17.09.2020

ЎЗХДП ФРАКЦИЯСИ

камбағаллик масаласидаги парламент сўровига тўлдирилган жавобни маъқуллади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида қатор қонун лойиҳалари, шунингдек, парламент сўровига Бош вазир ўринбосари жавоби билан боғлиқ масала кўриб чиқилди

Депутатлар «Ўсимлик дунёси ва объектларини муҳофаза қилишни такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокамадан ўтказди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 1 май ҳолатига ноқонуний равишда 4 758 та дарахт кесилган, бунинг оқибатида 11,1 миллиард сўм зарар етказилган. Тошкент шаҳрида 3 та, Қорақалпоғистон Республикаси ва Жиззах вилоятларида 1 тадан жиноят иши қўзғатилган.

Қонун лойиҳасига кўра, Жиноят кодeкси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга давлат экологик назоратини амалга ошириш, шунингдек, жисмоний ёки мансабдор шахсларнинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишини бартараф этишда жавобгарлик доирасини кенгайтириш ва кучайтириш белгиланмоқда.

Хусусан, Жиноят кодекси 198-моддасида экинзор, ўрмон, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёки уларни нобуд қилиш бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда. Экинзор, ўрмон, дарахтлар ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, уларни пайҳон, нобуд қилиш оқибатида кўп миқдорда зарар етказилган тақдирда жавобгарга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима чораси қўлланилади. Шунингдек, уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилиши назарда тутилмоқда. Ҳатто бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш каби жазо чоралари қўлланилиши мумкин.

Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони қўлламаслик депутатлар томонидан таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш муҳим масала экани, кейинги вақтларда ноқонуний хатти-ҳаракатлар кўпайгани, бу борада қонунчиликни жавобгарликни кучайтириш нуқтаи назаридан такомиллаштириш зарурати юзага келганини таъкидлашди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида жавобгарлик масалалари белгиланаётгани учун меъёрларни турли талқинларга шароит яратмайдиган даражада маромига етказиш керак.

Қонунда ким айнан қайси ноқонуний ҳаракати учун жавобгарликка тортилиши аниқ кўрсатилиши зарур. Акс ҳолда, амалиётда муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Йиғилишда «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида қонуни лойиҳаси (янги таҳрир) биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида виждон эркинлигини таъминлашнинг ва диний ташкилотлар фаолиятининг асосий тамойиллари белгиланмоқда. Ҳар бир шахснинг диний таълим муассасаларида профессионал таълим олиши, шунингдек, ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан ўз фарзандларига диний амалиёт асослари ва одоб-ахлоқ қоидаларини (уй шароитида диний таълим бериш) ўргатиш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, таъминланиш кафолатлари, жумладан, юқори турувчи орган ёки судга мансабдор шахсларнинг диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) бўйича улар судга мурожаат қилганда, давлат божини тўлашдан озод этилиши мустаҳкамлаб қўйилди.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар соҳасидаги муносабатлар янада такомиллашишига олиб келади. Диний ташкилотларни тузиш ва уларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш бўйича меъёрлар соддалаштирилади. Бу эса диний ташкилотларнинг ҳуқуқ ва бурчлари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Фракция аъзолари қонун лойиҳаси орқали таклиф этилаётган янги тартиблар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқини кафолатлашда, мамлакатимизда инсон эркинлигининг муҳим асосларидан бўлган виждон эркинлиги таъминланишида муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлашди. Қонун лойиҳаси умумий мазмунига кўра маъқулланди.

Фракция йиғилишида «Камбағаллик даражасини аниқлаш мезонларини, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида»ги Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг парламент сўровига Бош вазир ўринбосари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоровнинг жавоби ҳақидаги масала ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Сўровга берилган жавоблар айрим аниқлаштиришларни тақозо этгани учун ЎзХДП фракцияси таклифи билан парламент қуйи палатасининг аввалги йиғилишларидан бирида бу масала кейинроққа қолдирилган эди.

Парламент сўрови бўйича қўшимча маълумотлар олинганидан кейин, ушбу масала яна бир бор фракция йиғилишида кўриб чиқилди. Унда камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини имкон қадар қисқа муддатда ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Яшаш минимуми ҳақида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси ва унинг концепцияси ҳукуматга киритилган бўлиб, уни тегишли тартибда кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш зарур. Депутатларнинг фикр-мулоҳазаларидан кейин парламент сўровига жавоб маъқулланди.

Фракция йиғилишида мамлакатимизда бугунги кунда долзарб бўлиб турган пандемия шароитида умумтаълим мактабларида янги ўқув йилининг бошланиши билан боғлиқ масала ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Маҳаллий Кенгашлардаги Халқ демократик партиясининг барча даражадаги гуруҳлари мактабларнинг ўқув жараёни бошланишига қай даражада тайёрлигини бевосита ўрганди.

Республика бўйича тўпланган маълумотлар умумлаштирилган ҳолда, фракция мажлисида таҳлил этилди. Ҳудудлардаги реал вазият, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг саломатлигини сақлаш энг асосий вазифа эканидан келиб чиққан ҳолда, депутатлар томонидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Шулар асосида ҳукуматга киритиш учун партиянинг умумий таклифлари шакллантирилди.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

 

Ўзбекистон ХДП

Ахборот хизмати


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: