва сифати ҳам орт­моқда.

Шунингдек, партиямиз Сайловолди дастурини бугунги кун талаби асосида қайта кўриб чиқиш ва хорижий тажрибани ўрганган ҳолда қўшимчалар киритиш ишлари бошлаб юборилди. Ишчи гуруҳ аъзолари хонадонма-хонадон юриб, аҳолини, партия электоратини ўйлантираётган масалаларни аниқламоқда, пенсионерлар ҳамда ногиронларнинг талаб ва эҳтиёжларини ўрганмоқда. Барча йўналишдаги муаммолар таҳлили бўйича партия Дастурини содда, халқчил қилиб тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Албатта, ўзгаришларни амалга оширишда кадрлар ­муҳим ўрин тутади, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова. — Бу борада ишлаб чиқилган тизим, хусусан, кадрларни ўқитиш ва захира кадрлар билан ишлаш механизми йўлга қўйилишига кўп нарса боғлиқ.

Барча йўналишлардаги ишларимизни кенг жамоатчиликка етказиб беришда оммавий ахборот воситалари, биринчи нав­батда, партия нашрлари имкониятидан тўла фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Бунинг учун аввало ўзимиз фаоллашишимиз шарт. Хусусан, коммунал хизмат, тиббиёт, транспорт хизмати масалалари, бизнес билан боғлиқ муаммолар, уларнинг ечимлари бўйича таклифлар, ташаббусларни илгари суришимиз талаб этилади.

Конференцияда барча сиёсий партиялар фракциялари раҳбарлари ўз маърузалари билан чиқиш қилди. Шундан сўнг музокараларга навбат берилди, муҳим вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

— Бугун замон олдимизга қўяётган масалалар ҳар қачонгидан-да зийрак, ҳушёр ва ташаббускор бўлишни талаб ­этмоқда, — деди ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Ҳайдар ­Бобохонов. — Ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида фракция ва жойлардаги партия гуруҳлари ўзаро уйғун равишда фаолият олиб бориши, бир-бирини такрорловчи эмас, тўлдирувчи сифатида намоён бўлиши лозим. Яъни, фракцияда кечаётган жараёнлар ҳақида маҳаллий Кенгашларни хабардор қилиш, жойлардаги ҳақиқий аҳвол тўғрисида фракция аъзоларига ўз вақтида маълумот беришга алоҳида эътибор қаратиш тизимини янада такомиллаштиришимиз лозим. Биз шунга ҳаракат қиляпмиз.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳимиз ташаббуси билан 9 масала доимий комиссияларда муҳокама қилинган бўлса, шундан 2 масала сессияга киритилди. Бу рақамлар одамларни ўйлантираётган муаммоларга нисбатан олганда анча кам. Буни тан оламиз.

Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатларга мутасаддилар билан ҳамкорликда ечим топилмоқда.

Конференцияда парламент, фракциялар, барча даражадаги депутатлар фаолияти ва профессионаллигини янада ошириш, депутатликка ҳар томонлама муносиб номзодларни кўрсатиш билан боғлиқ долзарб масалалар бўйича ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири. 



DB query error.
Please try later.