21.01.2017

ПАРЛАМЕНТ КОМИССИЯСИ ЙИҒИЛИШИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташки­лотларини ва фуқаролик жамия­тининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда комиссия аъзолари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Парламент комиссияси раиси А.Саидов ва бошқалар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаат­лари ҳимоя қилинадиган кучли фуқаролик жамияти ривожланаётганини таъкидлади. Жамиятда рўй бераётган ижобий ўзгаришлар ва эришилаётган ютуқларда фуқаролик жамияти институтларининг муносиб ҳиссаси бор.

Йиғилишда Парламент комиссияси ва жамоат фондининг 2016 йилдаги фаолиятига оид ҳисоботи лойиҳалари ҳамда 2017 йилда амалга ошириши зарур бўлган устувор вазифалари муҳокама этилди.

Парламент ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан 2016 йилда ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турли ижтимоий лойиҳаларини амалга ошириш мақсадлари учун давлат бюджетидан 11 миллиард сўм ажратилган.

Айтиб ўтиш керакки, 2016 йилда турли йўналишларни қамраб олган 7 танловга давлат гранти ажратилган. Уларда 1 минг 428 лойиҳа, жумладан, 1 минг 264 ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари қатнашган. Шундан 254 ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳа ва дастурга 6 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилган.

«Соғлом она ва бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий шериклигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада давлат ижтимоий буюртмаси асосида 13 лойиҳа учун 2,3 миллиард сўм ажратилган. ННТларни давлат субсидияси шаклида қўллаб-қувватлаш мақсадида 3,5 миллиард сўмга яқин маблағ ажратилган.

Умуман, ННТ, ОАВ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг 275 лойиҳа ва дастурларини давлат гранти, ижтимоий буюртма ва субсидия шаклида қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағлар 12,2 миллиард сўмга етган.

Йиғилишда амалга оширилаётган ишлар моҳиятини очиб бериш, уларни халққа тўлақонли етказиш зарурлигига эътибор қаратилди. Йўл қўйилаётган камчиликлар айтилиб, уларни бартараф этиш чоралари белгиланди.

 

Н.АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.