01.08.2017

Депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар

2017 йил 31 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Кун тартибига 22 та масала киритилди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги, «Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари муҳокама этилди. 

Мажлисда қайд этилганидек, қонун лойиҳалари 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқилди. 

Шуни таъкидлаш керакки, жорий йил 12 июль куни парламент ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашув чоғида мамлакатимиз раҳбари томонидан билдирилган вазифаларни инобатга олган ҳолда Қонунчилик палатасида қонун лойиҳаларининг дастлабки тарздаги муҳокамаларини ташкил этишга бўлган ёндашув қайта кўриб чиқилди. Хусусан, қонун лойиҳалари фақат Қонунчилик палатасининг ўзидагина эмас, балки жойларда ҳам муҳокама этилди. Муҳокамаларда ҳудудий партия ташкилотларининг, халқ депутатлари тегишли Кенгашларидаги партия гуруҳларининг вакиллари, шунингдек, оддий фуқаролар иштирок этдилар. Давлат раҳбарининг мазкур ташаббуси аҳоли ўртасида кенг қўллаб-қувватланди ва қонун лойиҳаларининг янада пухта ишлаб чиқилишига кўмаклашди. 

Бундан ташқари, қонун лойиҳаларининг қўмиталар, Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари, Экоҳаракат депутатлар гуруҳидаги дастлабки тарздаги муҳокамаларига Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари, экспертлар ва мутахассислар таклиф этилди. Шу тариқа турли табақалар ва гуруҳларнинг, экспертлар ҳамжамиятининг қонун лойиҳаларини муҳокама қилишдаги манфаатлари инобатга олиниши таъминланди. 

Депутатлар ўз ишларини «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар. Таъкидландики, унинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, уларнинг фаолиятига давлат органлари ва бошқа ташкилотлар асоссиз аралашувининг олдини олишга, бизнес-омбудсман институти фаолиятининг ҳуқуқий механизмларини белгилашга қаратилган. 

Депутатлар мазкур қонун тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш учун кенг имкониятлар очишини алоҳида таъкидладилар. Шуниси ҳам борки, бу фақат ўзимизнинг тадбиркорлар учунгина эмас, балки ўз бизнесини Ўзбекистон Республикасида амалга ошираётган хорижий компанияларга ҳам тааллуқлидир. Зеро, қонун лойиҳаси илғор хорижий тажрибани, хусусан, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Австралия, Канада, Жанубий Корея каби мамлакатлар тажрибасини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилди. 

«Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш пайтида уни тайёрлаш болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишни таъминловчи ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий шарт-шароитларни яратиш зарурлиги билан боғлиқ эканлиги таъкидланди. Асосий мақсад – болаларни бузғунчи, уларнинг руҳиятига зарар етказувчи таъсирлардан ҳимоя қилиш, шунингдек, уларнинг саломатлигига зиён етказувчи ахборот тарқатилишининг олдини олиш, чеклаш ва тақиқлашдан иборат. Ушбу қонун қабул қилингач, депутатлар таъкидлаб ўтганларидек, унинг қоидаларини амалга ошириш мамлакатимиз раҳбарининг доимий эътибори остида амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланади. 

Сўнгра депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 февралда қабул қилинган «Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорини амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилган «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Ҳозирги кунга қадар ҳуқуқий ахборотни тарқатиш тартиби 20 тадан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинмоқда. Лекин уларда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари аниқлаштирилмаган. Шу билан бир қаторда, ҳуқуқий ахборотни тарқатиш усуллари тизимлаштирилмаган эди. Натижада амалиётда мазкур соҳада жиддий камчилик ва нуқсонлар кўзга ташланмоқда. Мажлисда қайд этиб ўтилганидек, қонун қабул қилингач, ана шу барча масалалар ҳал этилади. 

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи бошқа қонун лойиҳаси ҳам амалий хусусиятдаги камчиликлар ҳамда нуқсонларни бартараф этишга қаратилгандир. Муҳокамалар жараёнида таъкидландики, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Фуқаролар мурожаатларига жиддий эътибор қаратиш бундан буён ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сиёсатининг асосий хусусияти ва устуворликларидан бири бўлиб қолади. Шу муносабат билан ушбу соҳадаги барча янгиликлар қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Чунончи, ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгач, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашга оид ҳуқуқий механизмлар аниқлаштирилади ва ойдинлаштирилади. Бу, пировард натижада, мазкур соҳадаги ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга кўмаклашади. 

