24.06.2020

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Катта миқдордаги жарима ҳар доим ҳам маъқул чора эмас

Кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди. Аввалроқ мазкур лойиҳалар ЎзХДП фракциясининг видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишида ҳам муҳокама этилган эди.

Депутатлар дастлаб «Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишига қарши курашиш даврида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларини видеоконференц алоқа режимида ўтказиш бўйича вақтинчалик Регламентига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги Қонунчилик палатасининг қарори лойиҳасини кўриб чиқишди.

Қонунчилик палатасининг видеоконференц-алоқа режимида ўтказиладиган мажлислари, агар мажлислар ишида палата депутатлари умумий сонининг камида ярми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади. Бундай мажлисларда Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини қабул қилиш, унга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Фракция аъзолари қуйи палата бу тартибда ишлашини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Унга кўра, кодексга янги, 1975-модда киритиляпти. Хусусан, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилувчи органлар давлат инспекторининг текшириш ўтказишига, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳудудлари ва иншоотларини кўздан кечиришига йўл қўймаслик ёхуд давлат инспекторининг қонуний фаолиятига бошқача тарзда тўсқинлик қилиш ҳолатлари кузатилса, жаримага тортиш кўзда тутилмоқда. Шу билан бирга, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишини бартараф этиш тўғрисидаги кўрсатмаларни бажармаслик ҳам жавобгарликка сабаб бўлади. Шу каби ҳолатларга йўл қўйилганда, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима жазосини қўллаш таклиф этилмоқда.

Дилором ИМОМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Аввалло, шуни айтмоқчиманки, одамларни жазолаш билан уларни тўғри йўлга солиб бўлмайди. Тўғри, келтирилган зарарни қоплаш учун жарима ундириш ёки бошқа турдаги жавобгарлик қўлланилиши табиий. Бироқ ҳар доим ҳам катта миқдордаги жаримага тортиш кутилган натижани беравермайди.

Муаммога бир томонлама ёндашиб бўлмайди. Фақатгина раҳбар, депутат ёки олий мансаб эгаси сифатида эмас, масалага оддий фуқаро нуқтаи назари билан ҳам қарашни, шу асосда хулоса чиқаришни ўрганишимиз керак. Фикримча, жарималар турлари ва уларни қўлловчи ташкилотлар кўпайиши тўғри эмас. Бу аҳоли вакилларининг норозилигига сабаб бўлади. Келгусида жарималар адолатсиз қўлланилиши билан боғлиқ салбий ҳолатлар кўпайишига олиб келиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Энг ёмони, коррупцияга сабаб бўлиши мумкин.

Мазкур масалани яна бир ўрганиб чиқиш ҳамда қонун лойиҳасини содир этилиши мумкин бўлган кўнгилсизликларга йўл қўйилмайдиган шаклда тайёрлаш керак, деб ҳисоблайман. Шу сабабли айни ҳолатда ушбу қонун лойиҳасига кескин қаршилигимни билдираман.

Масъул қўмита аъзолари бунга жавобан қонун лойиҳасида жарималар миқдори оширилмагани, амалдаги миқдорлар сақланиб қолаётганини айтишди.

Фракция аъзолари эса ўз фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, қатъий позицияда қолишини таъкидлади ва қонун лойиҳаси иккинчи ўқишга киритилишини маъқуллади.

Йиғилишда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича ҳам парламент вакиллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ҳеч кимга сир эмаски, ўтган уч йил давомида депутатларнинг ваколатлари кескин оширилди. Сиёсий партияларнинг ҳокимият идораларини шакллантириш борасидаги ваколатлари босқичма-босқич кенгайтирилди, депутатлик назорати эса мустаҳкамланди. Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини ташкил қилиш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини таъминлашга қаратилган ишлари анча жонланди. Шунга қарамай, амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим масалалар борлигини кўрсатмоқда. Улар орасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати ва Сенати аъзоси томонидан юборилган депутат, сенатор сўровларига мансабдор шахслар томонидан айрим ҳолларда беписандлик билан қараш кузатиляпти. Яна ҳам аниқроқ айтсак, ўз вақтида жавоб берилмаяпти ёки муддатлари кечиктириляпти. Юборилган сўровга мансабдор шахснинг ўзи эмас, балки ўрнига бошқа ходимлар томонидан жавоб қайтарилади. Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатининг дахлсизлик ҳуқуқига риоя этилишига оид муаммолар ҳам бор.

Бунга қонунчиликдаги баъзи бўшлиқлар сабаб бўлаётгани таъкидланди. Хусусан, Парламент назорати тўғрисидаги қонунда депутат ва сенатор сўровига оид масала ўрганилганда мансабдор шахс номига юборилган депутат (сенатор) сўровига мансабдор шахснинг ўзи жавоб бериши лозимлиги тўғрисида мажбурий меъёр йўқ. Бу эса Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларининг қонуний талабари, сўровларига тегишли тартибда жавоб қайтарилмаслигига сабаб бўлаётгани қайд этилди. Йиғилиш иштирокчилари яна бир қатор масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Таъкидландики, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтириш ҳамда мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Натижада эса бу ҳокимиятнинг бўлиниши принципини мустаҳкамлашга ҳамда вакиллик демократиясининг ривожланишига олиб келади. Шу нуқтаи назардан ушбу қонун лойиҳаси ХДП фракцияси аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон овози мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: