04.02.2017

ПАРЛАМЕНТ АЪЗОЛАРИ

ҳудудларда аҳоли вакиллари билан мулоқотда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда. Мухбирларимиз уларга ҳамроҳ бўлишмоқда

Тошкент вилоятидан сайланган Сенат аъзолари ва депутатлар Қуйи Чирчиқ туманида сайловчилар ва электорат вакилларининг турмуш шароити, кайфияти, ­муаммолари билан яқиндан танишмоқда.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда Ворисова, Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Алия ­Юнусова кунни кўптармоқли марказий поликлиника фао­лия­ти билан танишишдан бошлади. Биз ҳам уларга ҳамроҳлик қилдик.

Болалар бўлимига кириб бордик. Йўл-йўлакай поли­­­­­к­линика мудири Гулбаҳор Сахиевашифохона ҳақида маълумот берди:

— Поликлиникамиз 200 ўринга мўлжалланган. Икки сменада ишлаб келяпмиз. Шифохонада тор доирадаги мутахассислар, диаг­нос­тика, сил касалликлари, болалар бўлими ҳар куни аҳоли хизматида. Рентген, УЗИ, ЭКГ текширувлари йўлга қўйилган.

— Аҳолига сифатли хизмат кўрсатилишида қандай муаммолар, камчиликлар бор?

— Бизда тор доирадаги мутахассислар етишмайди. Мисол учун, акулист, фитизиатор, болалар невропотологи каби шифокорларга эҳтиёж сезил­япти.

Қишлоқ врачлик пунктлари бўйича ҳам бизни ўйлантираётган масалалар оз эмас. Туманда 17 та қишлоқ врачлик пункти фаолият юритади. Уларнинг атиги иккитаси махсус лойиҳа асосида қурилган бинода, 15 таси эса мослаштирилган бинода жойлашган. Улуғбек, Тошовул қишлоқ врачлик пункт­ларининг бинолари замон талабларига жавоб бермайди. 6 таси капитал таъмирга муҳтож.

— Тез тиббий ёрдамнинг аҳволи қандай?

— Тез тиббий ёрдам марказий бўлимимиз бор. Унга 8 шохобча бириктирилган. Ҳозирги кунда 10 та тез тиббий ёрдам машинаси хизмат кўр­сатаётган бўлса, уларнинг 7 таси яроқлилик муддатини ўтаган.

Парламент аъзолари палаталардаги шарт-шароитлар билан танишиб, беморлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашди.

Шундан сўнг шифохонанинг флюорография, тез ёрдам, стоматология бўлимлари, сил касалликларига қарши кураш диспансерида бўлдик. Беморлар билан суҳбатлашилиб, уларнинг тиббий хизмат кўрсатиш сифати ҳақидаги фикр ва таклифлар ўрганилди.

— Президентимиз Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан туман ва шаҳарларда ҳақиқий аҳволни ­ўрганиб, тегишли раҳбарларнинг ҳисоботини халқ депутатлари Кенгашлари сессияси муҳокамасига киритиш таклифини ­илгари сурди, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси ­Мақсуда Ворисова. — Бу нақадар тўғри ва долзарб таклиф бўлганини бугун яна бир бор англадим, хулоса қилдим. Албатта, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва сенаторларнинг ижроия ҳокимияти органи, прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолиятини ўрганиб, таҳлил қилиши, тегишли хулосалар бериши самара келтиради, муам­моларни ҳал этишда катта аҳамият касб этади, деб ишонаман.

Бугун поликлиника фаолияти билан яқин танишдик, бу ердаги шарт-шароитни ўз кўзимиз билан кўрдик. Болалар бўлими капитал таъмирга муҳтож. Бинонинг ички қисмида сув йўқ. Бундан ташқари, жиҳозлар талаб даражасида эмас. Реанимация хоналари ҳам таъмирталаб...

Дўстобод шаҳарчаси, Ибн Сино кўчасидаги Матлуба ­Ускинбоева хонадонидамиз.

— Икки ўғлим, бир қизим бор, — дейди у. — Қизимни турмушга узатганман. Катта ўғлим машина паркида ишлайди. Кичиги уч йилдан бери касал. Умуртқаси синган. Шундан бери ҳаракатсиз ётибди.

— Ўғлингиз учун нафақа оласизми? — сўради депутат.

— Ҳа, анча югур-югур билан тўғирладим.

Депутат Алия Юнусова ­Матлуба аянинг 18 ёшли ўғли билан суҳбатлашди. Унинг ҳолати, ўй-фикр­лари билан қизиқди.

— Йилнинг ҳар чорагида қонунчиликка мувофиқ, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиларди, — деди Алия Юнусова хонадондан чиқар эканмиз. — Учрашувларда аҳоли ва электорат вакиллари ­томонидан турли муаммолар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид таклифлар кўтариларди. Бироқ уларни ўша жойнинг ўзида ҳал этиш, ижроия ҳокимияти органи масъулиятини ошириш бўйича аниқ механизм йўқ эди. Биз, депутатлар ҳақиқий аҳволни яқиндан билмаганимиз учун умумий хулосалар чиқарар эдик. Тўғрисини айтганда, ­ак­­са­­рият ҳолларда бизга қатъият етишмасди. Бундан кейин зиммамиздаги масъулият икки ҳисса ортади.

Куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоевга ҳамроҳ бўл­дик.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар ­коллежида ўқувчилар икки сменада ўқишаркан.

— Коллежимизда 869 нафар ўқувчи 7 йўналишда таълим олади, — дейди директор ўринбосари Илҳом Ҳайит­қулов. — Уларнинг амалиёти бўйича 26 ташкилот билан шартнома тузилган. Ўтган йили коллежни 345 ўқувчи тамомлади, 321 нафарининг бандлиги таъминланган. Битирувчиларнинг 38 фоизи ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлашди. Бу йил коллежни 298 нафар ўқувчи битиради.

— Қайси масалалар сизларни ўйлантиряпти? Ўқувчиларга яна қандай шароитлар яратилиши керак? — сўради депутат.

— Коллежимиз 2007 йилда қурилган. Айни пайтда таъмирга муҳтож. Гул, Дўстлик ҳамда Абай маҳаллаларидан келиб ўқийдиган ўқувчиларга қатнаш қийин. Шу йўналишларга автобус қўйилса, бироз енгиллик бўларди.

Депутат компьютер, ти­кувчилик хоналари, спорт ­зал­ларига кирди. Коллежда компьютерлар, спорт анжомлари ҳамда дарсликлар етишмас экан. Иккинчи босқич ўқувчилари ҳам депутатга шу ­муаммолар ҳақида айтишди.

— Яна қандай таклифларингиз бор?

— Бугун хорижий тилларга қизиқиш ва талаб кучли, — дейди ўқувчи Саодат Тўлаева. — Туманимизда тил марказлари очилишини хоҳлаймиз. Дўстларим, тенгдошларим орасида инглиз тилига қизиқувчилар жуда кўп. Тошкент шаҳрига ёки қўшни туманларга бориб тил ўрганишимизга тўғри келяпти.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Акмал ­Умаралиев кун давомида тумандаги ички йўлларнинг аҳволини ўрганди. Депутатнинг хулосалари, фикрлари билан қизиқдик.

— Бугун Мингчинор маҳалласидан Гулбаҳор маҳалласигача бўлган йўлларни ўргандик, — деди депутат. — Очиқ айтадиган бўлсак, йўллар таъмирталаб. Туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонасининг жорий йил режалари билан танишдик. Корхона жами узунлиги 195 км бўлган давлат ва вилоят аҳамиятидаги автомобиль йўлларига хизмат кўрсатар экан. Корхона мутасаддиларининг маълумотига кўра, бу йил вилоят аҳамиятидаги 3 км йўлга янги асфальтбетон ётқизиш, шунингдек, ҳажми 800 м2 келадиган йўл қисмларини таъмирлаш режалаштирилган.

— Жойлардаги муаммоларни ҳал этишда бизнинг зиммамизда ҳам катта вазифалар турибди, — хулоса қилади депутат. — Шунчаки мулоқот ўтказиш билан чегараланиб қолмасдан, учрашувлардан кейин аниқ натижа учун ишлашимиз, сайловчиларнинг мурожаатлари, муаммоларига ечим топиш устида изланишимиз, интилишимиз, курашишимиз керак.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.