Қонун лойиҳалари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлганлигини қайд этиб ўтиш керак. Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар ва Экоҳаракат депутатлар гуруҳининг вакиллари ўз дастурий ҳужжатларидан, сайловчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз нуқтаи назарларини билдирдилар. Депутатлар биринчи ўқишда кўриб чиқилган қонун лойиҳаларини концептуал жиҳатдан маъқулладилар. 

Шу билан бирга, мажлис давомида депутатлар қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамалари доирасини изчил кенгайтириб бориш зарурлиги тўғрисида якдил фикр билдирдилар. Шу муносабат билан жамоатчиликнинг кенг доиралари учун қизиқарли бўлган энг долзарб қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасининг расмий веб-сайтида жойлаштириш ҳақида қарор қабул қилинди. 

Шунингдек, мажлисда қонун лойиҳаларини иккинчи ўқишга тайёрлаш доирасида уларнинг жамоатчилик муҳокамаларини жойларда тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг, ҳудудий партия ташкилотларининг, ёшлар, аёллар, кекса авлод вакиллари, турли соҳалар экспертлари ва мутахассислари иштирокида ташкил этиш юзасидан таклиф билдирилди. 

Шуниси ҳам борки, бундай амалиёт парламент қуйи палатасида бир неча бор синовдан ўтказилган. Хусусан, бу гал ҳам Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини муҳокама этиш бўйича мажлиси Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вакиллари, Қонунчилик палатаси қўмиталари ҳузурида фаолият кўрсатаётган эксперт гуруҳларининг аъзолари иштирокида бўлиб ўтди. 

Амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг муҳимлигини инобатга олган ҳолда уларнинг моҳияти, мазмуни ҳамда аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтириш зарурлиги таъкидланди. Депутатлар мамлакатимиз раҳбари билан учрашувдан сўнг ўзлари учун хулосалар чиқариб олдилар, билдирилган фикр ва мулоҳазаларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилдилар. Шу муносабат билан давлатимиз раҳбарининг барча таклифлари депутатлар корпусининг кундалик фаолиятига фаол жорий этилмоқда ва уни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. 

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

* * *

Мусулмонбек Иброҳимов, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вакили: 

– Давлатимиз раҳбарининг ёшларга бўлган юксак эътибори туфайли бугунги кунда депутатлар корпуси билан, шу жумладан, қонун ижодкорлиги жараёнида яқин алоқалар ўрнатилган. Бугунги кунда ёшлар у ёки бу қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикрлари, таклифлари ва тавсияларини билдириш имкониятига эгадирлар. Мазкур амалиёт, ўз навбатида, ёшларнинг манфаатлари қонунчилик даражасида ҳисобга олинишига имкон бермоқда. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражаси, уларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти юксалиб бормоқда, бу жамиятда қонунга итоаткорлик хулқ-атворини шакллантиришда, ҳуқуқ устуворлиги принципи сўзсиз рўёбга чиқарилишида муҳим аҳамиятга эга. 

Мирзатилла Тиллабоев, Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази директори ўринбосари: 

– Бугунги мажлисда биз депутатлар корпуси қонун ижодкорлиги жараёнига, шу жумладан, қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига бўлган ўз муносабатини принцип жиҳатидан ўзгартирганини кўриб, ишонч ҳосил қилдик. Давлатимиз раҳбарининг парламент, сиёсий партиялар вакиллари билан учрашуви уларнинг фаолиятини такомиллаштиришда, сайловчилар билан икки томонлама алоқани мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнади. Ишончимиз комилки, қонун лойиҳаларининг жойлардаги жамоатчилик муҳокамалари ҳам қонун лойиҳаларини пухта ишлаб чиқишда, турли табақалар ва гуруҳларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олишда катта аҳамиятга эга бўлади. 

Даврон Арипов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати: 

– Халқ билан мулоқот, фуқароларнинг мурожаатларига жиддий эътибор қаратиш, инсон манфаатларини инобатга олиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви институтларига нисбатан одамларнинг муносабати, шубҳасиз, яхши томонга ўзгаришига кўмаклашди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ, депутатлар бундан буён ҳам мазкур масалаларга биринчи даражали эътибор қаратадилар. Шунингдек, биз қонун лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамаларини ўтказишда маҳаллий Кенгашлар депутатларига ташкилий-услубий ёрдам кўрсатиб борамиз. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати


DB query error.
Please try later.