19.08.2017

ИККИ ПАЛАТАЛИ ПАРЛАМЕНТ

демократик ислоҳотларнинг янги босқичида

Жаҳон тажрибаси шуни тасдиқлай­дики, демократияга эришиш учун, аввало, кучли парламентни шакллантириш талаб этилади. Мамлакат, мустақиллик ҳамда парламент каби улуғвор тушунчаларни бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Халқ ва миллат ҳаёти, тақдири билан боғлиқ қарорлар парламентда қабул қилинади. Шу маънода парламент мамлакат мустақиллигининг муҳим тимсолларидан биридир.

1991 ЙИЛ 1 СЕНТЯБРЬ. Мамлакатимиз давлат мустақиллигига эришгач, миллий парламентни ривожлантириш бўйича тарихий ислоҳотлар бошланди.

2000 ЙИЛ 25 МАЙ. Шу куни иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг иккинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан Ўзбекистон парламенти — Олий Мажлисни доимий асосда ишлайдиган икки палатали тизимга ўтказиш тўғрисидаги ғоя илгари сурилди.

2002 ЙИЛ 27 ЯНВАРЬ. Ўзбекис­тон Республикасининг Олий Мажлиси икки палатали парламентга ўтиши юзасидан референдум ўтказилди. Сайловчиларнинг қарийб 94 фоизи буни ёқлаб овоз берди. Шу асосда 2002 йил 4 апрелда «Референдум якунлари ҳамда давлат ҳокимияти ташкил этилишининг асосий принциплари тўғрисида»ги Конституциявий қонун қабул қилинди.

2004 ЙИЛ 26 ДЕКАБРЬ. Илк бор Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига сайлов, 2005 йил 9 январда такрорий овоз бериш ўтказилиб, 120 нафар депутат сайланди ва рўйхатга олинди. Шу асосда икки палатали парламентнинг қуйи палатаси — Қонунчилик палатаси шакллантирилди.

2005 ЙИЛ 17-20 ЯНВАРЬ. Конс­титуцияга мувофиқ, шу кунлари республикамиз ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг юқори палатаси — Сенатга сайлов ўтказилди. Сенат аъзолигига номзодлар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг катта ҳаётий тажрибага эга бўлган энг обрўли депутатлари орасидан кўрсатилди. Шунингдек, Сенатнинг 16 нафар аъзоси Президент фармонига мувофиқ тайинланди.

Тарихга муҳрланган ушбу муҳим саналар ва улар ортида турган воқеликлар орқали Ўзбекистонда икки палатали парламент шакл­ланди. Ўтган давр мобайнида палаталар ўртасидаги ваколатлар мутаносиб тақсимланди, шу билан бирга, сиёсий партиялар фракция­лари, депутатлар ваколатлари кенгайди.

Икки палатали парламентга ўтиш жараёни аслида қандай бўлди? Мазкур йўналишда қандай муҳим қонунлар қабул қилинди? Ўтган даврда икки палатали парламент фаолиятини кучайтириш бўйича қандай тажриба тўпланди?

Келинг, ушбу саволларга айнан шу жараённинг ичида юрган, парламентнинг ўзида туриб, ушбу ислоҳотларда асосий иштирокчи бўлаётган кишилардан жавоб олсак.

— Мамлакатимизда икки палатали парламентнинг қарор топиши ўз вақтида сиёсий ислоҳотларнинг энг катта, жўшқин ва марказий воқеаси бўлди, десак адашмаймиз, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Алия Юнусова. — Бу давлатчилигимиз тараққиётида, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда янги босқични бошлаб берди.

Ўша пайтда мен парламент қуйи палатаси депутатлигига сайландим. Очиғи, бошида қандайдир ҳаяжон, қўрқув каби ҳиссиётлар чулғаб олганди. Зиммамиздаги масъулият жуда катта эди. Бир палатали парламентдан икки палатали парламентга ўтиш жараёни қандай кечиши кўп жиҳатдан депутатлар зиммасида эди. Сайловчилар бизни кузатиб турибди, янги ташаббусларни кут­япти. Шунингдек, мамлакатда катта демократик ўзгаришлар, янгиланишлар бўлди. Ҳар бир босқичга, ҳар бир қадамга тайёр туришимиз талаб қилинарди. Шу кундан бошлаб жиддий ва мунозарали музокаралар бошланди.

Гап шу ҳақда кетганда бир фикр­ни алоҳида таъкидламоқчиман. ХХ асрнинг 90-йилларида икки палатали парламентнинг моҳиятини кўпчилик англаб етиши қийин эди. Шунинг учун муайян даврда тар­ғибот ишлари олиб борилди. Давлат тизимида, аҳоли орасида парламент демократияси, унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти тушунтирилди, кўникмалар мустаҳкамланди. Агар шундай қилинмаса, бу борада етарли тажрибанинг мавжуд эмаслиги, икки палатали парламентнинг ишлаш механизмини яхши тушунмаслик ҳоллари келиб чиқиш эҳтимоли йўқ эмасди.

Шуларни инобатга олиб, бу борадаги ислоҳотлар босқичма-босқич олиб борилди. Дастлаб бир палатали миллий пар­ламент шакл­лантирилди ва ёш мустақил давлатнинг демократик сиёсий тизими яратилди. Бу адолатли фуқаролик жамияти, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва бошқа соҳаларнинг ҳу­қуқий негизини яратиш, профессионал асосда ишлайдиган парламентни шакллантириш бўйича тажриба тўплашда катта аҳамиятга эга бўлди.

Шундан кейингина икки палатали парламентга ўтиш масаласи кун тартибига қўйилди. Ўшанда Биринчи Президентимиз икки палатали парламентни барпо этиш мақсадини аниқ қилиб асослаб берди.

Аввало, парламент ўз ваколатларини самарали амалга ошириши, ҳар томонлама асосли ва пухта қарорлар қабул қилиши учун зарур бўлган ўзаро мувозанат тизимини яратиш, Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини доимий профессионал тарзда олиб боришини назарда тутган ҳолда, парламентнинг қонун ижодкорлиги борасидаги ишининг сифатини кескин ошириш керак эди. Шунингдек, Сенат асосан маҳаллий Кенгашлар, ҳудудларнинг вакилларидан иборат бўлишини ҳамда вакиллик вазифасини бажаришини инобатга олиб, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришиш, аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кў­ламини янада кенгайтириш назарда тутилди.

Икки палатали парламентга ўтиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Консти­туция­сига ўзгартишлар киритиш асосида катта ислоҳотлар олиб борилди.

Миллий парламентаризм ривож топишининг янги даври Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисидан бошланиб, парламент депутатлари ва сенаторлари амалда ўз ишларига киришдилар. Мамлакатимиз қонун чиқарувчиларининг ана шу тарихий анжуманида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов маъруза қилди. Унда жамиятимизни демократлаштириш ҳамда янгилашнинг аниқ ва теран асослантирилган концепция­сини, шунингдек, мамлакатимизни 2005 йилда ва узоқ муддатли истиқболда ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилишнинг асосий вазифалари илгари сурилди.

Икки палатали парламент ташкил этилгач, Ўзбекистон Республикасида қонун чиқарувчи ҳокимият ўз тараққиётида янги поғонага кўтарилди. Энг асосийси, гарчи қонунчилик жараёни анча мураккаблашган бўлса-да, қабул қилинган қонунларнинг сифати сезиларли даражада ошди. Қонунларни қабул қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайди. Қонун лойиҳаларини партияларнинг фракцияларида олдиндан кўриб чиқиш, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида ҳуқуқий ҳужжатлар ло­йиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини албатта эшитиш амалиёти шаклланди.

— 2004 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган эдим. Шуни айтиш керакки, мамлакатимизда икки палатали парламентга ўтиш босқичидаги ҳар битта жараён тарихга кирди, — дейди иқтисод фанлари доктори, профессор Шарбат Абдуллаева. — Кўпчилик яхши билади, 2000 йилга келиб Ўзбекис­тонда давлат ҳокимияти Конс­титуцияга мувофиқ, ҳокимия­т­нинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосан ташкил этилди. Ке­йинги бос­қичда эса ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро манфаатлар мувозанатининг самарали тизимини жорий этиш вазифаси қўйилди. Бу ҳам, энг аввало, парламент фаолиятини қайта ташкил этиш, унинг назоратини кучайтириш, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар ўртасида ти­йиб туриш принципини амалда таъминлаш орқали амалга оширилиши мумкин эди.

Ушбу масалаларни ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш бошланди. Дастлаб «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги Кон­­­­­­­с­­титуциявий қонунлар қабул қилинди. Улар асосида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун, «Ўзбекис­тон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонун, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги қонун ва бош­қа муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Мазкур қонунларда Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг, жойлардаги давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг мақоми, ваколатлари ва фаолиятининг кафолатлари белгилаб қўйилган.

Мухтасар қилиб айтганда, мазкур қонунлар мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

— Парламент ислоҳотлари ҳақида гап кетганда бир масалани алоҳида қайд этиш жоиз. 2008 йилнинг 1 январидан мамлакатимизда «Давлат бош­­­қарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғ­рисида»ги Конституциявий қонун кучга кирди. Эътиборлиси, мазкур қонун билан сиё­сий пар­тиялар фракцияларига катта ҳуқуқ берилди, қонун ижодкорлиги жараёнида уларнинг ваколати кенгайди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Дилмурод Саъдуллаев. — Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида кўпчилик ўринни эгаллаган сиёсий партия фракцияси парламентдаги кўпчиликни ташкил этиши; блок тузадиган бир нечта сиё­сий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ҳам парла­мент­даги кўпчиликни ташкил этиши; янгидан шакллантирилган ҳукуматнинг тутган йўли ва дас­турига ёки унинг айрим йўналишларига қўшилмайдиган сиё­сий партиялар фракциялари, шунингдек, Ўзбекис­тон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар ўзларини мухолифат деб эълон қилиши мумкинлиги белгиланди.

Бу борадаги ислоҳотлар йиллар ўтган сайин янада кучайиб борди. Масалан, Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва ­фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси илгари сурилди. Унда ифода этилган ғояларнинг рўёбга чиқиши давлат бош­қарувини демократлаштиришда, сиёсий партияларнинг таъсир кучини оширишда туб бурилиш даврини бошлаб берди. Бундан таш­қари, ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатасининг регламентига киритилган ўзгартишлар парла­мент­даги қонунчилик фаолияти сифатини оширишда сиёсий партиялар фракцияларига муҳим ваколатлар берди. Мухтасар қилиб айт­ганда, бугунги кунга келиб, сиё­сий пар­тия­лар фракциялари профессионал асосда фаолият юритиши, ўз фикри, позициясини билдириши, ҳимоя қилиши учун етарли имкониятга эга бўлди.

Натижада парламентдаги муҳокамалар янада изчил тус олиши, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар ўртасидаги соғлом рақобат ва ўзаро тортишувлар жараёни қизғин кечиши учун шароит яратилди.

2016 йил 11 апрелда парламент назоратининг мақсади, субъект­лари, шакллари, қолаверса, жавобгарлик масалалари белгилаб берилди. «Парламент назорати тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун ижро ҳокимияти фаолияти устидан самарали парламент назоратини ўрнатишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Лекин қонунлар қанчалик мус­таҳкам бўлмасин, вакиллик ҳокимиятининг мавқеи қанчалик кўтарилмасин, парламент билан боғлиқ ислоҳотларнинг қай даражада халққа фойда бериши энг биринчи навбатда, депутатлар ва сенаторларнинг ўзига, уларнинг дунёқараши, журъати ва фидойилигига чамбарчас боғлиқ экан. Парламент аъзолари шу юрт, шу халқ учун астойдил жон куйдирмаса, «қани, буёғи нима бўлар экан?», деган хаёл билан томошабинлик позициясида турса, ҳаётимизда жиддий ўзгаришлар бўлиши, одамларнинг юксак ишончи оқланиши қийин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 12 июль куни парламент аъзолари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан учрашувда билдирган фикрлари, муҳим таклифлари парламент ислоҳотлари замон шиддатидан сезиларли даражада ортда қолганини кўрсатди. Қабул қилинаётган ҳар бир қонун лойиҳаси сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича муҳокама қилиниши, фракциялар ушбу масалаларда принципиал позициясини намоён этиши шартлиги уқтирилди.

 Давлатимиз раҳбари кўрсатиб ўтган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб, қонун лойиҳаларига таклиф, муносабат билдиришда партия электорати манфаатларидан келиб чиқиб, депутатлар ўз позициясини билдириши талаб этилади. Жойлардаги ҳақиқий аҳволни изчил ўрганиш, парламент сўрови имкония­тларидан янада кенгроқ фойдаланиш керак.

«...қонунларни қабул қилиш жараёнида янги тизим — аҳоли билан муҳокама қилиш тизимини жорий этиш лозим», дейилди йиғилишда. Демак, жамоатчилик, сайловчилар билан мулоқотларни янада кўпайтириш керак. Қонун лойиҳаси парламентда муҳокама этилаётганда ушбу ҳужжат бўйича одамлар қандай фикр билдиргани, эътирозлар, таклифлар нималардан иборат бўлгани юзасидан алоҳида чиқиш қилиш вақти келди. Депутат шунчаки қонун лойиҳасига шарҳ бериши, таклифларини айтиш билан чекланмаслиги керак. «Ушбу ҳудуд аҳолисининг фикри бундай бўлди, бу жойдаги одамлар ана шундай мулоҳаза юритди», деган баённомалар ўқиб эшиттирилмасдан, парламентдаги муҳокамалар телевидение орқали жонли тарзда кўрсатилиши ҳар тамонлама тўғри ва самарали бўлади. Шундагина ҳар бир қонун лойиҳаси янада пухта ва мукаммал бўлади.

 

Албатта, жамият, замон ўзгариши билан икки палатали парламентимиз фаолияти ҳам ривожланиб, давр билан ҳамнафас бўлиб бораверади. Ҳозир депутатлар ва сенаторлар ҳар ойда 10-12 кун давомида ўзи сайланган ҳудудга бориб, сайловчилар муаммоларини, ижроия ҳокимият органи, прокуратура ва ички ишлар бўлими фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши ва тегишли хулоса бериши юртимизда демократияни қарор топтиришда долзарб аҳамиятга эга.

Шу маънода парламент фуқароларнинг хоҳиш-истаклари рўёбга чиқиши, инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун, деган олижаноб ғоя амалга ошишининг муҳим кафилидир.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.