Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
01.09.2019

«ТАЪЛИМ ТЎҒРИСИДА»ГИ

қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда

Таълим тизимига ҳар бир давлат, ҳар қайси мамлакатда энг муҳим ва устувор масала сифатида қаралади. Аслида ҳам, қачонки фуқаролар маърифатли, маънавиятли ва мустаҳкам соғликка, билимга эга бўлса, ўша давлат қудратли бўлади. Вақт, тараққиёт таълим тизимида ҳам янгиликлар яратишни тақазо этади. Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирда тайёрланган таълим тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламент фракциялари ва қўмиталар йиғилишларида атрофлича муҳокама қилинмоқда. Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ҳам мазкур лойиҳасини кенг муҳокама қилди.

Таъкидландики, ушбу лойиҳа маориф тизимидаги мавжуд муаммоларни бартараф этишга хизмат қилиши лозим. Соҳани тубдан такомиллаштириш ва таълимни халқ­аро ҳамжамият билан уйғунлашган ҳолда олиб бориш учун кенг имкониятлар яратиш назарда тутилган.

Лойиҳага катта ёшдагилар таълими, махсус таълим, инклюзив таълим, якка тарибда педагогик фаолият билан шуғулланиш масалалари билан боғлиқ моддалар киритилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ­аъзоси Абдуғаффор ­Қирғизбоев. Шунингдек, давлат-хусусий шериклик, инвестиция киритиш, давлат назоратини таъминлаш, муассасаларнинг ўзини ўзи баҳолаши ҳам назарда тутилмоқда. Асосийси, таълим иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги, соҳада экспериментал ва инновацион фаолият ҳамда шу каби бошқа янги асосий моддалар ўрин олмоқда.

Янги таҳрирдаги лойиҳада таълим олувчиларни ўқиши ёки педагог кадрларни ўз фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа ишларга жалб этишнинг тақиқланиши назарда тутилган. Бундай ҳолатларга йўл қўйилса, муассаса раҳбари жавобгар этиб белгиланмоқда. Соҳадаги давлат бошқарув органларининг ваколатлари ва таълим муассасаларининг фаолияти эркинлигини кенгайтириш ҳам лойиҳа моддаларида акс эттирилган.

Умуман олганда, мазкур лойиҳа узоқ ўйланган, аҳолининг талаб ва таклифлари, фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда қайта тайёрланди. Ўқитувчилар ҳамда ўқувчиларнинг манфаатлари кенгайтирилиб, ҳуқуқлари янада мустаҳкамланмоқда. Улардан талаб қилинадигани фақатгина пухта билим бериш.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев.Аммо бу борада ҳаёт талабидан келиб чиқаётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас. Масалан, ўқитувчига бўлган муносабат, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг мазмун-моҳияти, сифати, ота-онанинг бола тарбиясидаги масъулияти билан боғлиқ масалалар ҳам борки, улар миллат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай кишини ўйлантиради.

Бугун мамлакатимиз аҳолиси 33,5 миллион нафардан ортиқ. Унинг 60 фоиздан кўпроғи 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этади. Фарзандларимизни асраш, уларга тўғри таълим-тарбия бериш эса ҳар биримизнинг ҳам ота-она, ҳам мутахассис, ўқитувчи сифатидаги бурчимиздир. Шунинг учун Президентимиз мазкур масалани давлатнинг энг муҳим вазифаси даражасида кўрмоқда. Ўқитувчи ва мураббийлар, тарбиячилар меҳнатини қадрлашга эътибор кучайди. Уларнинг ойлик маоши бир неча баробарга оширилди, моддий ва маънавий рағбатлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Демак, ўқитувчи ўз мақомини қайта тиклади. Эндиликда, уларга қўйиладиган талаб ҳалол ва виждонан ишлаш, ўғил-қизларимизга тўғри ва муносиб билим беришдан иборат.

Мана шулар инобатга олинган ҳолда янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси тайёрланди. У сўнгги икки ярим йил ичида соҳадаги ижобий ўзгаришларни қамраб олишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Лойиҳада таълим соҳасида кўп қўлланиладиган «таълим ташкилоти», «давлат аккредитацияси», «инклюзив таълим», «таълим кампуси», «икки томонлама диплом («Double diploma»)» каби асосий тушунчаларга изоҳ берилмоқда. 11 йиллик умумий ўрта таълимнинг жорий этилиши, касб-ҳунар коллежларининг ислоҳ қилиниши натижасида узлуксиз таълим турларидаги ўзгаришлар ўз аксини топмоқда.

Қонун лойиҳасига оиладаги таълим ва мустақил равишда таълим олиш, таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш билан бир қаторда, таълим олувчилар ва ота-оналарнинг (қонуний вакилларнинг) ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилашга оид меъёрлар киритилган.

Эътиборли жиҳатларидан яна бири, таълимга оид ташкилотларнинг ҳуқуқий мақоми, уларни тузиш, қайта ташкил этиш ва тугатишга оид янги меъёрлар ўрин олмоқда.

Республикамиз таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари учун кенг имкониятлар яратилгани боис, нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш ва фаолиятини лицензиялашга оид тартиблар белгилаб қўйилмоқда. Хорижда ўқиш, чет эл давлатларида таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олиниши масалалари алоҳида моддаларда кўрсатилмоқда. Қонун лойиҳасида илк бор мамлакатимизда бутун умр таълим концепцияси илгари сурилмоқда. Хулоса қилиб айтганда, янги қонун лойиҳаси бугунги даврга халқаро стандартларга ҳар томонлама мос ва хос равишда ишлаб чиқилган. Табиийки, қонун айрим жузъий камчиликлар, таҳрирдаги хатолардан ҳам холи эмас. Бироқ мазмунан ва моҳиятан такомиллиштирилган лойиҳани фракциямиз аъзолари қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда мазкур қонун лойиҳасининг нақадар муҳим ва зарурлигини эътиборга олган ҳолда, уни умумхалқ муҳокамасига киритиш лозимлиги таъкидланди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: