29.07.2020

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ФРАКЦИЯСИ ЎЗ ФАОЛИЯТИДАН ҚОНИҚАДИМИ?

Ўзбекистон ХДП фракциясининг дастлабки олти ойлик фаолияти юзасидан онлайн тарзида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбир аввалида жорий йилнинг 14 июль куни Президентимиз раҳбарлигида ўтган видеоселектор йиғилишида кўтарилган долзарб масалалар, уларнинг ечими бўйича белгиланган чора-тадбирларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, партия фракцияси аъзолари видеоселекторда ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, муаммоларини ҳал этиш бўйича зарур йўналишлар кўрсатиб берилганини алоҳида таъкидлашди. Мазкур масалаларга партия ташкилотлари, хусусан, депутатлар чуқур қараши, ҳудудларда жамоатчилик ҳамда депутатлик назоратини ўрнатиш лозимлигини билдиришди. Cўнгра Ўзбекистон ХДП фракцияси раиси Улуғбек Иноятов олти ойлик фаолияти юзасидан маълумот берди.

— Бу йил барча соҳа вакиллари сингари депутатлар учун ҳам синовли келди, — деди Улуғбек Иноятов. — Шунга қарамай, Ўзбекистон ХДП фракцияси ўз фаолиятини партиямиз Сайловолди дастури ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси иш режалари асосида амалга ошириб келмоқда.

Жумладан, партиямиз томонидан пандемия шароитида қилиниши лозим бўлган ишлар юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилди. Фракция аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия ташкилотлари фаоллари томонидан республика миқёсида “Саховат ва кўмак” хайрия акцияси ўтказилди.

Шунингдек, партия ходимлари ва депутатларидан иборат “Партия кўнгиллилар жамоалари” ҳам ташкил этилди. Уларга ҳудудий партия кенгашлари масъулларидан 214 нафари, маҳаллий Кенгашлар депутатларидан 1600 нафари жалб этилди. Жамоа бугунга қадар 7000 га яқин маҳаллада бўлиб, электоратимиз муаммоларини ўрганди, тарғибот ишларини олиб борди. Депутатлар жараён давомида ҳудудларда карантин қоидаларига риоя қилиш ҳолати, ёрдам пулларининг манзиллилиги бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Айтиш керакки, мазкур хайрия тадбирлари мобайнида 75 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилаларга 46 миллиард 110 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари тарқатилди.

Бутун дунё аҳолиси кўринмас ёв билан курашаётган бир даврда Бухоро ҳамда Сирдарё вилоятида юз берган табиий офат, Сардоба сув омборидаги фавқулодда вазиятдан жабрланганларга кўмаклашиш учун Ўзбекистон ХДП бу вилоятларга 200 миллион сўмлик ҳомийлик маблағлари ажратди.

Таъкидлаш лозимки, қонун ижодкорлиги борасида ҳам самарали иш олиб борилди. Ўтган ярим йил давомида фракция аъзолари томонидан 107 та қонун лойиҳаси юзасидан 245 таклиф ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Шунингдек, 30 дан ортиқ қонун лойиҳаси жойларга юборилиб, партия ташкилотлари, маҳаллий Кенгашлар депутатларининг таклифлари олинди. Фракциямиз билдирган таклифларнинг 114 таси инобатга олинди.

Фракциямиз парламент назоратини амалга оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йил Давлат дастурида белгиланган вазифалардан ҳамда партия Сайловолди дастуридан келиб чиқиб, долзарб муаммолар юзасидан 18 вазирлик ва ташкилотларнинг ахборотлари эшитилди. Эшитув якунлари юзасидан муаммоларни бартараф этишга қаратилган тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида оммавий ахборот воситалари ходимлари фракция аъзоларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди.

— Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари белгиланган муддатда ҳудудларга чиқиб, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ўрганади, таҳлил қилади ҳамда зарурий ҳолларда қонунчиликка таклиф билан чиқади. Мана шу борада Халқ демократик партиясининг фаолияти қандай бўлди?

Улуғбек ВАФОЕВ, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Республикамизнинг турли ҳудудларида бўламиз. Одамлар билан суҳбатлашамиз. Хурсанд бўладиган жиҳати, улар ўзларини ўйлантираётган масалалар биз, депутатлар орқали ечим топишига ишонишмоқда. Муаммоларини борича баён этишади. Учрашувларда мамлакатимизнинг бошқа-бошқа ҳудудларида истиқомат қилаётган инсонларни бир масала ўйлантираётганини билиб, рости, куйинамиз. Баъзи ҳолларда камчиликлар ечим топиши учун қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кераклигини англаймиз. Мана шу ўрганишлар натижасида қонунчиликка берган биринчи таклифимиз ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ҳам нафақа тайинлаш бўлди. Бугунгача ҳолат қандай эди? Бундай оналар фақат болалари учун ногиронлик нафақасини олади. Нафақа миқдори 468 минг сўм. Ногиронлиги бўлган бола давлат муассасаларидан бирида таҳсил олиб, тарбияланганда ойига миллионлаб маблағ сафланарди. Айни вақтда бола тарбияси билан банд онанинг эҳтиёжи ҳисобга олинмаган. Бир ўйлаб кўрайлик, бу қайси адолат мезонига тўғри келади?

Шунингдек, учрашувларда асосан ёшга доир пенсияга чиқишда турли муаммолар юзасидан мурожаатлар бўлади. Масалан, пенсия тайинлаш ҳақидаги қонунчиликка кўра болани парвариш қилиш бўйича берилган таътилнинг фақат биттаси меҳнат стажига киритилади. Шунингдек, туғруқолди 26 кунлик таътил меҳнат стажига киритилмайди. Ваҳоланки, аёлга касаллик варақаси берилади. Мана шу борада ҳам қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклифлар берганмиз.

 

— Пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида хорижий давлатлар ўз фуқароларига пул маблағлари тарқатди. Мамлакатимизда шу амалиёт нега жорий этилмаяпти?

Шарофиддин НАЗАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бу саволга аниқ ва тушунарли жавоб берилиши лозим, деб ўйлайман. Негаки, бу масала аҳоли орасида кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Масалан, АҚШ давлатини оладиган бўлсак, пандемия вақтида аҳолига дастлаб 1400 АҚШ доллари, кейинроқ яна маълум миқдорда пул маблағи берилди. Бироқ COVID-19 дан даволанишлари учун тиббий суғуртага эга фуқаролар 30 минг, суғуртаси бўлмаганлар эса 60 минг АҚШ долларигача сарфлашди. Ҳатто баъзи оилаларда бу кўрсаткич 1 миллион АҚШ долларигача етди.

Бизда эса ёндашув бошқача бўлди. Бунда асосан мамлакатимиздаги вазият ҳамда тиббиёт соҳасидаги ўзига хос тизим сабаб бўлди. Даволанишга кетадиган харажатларнинг асосий қисмини давлат ўз зиммасига олди. Шунингдек, аҳолига манзилли ёрдам бериш мақсадида улар бир неча тоифага ажратилди. Эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилиб, зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Ўзим ҳам сайлов округимдаги, Чироқчи тумани «Тарағай» қишлоғида истиқомат қилаётган ана шундай 36 оилада бўлдим. Одамлар вақтида белгиланган маҳсулотларни олаётганини билдим. Суҳбат жараёнида кўмак пул маблағ кўринишида бўлганида бошқа мақсадларда фойдаланиши мумкинлигини ҳам айтишди. Иккинчи гуруҳ бугун кун кечиришга имкони бор, лекин иш фаолиятини юритишга эҳтиёжи юқори бўлганлардир. Уларнинг манфаатини ўйлаб, 48 триллион сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилди. Шунингдек, карантиннинг иккинчи кучайтирилган даврида ҳам зарурий дори-дармон, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб беришни давлат ўз зиммасига олди. Бунинг учун 120 мингдан ортиқ оила рўйхати шакллантирилди. Дунёда бундай тизимли ёндашган давлатлар саноқли. Бугунги кунгача давлат томонидан ижтимоий соҳа, соғлиқни сақлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида пандемия билан боғлиқ харажатлар учун 6 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ишлатилган. Буларнинг барчасини халқимизга тўғри тушунтиришимиз лозим.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: