Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
24 25 26 27 28 29 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
21.01.2020

ОЛИЙ МАЖЛИС ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИДА

Ўзбекистон ХДП фракцияси тузилди

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан сайланган депутатларнинг дастлабки ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЎзХДП партиясининг фракциясини тузиш, шу билан бирга, фракция раҳбарини сайлаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги биринчи масала бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, сайловда эришилган натижалар ҳақида ахборот берди.

Халқ демократик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 22 депутатлик ўрнига, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида 201 та, туман, шаҳар Кенгашларида 1384 та депутатлик ўрнини эгаллади.

Партиядан сайланган депутатларнинг 5 нафари илмий даражага эга бўлиб, мутахассислиги бўйича 6 нафари иқтисодчи, 6 нафари педагог ва 3 нафари шифокор, 7 нафари бошқа касб эгалари. Депутатларнинг тенг ярми, яъни 11 нафари аёллардир.

Йиғилишда қонунчиликка мувофиқ, сиёсий партия манфаатларини парламентнинг Қуйи палатасида ифодалаш мақсадида Халқ демократик партиясининг 22 нафар аъзодан иборат фракциясини тузиш ҳамда Қонунчилик палатасида рўйхатга олишни сўраш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шунингдек, Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоларидан фракция раҳбарини сайлаш тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Бу вазифага Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Иноятов сайланди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар сайлов миллий қонунчилигимиз ва халқ­аро меъёрларга мос равишда, талабчан руҳда ўтгани, халқимиз янги парламентдан, жумладан, Халқ демократик партияси депутатларидан катта натижалар кутаётгани, сайловчиларнинг юксак ишончини оқлаш учун янада жонкуяр, қатъиятли ва фидокорона меҳнат қилиш кераклиги алоҳида таъкидланди.

Улуғбек ВАФОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Фаолият давомида Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, партиямизнинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастури қабул қилинади. Ушбу дастурга мувофиқ партия фракцияси фаолияти асосий уч йўналишда олиб борилади.

Биринчи йўналиш – қонун ижодкорлиги бўлиб, партия фракцияси электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган бир қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиши режалаштирилган.

Иккинчи йўналиш – фракциянинг депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент эшитувлари ташкил этиш бўйича ишларни изчил йўлга қўйишдан иборат бўлади.

Учинчи йўналиш – сайловчилар ва электорат вакиллари билан доимий мулоқотни амалга ошириш. Бу йўналишда депутатлар сайлов округларида бевосита мулоқот орқали фаол иш олиб боради. Аҳоли орасида сиёсий-ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, ижтимоий-сиёсий фаолликни кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгиланади.

Мақсуда ВОРИСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Хабарингиз бор, сайлов кампанияси даврида таъкидлаганимиздек, ХДП ўз олдига қўйган мақсадларини 12 қадам асосида босқичма-босқич ҳамда тизимли равишда олиб боради. Биз асосан қуйидаги муаммоларни чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш ва уларнинг ечими юзасидан қонунчиликка таклифларимизни киритишни мақсад қилганмиз. Бунда ижро масаласи устидан кучли депутатлик ва парламент назоратини ўрнатиш ҳам муҳим масала ҳисобланади. Демак, илк ташаббусимиз ҳам бевосита Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар билан бошланади. Яъни, Халқ демократик партияси фракцияси яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳақида қонун қабул қилиш таклифини биринчи қонунчилик ташаббуси сифатида илгари суриши мўлжалланган.

Бу ташаббус Конституциямизда назарда тутилган, лекин йиллар давомида рўёбга чиқмасдан қолаётган “тирикчилик учун зарур энг кам миқдор”ни белгилашда долзарб ва принципиал аҳамиятга эга. Бу меъёр қонунан белгиланса, пенсия, стипендия, нафақаларнинг миқдори ошишига сезиларли ижобий таъсир кўрсатади.

Бундан ташқари, партия Сайлов­олди дастурида “Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида” қонун қабул қилиш ташаббусини илгари суриш ҳам кўзда тутилган. Ушбу қонун ишлаб чиқилиб, қабул қилиниши ижтимоий муҳофазага муҳтож, кам даромадли юртдошларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга ҳуқуқий асос яратади.

Шерзод РАҲМОНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар ичида энг ёш депутат эканимни эшитганимда жуда хурсанд бўлдим. Менга бундай шарафни аввало сайловчилар тақдим этди, шунинг учун биринчи галда уларга миннатдорлик ­билдираман. Ва албатта ёш, ҳаётий тажрибам кам бўлишига қарамай, менга ишонч билдириб, номзодимни кўрсатгани учун Халқ демократик партиясига ҳам раҳмат айтаман.

Бугун муҳташам Олий Мажлис биносига кирганимда масъулиятим икки марта ошди. Тўғриси, хурсандчилик устига ҳаяжон ҳам қўшилди. Чунки жамоатчиликнинг, парламент аъзоларининг эътиборида бўлиш масъулияти катта.

Юртимиздаги қанча ёшлар, қанча тенгдошларимиз парламент аъзоси бўлишни орзу қилади, депутатликни шараф деб билади. Шуни англаган ҳолда, ёшлар вакили сифатида фаол бўлишга, тажрибали депутатлардан ўрганиб, билим ва тажрибамни оширишга, мени қўллаб-қувватлаган инсонларнинг ишончини оқлашга ваъда бердим, олдимга катта вазифа қўйдим.

Албатта, парламентда қонунлар қабул қилиш жараёнида, долзарб масалалар муҳокама этилаётганида ёшларнинг манфаатлари ҳисобга олиниши учун фикрларим ва таклифларим билан иштирок этаман, деган ниятдаман. Шуни ўйлаб, сайланган ҳудудимга бориб, ёшлар, тенгдошларимиз билан доимий гаплашиб, амалий мулоқот қилиб туришни ўзимга режа қилдим.

Зулайҳо АКРАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Ўтган чақириқда ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайланган эдим. Катта ишонч билан яқинда бўлиб ўтган сайловда ҳам парламент депутатлигига ўз номзодимни қўйдим. Лекин такрорий овоз беришда депутат бўлиб сайландим. Бундан англадимки, бугун халқимизнинг ўз вакиллари – депутатлар ­олдига қўяётган талаблари ортиб бормоқда. Бу депутатликка номзодлар билан учрашувларда, сайловчилар билан мулоқотларда яққол намоён бўлди.

Ўтган 5 йилдаги фаолиятимиз таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ишимизда ижобий ўзгаришлар билан бирга, хато ва камчиликларга ҳам йўл қўйилди. Одамларга фойдаси тегадиган таклифлар беришда қатъият ва талабчанлик ҳар доим ҳам етишмади. Лекин бундан кейин сусткашликнинг бадали оғир бўлади. Ҳозирги замон, одамларнинг талаб ва истаклари бунга йўл қўймайди.

Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, фракциямиз фаолиятини уч йўналишда ташкил этишни белгилаб олганимиз яхши бўлди.

Сабаби, аввало, биз қонун ижодкорлиги ва қонунчилик сифатини оширишни мақсад қилганмиз. Электорат манфаатлари билан боғлиқ қонун лойиҳаларида қатъий позиция кўрсатишимиз керак.

Иккинчи ғоят муҳим вазифамиз бу – қабул қилинган қонунларнинг жойларда қандай ижро этилаётгани устидан қатъий парламент назоратини, қолаверса, депутатлик назоратини ўрнатишдан иборатдир. Биз қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш жараёнида таклифларни илгари суриш билан чекланиб қолмасдан, уларнинг ижросини ҳам изчил ўрганамиз.

Учинчи муҳим вазифамиз, бу сайловчилар билан ишлашни тубдан яхшилашдир. Биз мулоқотлар жараёнида сайловчиларни ўйлантираётган муаммоларни аниқлаб, уларни ҳал қилиш учун курашишимиз, шу билан бирга, одамларни сиёсий-ҳуқуқий фаолликка ундашимиз зарур, деб ўйлайман. Бунинг учун самимий мулоқот билан уларнинг юрагига етиб боришимиз зарур. Жамоатчиликдан, халқимиздан фикр ва куч олмаган депутатнинг сўзи ўткир бўлмайди.

Албатта, мазкур вазифаларни бажариш, биз, депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди. Фракциямиз фаолиятини мутлақо янгича асосда ташкил этиш учун барча куч ва имкониятларни ишга соламиз.

Елена БАБЕНКО,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати:

— Тўғрисини айтсам, бугунги ташкилий йиғилиш, бу бинода ўтириш, олдинда турган вазифалар, қизғин жараёнлар буларнинг барчаси ҳаяжонли ва ноодатий воқелик мен учун. Ўтган бир неча ойга келсак, сайлов кампанияси ва овоз бериш ўзига хос машаққат ва меҳнат талаб этди. Чунки сайловолди учрашувлар, тарғибот тадбирлари, умуман, ҳар бир жараёнда катта рақобат сезилиб турди.

Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудидан номзодим кўрсатилди. 89 фоиз сайловчилар овози билан сайландим. Эндиликда мен англаган асосий масала шуки, берилган ваъдалар, қўйилган мақсадларни амалга оширишда бор имконият ва ваколатларимдан фойдаланаман. Одамларнинг ишончини оқлаш, сайловчилар олдида масъул эканимизни унутмаслигимиз керак.

Халқ демократик партияси депутатлари партия Сайловолди дастурида режалаштирилган вазифалар ижросига чуқур жавобгарлик ва масъулият ҳисси билан ёндашишларини алоҳида таъкидлашди.

Фракциянинг таъсис йиғилишида бошқа ташкилий масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

Тўлқин ТЎРАХОНОВ.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: