30.04.2019

БОЛАНИНГ ҲАМ ҲУҚУҚИ БОР

Бу масалада муҳим ўзгаришлар бўлади

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига кўра, ўн саккиз ёшга тўлмаганлар, яъни вояга етмаганлар бола ҳисобланади. Бола ҳуқуқларини муҳофаза этиш, уларнинг манфаатларини ҳимоялаш бизнинг жамиятимизда ўта долзарб масалалигича қолмоқда.

Президентимиз томонидан қабул қилинган бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар ҳақидаги қарорни ўқиган инсон буни яхшироқ тушунади.

Ушбу ҳужжат билан рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи-назар, болаларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши белгиланди. Болаларнинг давлат органларига бевосита мурожаатлари тўлиқ кўриб чиқилиши кафолатланиши, бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли деб белгиланди. Конституциямизга мувофиқ ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар.

Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади. Бу даъвогарнинг судга мурожаат этиш хуқуқини имтиёзли кафолатлайди.

Жорий йил сентябридан бошлаб Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиб, эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши ўн саккиз ёш этиб белгиланаяпти. Бу биринчидан ёшларнинг оила қуришга бўлган масъулиятини ошириб, соғлом оилани шакллантиришга ҳисса қўшади. Иккинчидан, никоҳ ёшининг бир хил этиб белгиланиши аёл ва эркак тенг ҳуқуқлилигига асосланади.

 Мамлакатимизда меҳр-мурувват, саховат каби қадриятлар ҳамиша эъзозланган. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишнинг умумий сонидан «Меҳрибонлик» уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча равишда бир фоизгача давлат гранти асосидаги қабул квоталарини ажратиш тартиби жорий этилиши белгиланаяпти.

Бола ҳуқуқлари масаласида қонун ижодкорлиги фаолияти ҳам такомиллашади. Ҳужжатда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, шунингдек, Жиноят кодекси ва Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисидаги қонунга керакли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши кутилмоқда.

Бу режалар, бу эзгу ишлар замирида тоза ният, улуғ ғоя мужассам. У ҳам бўлса, болаларнинг кўнглини ўкситмаслик, уларга имконият ва шароит яратиб беришдир.



DB query error.
Please try later.