30.04.2019

ИНФЛЯЦИЯНИ ПАСАЙТИРИШГА ИМКОНИМИЗ БОРМИ?..

Давлат дастури ижроси бўйича ҳукумат аъзоларининг ҳисоботи эшитилди

Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилишида жорий йилга мўлжалланган Давлат дастурининг биринчи чорак якунлари бўйича ижроси ҳақидаги ҳисобот дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Йиғилиш давомида Давлат дастурининг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан Бош вазирнинг ўринбосари, Молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳисобот берди.

— Ҳисобдорлик ҳар бир раҳбарни ҳушёрликка чорлайди,— деди у. — Ўз фаолиятимизга минг бор назар ташлаб, ҳақиқий баҳони олиш имконини беради.

Ҳисобот даврида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратишга эришилди. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 5,3 фоизга, хусусан, саноат соҳаси 6,8 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми 11,1 фоизга, чакана савдо айланмаси 5,9 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 2,5 фоизга ўсган.

Давлат бюджетининг 2019 йил биринчи чорагидаги даромадлари 23,0 триллион сўм, харажатлари эса 24,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан мос равишда 1,6 ва 1,7 баробарга ошган.

 Ижтимоий инфратузилма объектларини молиялаштириш бўйича биринчи чорак давомида умумий қиймати 3412,2 миллион АҚШ доллари бўлган 32 та ишлаб чиқариш ва ижтимоий тузилма объектлари ишга туширилиб, 1806 та янги иш ўрни яратилди.

Жорий йилда инвестиция дастури доирасида жами 1 213 та ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлашга 3,8 триллион сўм миқдорда маблағ ажратилиши белгилаб олинган. Жумладан, соғлиқни сақлашга 972,3 милиард сўм, умумий ўрта таълим муассасаларига 975 миллиард сўм, мактабгача таълим муассасаларига 1 654 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга қаратилган тадбирлар натижасида биринчи чоракда болаларни қамраб олиш даражаси 38,4 фоизга етказилди. Бу кўрсаткич ўткан йили 37,7 фоиз эди. Шунингдек, тажриба-синов тариқасида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида болаларни бошланғич таълимга бир йиллик тайёрлаш учун жами 486 та мажбурий бепул гуруҳлар ташкил этилиб, 11,1 минг нафар 6 ёшли бола қамраб олинди.

Айни вақтда кўпчиликни инфляция даражаси қизиқтириши табиий. Инфляция даражаси ўтган йилги кўрсаткичга нисбатан у қадар ўзгармайди. Аммо буни мувозанатда ушлаш учун маълум ҳаракатларни амалга ошириш лозим бўлади. Ўрни келганда айтишим керакки, инфляцияни кескин пасайтириш имконига ҳам эга эмасмиз.

Яқин-яқингача иқтисодий ўсиш моделини «ёқилғиси», айлантирувчи кучи икки омилга асосланганди. Биринчиси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нархни кам белгилаш ва бу орқали саноатда фойда яратилиб, иқтисодий ўсишга эришилган. Иккинчидан, энергитика ресурсларига нархни паст белгилаш ва йиллар давомида нархни ўзгартирмаслик ҳисобига амалга оширилган. Шу билан бирга нефт-газ, энергитика, қишлоқ хўжалиги соҳаларига инвестицияга бўлган дефецит кескин ошиб кетган. Бунинг оқибатида охирги йилларда республикамизнинг аксарият ҳудудларига газ, электр энергияси етказиб бериш билан боғлиқ муаммоларга дуч келинган. Яна қайсидир ҳудудда ер шўрланган. Бугунги кунда мазкур муаммолар кетма-кетликда бартараф этилмоқда. Нарх-наволар ўртасидаги диспропорсияларни тўғирлаш лозим бўлади. Бу албатта кўпчиликка ёқмайди. Шу масалада ҳам депутатлардан ёрдам сўраб, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришда кўмаклашишини истардик.

Жаҳон экспертларининг фикрига кўра, инфляция даражасини ушлаб туришда иқтисодиётга берилаётган кредитлар ҳажми ўсишини чеклаш ҳам муҳим ҳисобланади. Бу кўрсаткич ўтган йилда 52 фоизни кўрсатган.

Жорий йилдан янги Солиқ концепцияси амалга киритилди. Кўпгина маъноси йўқ солиқлар бекор қилинди, ставкалар камайтирилди. Қисқа қилиб айтганда, адолатли солиқ тизимига ўтилди. Рости, катта хавотиримиз бор эди. Негаки, бу жуда кескин ўзгариш ҳисобланади. Аммо натижа кутилганидан ҳам яхши бўляпти. Ўтган йилда қўшилган қиймат солиғини тўловчи субъектлар бор йўғи 7 мингта эди. Қолганлари эса ягона солиқ тўловини тўларди. Жорий йил янги солиқ тизимига ўтилаётганда ҳисоб-китобларга кўра, 17 минг корхона қўшилган қиймат солиғини тўлаши кутилганди. Биринчи чорак натижаларига кўра, уларнинг сони 25 мингтага, апрель ойига келиб эса 31 минг, умумий ҳисобда 38 мингтага етди.

Солиқ тўлаяпти деганда, баъзан «қулоқни кесадиган гапдек» туйилади. Жойларда қўшилган қиймат солиғининг мазмун-моҳияти афзаллигини тушунтириш ишларини янада кўпайтирсак, кўпроқ натижага эришишимиз мумкин. Мана шундай тадбирлар натижасида 2 мингга яқин корхона ўз хоҳиши билан шу солиқ турига ўтиш истагини билдирди.

Ҳисобот давомида хорижий инвестицияларни жалб этиш, республикамизнинг турли ҳудудларини иқтисодий томондан ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ҳақида ҳам сўз борди.

Шундан сўнг депутатларни қизиқтирган саволларга Жамшид Қўчқоров ва ҳукуматнинг бошқа аъзолари жавоб беришди.

Савол:

— Бугунги кунда аҳолининг бўш турган маблағлари ҳажми юзасидан Ҳукуматда аниқ таҳлилий маълумотлар борми? Бу маблағларни иқтисодиётга фаол жалб этиш, яъни, ички инвестицияни ривожлантириш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?

— Бизда хусусий мулкка ҳурмат азал-азалдан мавжуд, аслида шундай бўлиши ҳам керак. Мутахассислар фикрига кўра, бугунги кунда хуфёна иқтисодиётда 30 миллиард АҚШ долларига тенг маблағ айланади. Йилига чет элда меҳнат қилаётган фуқароларимиздан 5 миллиард АҚШ долларига яқин маблағ банк ҳисобларига келиб тушмоқда. Таҳлилларимизга кўра, бугунги кунда аҳолининг бўш турган маблағлари умумий ҳажми тахминан 10 миллиард АҚШ долларини ташкил этади...

Савол:

— «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури бўйича аҳолида ишончсизлик пайдо бўлмоқда. Тадбиркор иш бошлайман, деб банкка мурожаат қилганда, лимитни боҳона қилиб, кредит беролмасликларини айтишяпти. «Марказ ҳал қилади», дея турли важлар келтирилмоқда. Банк ходимларининг тадбиркорларга муомаласи ҳам табни бироз хира қиляпти. Шу масалада нима дея оласиз?

Жавоб:

— «Ҳар бир оила —тадбиркор» дастурига масъул шахсман. Ўтган ҳафтада шу масалада барча вилоятлардаги масъуллар иштирокида селектор ўтказдик. Албатта, муаммолар йўқ, дея олмайман. Лекин бажарилаётган ишларни ҳам унутмаслик керак. Келинг, депутатлар билан бирга шахсан ўзим ва масъул шахслардан бир жамоа тузсак. Дастлаб уч вилоятни танлаб, шу дастур бўйича давра суҳбати ўтказсак. Жойларда аҳоли дуч келаётган муаммоларни ўзларидан эшитиб, масала ечимини биргаликда ҳал қилишга уринсак, мақсадга мувофиқ бўларди.

Шу вақтга қадар мазкур дастур доирасида 700 миллиардга яқин кредит берилди. Бунинг кам ёки кўплигини ҳеч ким айтолмайди. Энг асосийси, унинг самарадорлигини таъминлашимиз лозим, деб ўйлайман.

Депутатлар томонидан Давлат дастурининг кейинги чораклардаги ижроси натижадорлигини ошириш борасида таклиф ва тавсиялар берилди. Ҳисобот якунлари бўйича фракциянинг қарори қабул қилинди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.