23.09.2020

Қизилгул ҚОСИМОВА: «Қонун ижодкорлиги катта масъулият ҳамда мажбуриятдир»

Газетамизда мазкур рукн остида суҳбатлар берар эканмиз, газетхонлар билан бирга ўзимиз ҳам Қонунчилик палатаси депутатларининг бизга нотаниш жиҳатларини кашф этиб боряпмиз. Қизилгул ҚОСИМОВАни аввалдан кўпчилик яхши танийди. Маҳаллий Кенгаш депутати сифатида фаолият юритган кезлариданоқ ташаббускорлиги, фаоллиги билан кўзга ташланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида ҳам ўзининг фикр-мулоҳазалари, таклифлари билан эътибор қозониб келмоқда. Унинг айтишича, қонун ижодкори бўлиш жуда масъулиятли вазифа. Доим ўқиш, ўрганишни талаб этади.

 

Келинг, шифокор Қизилгул Қосимовани депутатлик фаолиятига йўналтирган сабаблар билан суҳбатимизни бошлаймиз.

Тўртинчи синфдалигимданоқ болалар шифокори бўламан, деб ният қилганман. Бунга сабаб бувим доя бўлгани, деб ўйлайман. У менинг дунёга келишимда ҳам доялик қилган ва мен уйда туғилган эканман. Ота-онам ишлагани сабабли, кўпроқ бувимнинг ёнида юрганман. Бувим чақалоқларни қўлига олиб эркалаганларини кўп кўрганман. Шунданми, болалар шифокори бўлишни ўйлаганман. Лекин оиламизда ҳамма педагог эди. Тақдир тақазоси билан акушерликка ўқидим.

2000 йилгача ташкилотчилик борасида деярли ҳеч қандай мақтанишга арзигулик ишим бўлмаган. Лекин босқичма-босқич етиб келган ўрним, раҳбарлик лавозимида ишлаганимдан кейин бутунлай бошқача ғайрат билан фаолиятимни давом эттиришга тўғри келди. Натижада истайсизми, йўқми, қонунчиликдаги ҳар бир ўзгариш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ўрганиш, янгиликлардан хабардор бўлиб бориш талаб этилади. Яхши томони шундаки, бу жараён бевосита сиёсат оламига мени етаклади.

Тан олиб айтиш керакки, вилоят Кенгаши депутати сифатида аввалига у қадар эътибор билан ишламадим. Чунки шифокор бўлиб, бир неча инсоннинг ҳаётини асраб қолишга, соғлиғини тиклашга ёрдам бериш мумкин. Кейинчалик ҳаётий, зарур ва тўғри қонунлар ишлаб чиқилиш билан эса бутун бир жамият ҳаётига таъсир қилиш мумкинлигини тушундим. Ана шунда врачлар сиёсатдан узоқ бўлади, деган қарашим хато эканини англаб етдим. Чунки ҳар бир соҳа борки, бевосита сиёсат билан алоқадор. Бирор бир ташкилот ишини юритишда ҳам ўзига хос сиёсат керак. Ҳатто ҳар бир оиланинг ўз тартиб-қоидаси, меъёрлари белгиланган. Бу ҳам сиёсатнинг бир кўриниши. Демак, жамиятда ҳеч ким сиёсатдан айро эмас.

Инсонлар саломатлигига доир кўп муаммоларни самарали ҳал этиш учун яхши сиёсатчи бўлишим кераклигини тушундим. Қарабсизки, ўз-ўзидан мақсадларим қамрови кенгайди. Аҳоли саломатлигининг бор йўғи 15 фоизигина соғлиқни сақлаш тизимига боғлиқ бўлади. Қолгани ижтимоий омиллар, яшаш муҳитига боғлиқ. Бу жиҳатларни ўрганиш жараёнида сиёсатнинг ичига қандай кириб кетганимни билмай қолдим. Муҳими, одамларнинг саломатлигини асраш билан боғлиқ қайта-қайта тушунтиришлардан кўра, қонунан белгиланган меъёрлар самаралироқ эканини кўрдим. Натижада депутат сифатида атрофдагиларга кўпроқ наф келтиришим мумкин, деган тўхтамга келдим.

— Шу ўринда савол туғилади: нега номзодингиз ўзингиз яшайдиган ҳудуддан эмас, бошқа жойдан кўрсатилди?

— Биласизми, 30 йилдан кўпроқ вақт Олмалиқда ишлаганман. Вилоят депутати сифатида фаолият олиб борганимда ҳам у ернинг пасту баланди, муаммолари ва камчиликларини яхшироқ билганим учун уларни ҳал қилиш осон кечган. Шу сабабли ўз ҳудудимдан номзодим кўрсатилади, деб ўйлаган эдим. Бўстонлиқ округидан номзодим қўйилганини эшитиб, тўғриси, қўрқиб кетганман. Вилоят партия кенгаши раисига Бўстонилқда мени ҳеч ким танимаслигини, ишларимдан бехабар эканини, курашиш бесамарлигини айтганимда танбеҳ эшитдим. Анчадан буён вилоят миқёсида ишлаётганимни, ташаббус ва таклифларимни борича кўрсатишим кераклигини таъкидлади.

Сайловолди учрашувларида аҳоли вакиллари билан гаплашдик. Ўз дастуримизни уларга таништириш билан бирга, ҳамюртларимизни қизиқтирган саволларга жавоб бердик. Мен билганимча, лекин самимий жавоб беришга ҳаракат қилдим. масалаларни ҳам ўргандик. Кутмагандим, десам ишонмассиз, лекин бу рост. Энди ишончни оқлашим керак.

— Парламент депутати бўлиш тасаввурингизда қандай эди? Бугун қандай фикрдасиз?

— Очиқчасига гаплашайлик, деганингиз учун тўғрисини айтаман. Авваллари шу тепада ўтирганлар нима иш қилар экан, деб ўйлардим. Хўп, Сенатдагилар маълум бир жойда ишлайди. Лекин Қуйи палатадагилар кун бўйи нималар қилишаркин, деган савол бўларди. Бироқ мана, энди биляпманки, Қонунчилик палатаси депутатининг иши сон-саноқсиз экан. Қонун лойиҳаси устида ишлаш дегани айтишга осон. Қанчалаб ҳужжатларни ўқиб, солиштириб чиқишга тўғри келади. Ҳаётдаги турли муаммоларни ҳисобга олишга тўғри келади. Бунинг учун эса ҳаётнинг ўзини ўрганиш керак бўлади.

Қонунчилик палатасида турли соҳа мутахассислари жамланган. Ҳар бир йиғилишда, мажлисларда таклифлар айтилади, фикрлар билдирилади. Ана ўшалардан албатта нимадир ўрганаман. Хулоса чиқараман. Лекин ўзим ҳали бирор нарсани қотириб қўйганим йўқ. Қонун ишлаб чиққаним йўқ. Ҳаттоки, фикрлар билдиришда ҳам етти ўлчаб бир кесишга амал қиляпман.

Боиси қонун яратиш, қонун ижодкори бўлиш шу қадар оғир масъулиятки, буни зиммага олиш жуда ҳам мураккаблигини тушуниб етяпман. Сабаби биргина сўз, жумла ёки гап бутун бир халқнинг тақдирига дахл қилади. Жамият ҳаётини у ёки бу жиҳатдан ўзгартириб юбориш кучига эга. Шу боис айни пайтда алоҳида қонун билан ишлаш борасида таваккал қилмадим. Кўпроқ эътиборим, вақтимни сайловчилар мурожаатлари билан ишлашга сарфлаяпман. Мукаммал, пухта таклифлар билан аҳоли манфаатига хизмат қилувчи қонун устида ишлаш учун бироз вақт талаб этилади.

— Ҳар бир депутатнинг қалбида тугиб қўйган нияти бўлади. Сиз қандай ташаббус ва таклифларни илгари сурмоқчисиз? Нималарни ўзгартиришни истардингиз?

— Аслида имконият берилди, деб айта оламан. Лекин бирор бир масала юзасидан тўлиқ, атрофлича фикр билдириш имконим бўлмади. Тан оламан, ҳали ўзим бунга тайёр эмасман. Чунки айтадиган сўзимнинг юки, залвори, ўрни ва арзирли аҳамияти бўлиши зарур. Шунчаки гапириб қўйиш билан натижага эришиб бўлмайди.

Касбимдан келиб чиқиб, аҳоли саломатлигини асраш чора-тадбирларини яна мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши ўзимга мажбурият, деб биламан. Айниқса, ногиронликнинг, эрта туғуруқнинг олдини олиш, она ва бола саломатлигини асраш, умуман соғлиқни сақлаш соҳасидаги меъёрлар қатъийлашишини истардим. Энг муҳим масала ҳар бир инсонда саломатлиги тўғрисида ўз қайғуриш кўникмасини ҳосил қилиш. Чунки тажрибам давомида амин бўлганманки, агар инсон ўз саломатлиги ўзига, оиласига, жамиятга кераклигини англаб етмаса, минг жон куйдиринг, тушунтиринг фойдаси бўлмайди.

Шунинг учун ҳам бир масалани такрор айтаман. Мактаб дарсликларига инсон танасини, организмини ўргатувчи фанларни кўпроқ киритиш керак. Болалик, ўсмирлик, ёшлик каби ўтиш давридаги ўзгаришлар, янги ҳаётга қадам қўйганда, нималарга эътибор бериш керак, эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ва бошқа масалаларда ўқитишимиз зарур. Ўшанда киши ўзини нималардан ва қандай ҳимоя қилишни билади. Бу эса кўплаб муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади. Чунки ҳамма нарсанинг профилактикаси инсон учун ҳам, давлат учун ҳам арзон тушади.

Тўғри, ихтисослашган марказлар ҳам керак. Айниқса, ҳозирги мураккаб шароитда жуда ҳам зарур. Лекин инсонлар касал бўлмаслигининг, ўзини ҳимоя қилишининг тарафдориман. Қачонки, бирламчи звено, яъни поликлиникалар ва уларгача бўлган оралиқ, одамлардаги тиббий маданият масалаларига асосий эътибор қаратилмас экан, муаммо илдиз отиб кетаверади. Бу каби масалалар ҳал бўлмас экан, шифохоналарга, кадрларга юклама ортаверади. Беморлар кўпаяверади. Натижада жой, дори-дармон, энг ёмони, кадрлар тақчиллиги юзага келади. Норозилик ортади.

Профилактикани кучайтириш, асосий эътиборни бирламчи бўғинга қаратиш зарур. Асоссиз равишда ҚВПлар қисқартирилиб, оилавий поликлиникалар ташкил этилди. Бу эса қўшни қишлоқдаги аҳолига ноқулайликлар туғдирди. ҚВПларни қайта тиклаш, умумий амалиёт шифокорлари сонини кўпайтириш, камида 10-15 йил тажрибага эга мутахассисларни ушбу лавозимларга қўйиш лозим. Агар умумий амалиёт шифокори беморнинг ҳар қандай саволига жавоб бера оладиган, уни тўғри йўналтириш тажрибасига эга бўлганида, кўп нарсада ютардик. Давлатнинг маблағи тежалади, аҳолининг вақти ҳам, пули ҳам, соғлиғи ҳам ҳимояланган бўларди. Ана шунда муаммо катталашмасдан, энг қуйи бўғиндаёқ ечим топа бошлайди. Биз бунга ҳали тайёр эмасмиз. Дурагай кадрларимиз кам. Вазиятни изга солиш учун вақт талаб этилади. Лекин ушбу жараёнга қанчалик эрта киришилса, шунча яхши, деб ҳисоблайман.

— Кадрлар етишмовчилигини бартараф қилиш билан боғлиқ қандай таклифларингиз бор?

— Олий ўқув юртини битирганлар, айниқса, тўлов-контракт асосида ўқиганлар истаган жойимда ишлайман дейди.Кўпчилиги қишлоққа, туманга бориб ишлашни истамайди. Буларни ҳал қилиш учун аввал ҳар бир ҳудуд ўзига керакли кадрлар учун квоталар белгиланиши ва шу асосда талабаларни йўналтириш лозим. Шунингдек, шартнома ёки грант асосида ўқишидан қатъий назар уларга камида уч йиллик ишлаб бериш мажбурияти юклатилиши керак. Ушбу чоралар қишлоқ жойларда кадрлар етишмовчилигини бироз бўлса-да камайтиради. Фақат ишлаш учун етарли шароитни яратиб бериш зарур. Акс ҳолда, ҳамма қочиб кетаверади.

Замонавий техника, оддий интернет масаласи ҳам қишлоқларда муаммо бўлиб турган бир вақтда табиийки, ўқишни битирган ёшлар у жойга бориб ишлашни истамайди. Мана шу масалалар ҳал қилинса, кадрларга талаб қўйиш осон бўлади.

Яна бир гап. Ҳудудларни ўрганган ҳолда, тажриба алмашиш, устоз-шогирд анъанасида фаолият олиб боришни йўла қўйиш зарур. Масалан, тажрибали врач ўз ҳудудидан бошқа бир ҳудудга меҳнат сафари ёки бошқа бир қонуний усулда 6 ой, бир ёки икки йилга ишга жалб қилиниши яхши самара беради. Ҳудудлар ўртасидаги номутаносибликни бартараф этишга туртки бўлади.

— Дилингизга тугиб қўйган гапларингиз, фикрларингиз бўлса, марҳамат...

— Бугунги куннинг энг долзарб мавзуси коронавирус ҳақида гапирмоқчиман. Аҳоли орасида ҳар хил қарашлар, беҳуда ваҳимага берилиш ёки аксинча ортиқча бепарволик юзага келган. Мактабларда, умуман таълим тизимида онлайн ўқитишга тарафдор эмасман. Барча санитар талабларга амал қилган ҳолда, назоратни кучайтириб, ўқишни давом эттириш керак, деб ўйлайман.

Бир нарсага кўникишимиз керак. Бу вирус одамлар орасида ҳудди грипп каби яшаб қолиш эҳтимоли юқори. Шунинг учун одамлар ўзини асраган ҳолда яшашга кўникиши зарур.

 

“Ўзбекситон овози” мухбири

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: