18.02.2020

«ҲАВОЛА МЕЪЁРЛАР АҲОЛИ МАНФААТЛАРИГА ЗИД», ДЕБ ҲИСОБЛАЙМИЗ

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинмоқда. Сиёсий партияларнинг фракциялари аъзолари лойиҳаларга мақсад ва вазифалари, ғоялари нуқтаи назаридан турли фикр-мулоҳазалар билдирмоқда. Халқ демократик партиясининг фракцияси ҳам бевосита дастурий мақсадлари асосида, аҳоли манфаатларига хизмат қилувчи  таклифларни илгари сурмоқда.

Хусусан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги ҳамда бошқа лойиҳалар юзасидан ўз позициясини белгилаб олди. ХДП депутатлари қонунлар энг аввало аҳоли манфаатларига хизмат қилиши кераклигини таъкидламоқда. Уларга ўзгартириш ва қўшимча киритиш билан амалий натижага эришиб бўлмаслиги, ҳавола меъёрлардан бутунлай воз кечиш зарурлиги қайд этилмоқда.

 

Шербек БЎРОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик ­палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши энг аввало, бирор бир соҳа ёки тизимни ислоҳ этиш, ривожлантириш ҳамда ижобий натижаларга хизмат қилиши зарур, деб ҳисоблайман. Шунинг учун таклифлар тайёрлашда унинг натижаси ҳақида бош қотиришимиз керак. Бу ўзгартириш кимга нима беради, деган савол атрофида атрофлича ўйлаб кўриш лозим.

Масалан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги лойиҳани ўрганиш давомида айрим жиҳатлар эътиборимни тортди. 6-модда корпоратив ва инфратузилма облигацияларини чиқариш шартлари, деб номланади. Унга кўра айрим тартиблар бекор қилиниб, тизим соддалаштирилиши назарда тутилган. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилиши айтилмоқда. Давлат иштироки 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар инфратузилма облигацияларини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда чиқаради.

 Қонун лойиҳасига ушбу янги меъёрлар таклиф этиляпти. Лекин бу тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунлар қабул қилиниши шарт, деган тамойилга зиддир. Чунки таклиф этилаётган иккала бандда ҳам ҳавола меъёрлар кўзда тутиляпти. Яъни, қонунчилик талаблари асосида амалда оширилади, деб ёзилган. Ўйлашимча, бу каби меъёрларни ўзгартириш лозим. Агар қонунда аниқ ёзиб қўйилмаса, эртага у турли норозиликларга олиб келиши турган гап. Қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли органлар томонидан белгиланади, деб келтирилган. Бу бўйича ҳам аниқ йўналиш ва меъёрлар киритилиши лозим. Акс ҳолда, бу каби жумлалар қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлашига тўсқинлик қилади.

Бир сўз билан айтганда, таклиф этилаётган лойиҳа қонун шаклида кучга киргач, давлат идораларига эмас халқ манфаатига хизмат қилиши керак. ХДП фракцияси аҳоли манфаатларини ифода этувчи, тўғридан-тўғри ишловчи қонунлар ишлаб чиқилиши тарафдоридир.

 

Дилором ИМОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик ­палатасидаги Ўзбекистон ХДП ­фракцияси аъзоси:

— Парламентнинг Қуйи палатасида муҳокама қилинаётган Ер кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур лойиҳа Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” асосида ишлаб чиқилган. Унда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини иккиламчи ижарага бериш, шунингдек, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда, ер участкасини вақтинча фойдаланиш учун бериш шаклини амалиётга жорий қилиш масалалари назарда тутилган.

Айни пайтда мазкур лойиҳа концептуал жиҳатдан керакли. Бироқ ундаги айрим жиҳатларга эътибор қаратиш лозим. Мисол учун, ижарага бериш тартиби бўйича аниқ тартиб белгиланиши талаб этилади. Яъни, ҳар ким ўз хоҳишига кўра ижара миқдорини қўйиб олмаслиги, фуқаролар такрорий экин экиб, куйиб қолмаслигини таъминловчи меъёрлар ҳам киритилиши зарур. Бунда албатта, ернинг ҳосилдорлиги, иқлим шароити ҳам ҳисобга олинади. Шунингдек, сувдан фойдаланиш масаласи муҳим саналади. Чунки суғориш, ўғитлаш ишлари бевосита ҳосилдорликка таъсир қилади. Фақатгина ерни ижрага бериш билан масала ҳал бўлмайди. Энг кичик жиҳат ҳам муҳим ҳисобланади, назаримда.

Лойиҳа пишиқ пухта ишланса, ўзгартиш ва қўшимчалар мамлакатимизда ерга оид муносабатларни эркинлаштиришда, тадбиркорлик, деҳқончилик ва боғдорчилик ишлари учун қулай шароит яратишга хизмат қилади.

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Қонунчилик ­палатасидаги Ўзбекистон ­­ХДП фракцияси аъзоси:

— Партиямиз дастурида аҳолининг саломатлигини сақлаш масаласи алоҳида ўрин тутади. Хусусан, дори воситалари ва фармацевтика фаолияти билан боғлиқ муаммолар ечими, турли ирсий хасталикларни даволаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар биз учун жуда муҳим саналади.

Шу жиҳатдан  “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳим, деб ҳисоблайман. Лойиҳа Президентнинг “Кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида ишлаб чиқилган. Унда кам учрайдиган (орфан) касалликларни даволашда ишлатиладиган тиббий буюмлар импорти давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилишини назарда тутувчи қатъий меъёр киритиш вазифаси белгиланган.

Фракциямиз аъзолари Лойиҳанинг 24-моддасига “орфан дори воситалари ва тиббий буюмлари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги буюртмаси асосида импорт қилинадиган ўта хавфли касалликлар профилактикасида қўлланиладиган дори воситалари ва уларнинг “in vitro” ташхиси тиббий буюмларини импорт қилиш давлат рўйхатидан ўтказилмасдан амалга оширилади”, деган қатъий меъёр киритишни таклиф этмоқда.

Бу орқали кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳолига ҳам қатор қулайликлар яратилади, деб ўйлаймиз.

Қизилгул ЭРМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик ­палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Инсон организмининг дори воситаларига бўлган реакцияси ҳар хил. Фаолиятим давомида бунга кўп бора гувоҳ бўлганман. Ким учундир оддий ва енгил бўлган дорилар бошқа бировга кучли таъсир қилиши мумкин. Шу ўринда, мазкур лойиҳага яқин бўлган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Жиноят кодексининг 186 прим 3-моддасида сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш ёки дори воситаларини дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш тартибини бузиш бўйича жавобгарлик назарда тутилган. Эндиликда ушбу моддага рецепт бўйича дори воситаларини чакана реализация қилиш тартибини бузиш юзасидан ҳам жавобгарликни қўшиш таклиф этиляпти.

Мазмунан шунга ўхшаш қўшимча Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165 прим 1 моддасига ҳам таклиф қилинган. Унга кўра, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Кейинги йилларда кучли таъсир қилувчи дори воситалари билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар кўпайиб бораётганини ҳисобга олиб, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни қўллаб-қувватлаш керак. Чунки нотўғри ёки керагидан ортиқча қўлланилган дори воситалари одамни зарарли, ҳатто қайтариб бўлмас оқибатларга олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, бу масалада кенг жамоатчилик ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, аҳолининг хабардорлик даражасини ошириш зарур. Бу борада назоратни кучайтириш, дорихона маъмуриятининг жавобгарлигини ошириш лозим. Рецептсиз бериш тақиқланган дориларни сотганлик учун маъмурий ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида қатъий огоҳлантирилса, кимдир зарар кўришининг олди олинади, деб ўйлайман.

ХДП фракцияси аъзолари “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бўйича ҳам қатор таклифларига эга. Депутатлар лойиҳанинг тилини соддалаштириш, инновацион фаолият билан боғлиқ муносабатларни аниқ-равшан акс эттириш, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида бу масалага алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидлади.

 

 Ўз мухбиримиз.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: