Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
19.08.2020

КАРАНТИН ЮМШАТИЛДИ, БЕКОР ҚИЛИНГАНИ ЙЎҚ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ва партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда видеомулоқот дастури орқали республикамизнинг барча ҳудудларидан 300 нафарга яқин депутат, сенатор ва партия фаоллари иштирок этди.

Йиғилишда пандемия даврида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, карантин тартиби босқичма-босқич юмшатилиши жараёнида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг асосий вазифаларини белгилаб олиш масаласи муҳокама этилди.

Қўшма йиғилишни ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов очиб берди. У жорий йил “Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остида нишонланадиган энг улуғ, энг азиз байрам – мамлакатимиз Мустақиллигининг 29 йиллиги билан барчани табриклади. Бу байрам халқимизни синовли кунларда янада жипслаштириш, қийинчиликларни енгиб, ютуқлар сари интилиш ҳиссини мустаҳкамлашда ҳар биримизга улкан руҳий куч-қудрат беришини айтди.

Шундан сўнг пандемия даврида ҳудудий партия ташкилотлари, барча даражадаги депутатлик бирлашмалари, жумладан, Хоразм, Сурхондарё ва Фарғона вилоятида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар таҳлил қилинди.

— 15 августдан бошлаб ҳаёт аста-секин изга туша бошлайди. Иқтисодиётни қайтадан жонлантириш, одамларнинг руҳиятини кўтариш зарур. Шу билан бирга юзага келадиган муаммоли масалаларни тез фурсатда ва ҳамжиҳатликда ҳал этиш қайси соҳада ишлаётганимиздан қатъи назар, зиммамизга катта масъулият юклайди, деди партия етакчиси У.Иноятов.

Пандемия шароитида яшаш ва ишлашга ўтиш жараёни барчамиздан янада бирдам бўлиш, белгиланган тартибларга риоя этишни талаб этади. Таъкидлаш керакки, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳам ўз самарасини бермасдан қолмайди. Халқ демократик партияси бу муҳим жараёнда 400 нафардан кўпроқ ходими, 1700 нафарга яқин депутати ҳамда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги минглаб фаоллари билан бирга ҳамфикр, ҳамжиҳатликда иштирок этади.

Партиянинг парламентдаги фракцияси бир қанча қонунчилик ташаббуслари, жумладан, “яшаш минимуми”, “истеъмол саватчаси” ва “камбағаллик даражаси” тушунчаларини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича тайёрлаб, ҳукуматга киритилган “Яшаш минимуми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича ишларни давом эттиради. Чунки бу электорат манфаатларини тизимли ҳимоя қилиш, бу борада муҳим ҳуқуқий асосни яратишда партия учун принципиал аҳамиятга эга масала.

Парламент аъзолари, партия маҳаллий кенгашлари раҳбарлари қўшма йиғилишда кўтарилган масалалар бўйича ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. Шулар асосида қуйидаги вазифалар белгиланди.

Биринчи вазифа: эҳтиёжманд оилалар аъзолари ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари ва имтиёзларидан фойдаланиши учун амалий ёрдам кўрсатилади.

Иккинчи вазифа: жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан ташкил қилинаётган иш ўринлари, уларга ишга жойлашаётганлар ҳақидаги маълумотлар ҳаққонийлиги, қишлоқ хўжалиги кооперативларини ташкил этиш учун ажратилган субсидияларнинг мақсадли сарфланиши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилади.

Учинчи вазифа: депутатлар ва партия фаоллари “Саховат ва кўмак” хайрия тадбирларини давом эттириб, электорат вакилларига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари етказилишида фаол иштирок этади.

Тўртинчи вазифа: аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш учун нақд пул шаклида берилаётган бюджет маблағлари ўз эгаларига етиб бориши бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Бешинчи вазифа: оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали пандемия давридаги тартиб-қоидалар, жойларда юзага келган муаммоларни ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида тарғибот, тушунтириш давом эттирилади.

Олтинчи вазифа: карантин тартиби босқичма-босқич юмшатилиши жараёнида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш муассасаларида санитария талабларига риоя этилиши, беморларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилиши доимий ўрганилиб, зарур ҳолларда мутасаддиларнинг ахборот ва ҳисоботлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида кўриб чиқилиши бўйича таклифлар киритилади.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Ахборот хизмати

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: