23.04.2019

ҲИСОБ ПАЛАТАСИ АХБОРОТИ ТИНГЛАНДИ

Ҳисоб палатаси томонидан 2018 йилда ўтказилган ўрганиш, кўрилган чоралар, амалий ёрдамлар натижасида 234 514 нафар юридик ва 1 676 285 нафар жисмоний шахслар, яъни солиқ тўловчилар фаолияти бевосита таҳлил қилинди. Давлат бюджетига қўшимча 4 721,9 млрд. сўмлик даромад манбалари аниқланди. 2018 йилда бюджетга режалаштирилган 9,1 трлн. сўм қўшимча манба ҳудудлар бўйича 9,8 трлн. сўмга (107,1 фоиз) таъминланди.

 

Кеча қуйи палатадаги Ўзбекистон ХДП фракцияси Ҳисоб палатасининг 2018 йилдаги фаолияти ҳамда жорий йилги режалари билан боғлиқ ахборотини тинглади.

Таъкидландики, Президент қарор ва фармонлари асосида Ҳисоб палатаси вазифалари кенгайтирилиб, таркибида Олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш ва унга кўмаклашиш ҳамда Стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ижросини мониторинг ва назорат қилиш шўъбалари ташкил этилди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2 та модда киритилиб, палатанинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш оқибатлари ва маъмурий ҳуқуқбузарликни қайд этиш борасидаги ваколатлари белгилаб берилди. «Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, парламентга киритилди.

 

Ҳисоб палатаси томонидан 2018 йилда ўтказилган ўрганиш, кўрилган чоралар, амалий ёрдамлар натижасида 234 514 нафар юридик ва 1 676 285 нафар жисмоний шахслар, яъни солиқ тўловчилар фаолияти бевосита таҳлил қилинди. Давлат бюджетига қўшимча 4 721,9 млрд. сўмлик даромад манбалари аниқланди. 2018 йилда бюджетга режалаштирилган 9,1 трлн. сўм қўшимча манба ҳудудлар бўйича 9,8 трлн. сўмга (107,1%) таъминланди.

Бюджет тизими бюджетлари шакллантирилиши ва харажат қисми ижро этилишини назорат қилиш тадбирлари давомида 1 196,8 млрд. сўмлик ва 74,2 млн. долларлик ноқонуний, самарасиз харажатлар, бошқа услубий хато ва камчиликлар аниқланди. Уларнинг 101,5 млрд. сўмлик қисми бартараф этилди.

Президент имзолаган 3151 ҳужжатдаги топшириқлар ижроси назоратга олиниб, 853 та муаммоли масала бўйича 264,5 млрд. сўм, 52,1 млн. доллар ва 3,6 млн. евролик маблағлар жалб қилинди. 68 тадбиркорлик субъектига ер майдонлари ажратилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар бўйича 121,5 млрд. доллар қийматдаги 3148 келишув ва тадбирлар ижроси юзасидан назорат ўрнатилди. Бевосита 14,0 млрд. доллар қийматдаги 257 та инвестиция келишувларини жадаллаштириш чоралари кўрилди. Умумий қиймати 79,1 млрд. доллар бўлган жами 12918 та инвестиция лойиҳалари назоратга олинди.

Ҳисобот йилида Ҳисоб палатасига юклатилган вазифа ва топшириқлар ижроси бўйича ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар (аудит) натижалари юзасидан жами 180 та, жумладан, Президент Администрациясига 138 та, Вазирлар Маҳкамасига 15 та, бошқа вазирлик ва идораларга 27 та маълумот, таҳлилий материаллар киритилди. Улар асосида 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва баённомалар қабул қилинди.

Бюджет кодексининг 167-моддасига мувофиқ Давлат бюджетининг 2017 йилги ижроси тўғрисидаги ҳисоботи ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди. Мазкур ташқи аудит Молия вазирлиги ва унинг ғазначилиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ҳамда давлат мақсадли жамғармаларининг ҳисоботларидаги маълумотларни тегишли бюджет ҳисоб рақамлари бўйича ҳақиқатдаги тушумлар ва харажатлар билан солиштириш орқали амалга оширилди.

Ташқи аудит ва баҳолаш натижалари Давлат бюджети даромадлар қисмининг ижроси таъминлангани, харажатлар Давлат бюджети харажатларининг иқтисодий таснифига мувофиқ ҳолда акс эттирилгани билан биргаликда алоҳида ҳолатлар мавжудлигини кўрсатди. Аудит давомида даромадлар ва харажатлар ижроси бўйича жами 4 308,5 млрд. сўмлик услубий хато ва камчиликлар аниқланди.

Жумладан, бюджет ташкилотлари бўйича тармоқ, штатлар ва контингентга доир режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни шакллантиришда электрон тизим мавжуд эмаслиги сабабли, ҳисоботда ҳақиқий иш ҳақи харажатлари 3 868,0 млрд. сўмга орттириб кўрсатилгани маълум бўлди. Аудит жараёнида аниқланган ҳолатлар бўйича ҳисоботларга тузатишлар киритилиши таъминланиб, Молия вазирлиги ва давлат мақсадли жамғармаларига тегишли кўрсатмалар тақдим этилди. Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботнинг ташқи аудити якунларига кўра, Ҳисоб палатасининг хулосаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Шу билан бирга, 2019 йил учун Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси Ҳисоб палатаси томонидан кўриб чиқилиб, белгиланган тартибда ҳукуматга хулоса киритилди. Бюджет лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этиб, 31 та таклиф Молия вазирлигига юборилди. Жумладан, 2019 йилги бюджет даромадлари прогнози белгиланишида 5,2 трлн. сўм солиқ тушумларининг манбалари мавжуд эмаслиги, 60,0 млрд. сўм солиқ ва 143,0 млрд. сўм божхона тушумлари тўлиқ ҳисобга олинмаганлиги аниқланиб, қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланди.

2019 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида Ҳисоб палатаси томонидан бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича кўзда тутилмаган 3,0 трлн. сўм маблағларни бюджет ҳисобидан қўшимча режалаштирилиши таъминланди. Хусусан, аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашга имтиёзли кредит линиялари учун давлат бюджетидан ажратиладиган мақсадли маблағлар миқдори 2 170,0 млрд. сўмдан 2 978,1 млрд. сўмга оширилди.

Ҳисоб палатасига юклатилган асосий вазифалар ҳамда алоҳида топшириқлар ижроси, хорижий тажрибани ўрганиш юзасидан 2018 йилда 7 йўналишда амалга оширилган кенг қамровли ишлар ҳамда уларнинг натижалари хусусида атрофлича маълумот берилди. Белгиланган вазифалар ҳамда ваколатлардан келиб чиқиб, жорий йилда ҳам уларни давом эттириш кўзда тутилгани таъкидланди. Депутатлар ҳар бир йўналиш бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Ҳисоб палатаси ишининг очиқлиги, шаффофлигини таъминлаш, давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда барча даражадаги депутатлик корпуслари ва сиёсий партиялар ролини ошириш ва бошқа масалаларда фикр алмашилди.

Фракция йиғилишида, шунингдек, қатор қонун лойиҳалари ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Депутатлар бундай ерларнинг тури кўплиги, уларнинг қай бирини хусусийлаштириш мумкинлиги, солиқ ҳамда бошқа масалаларда саволлар берди. Ҳар бир кичик жиҳат ҳам лойиҳада инобатга олиниши лозимлиги, уни тўлдириш, такомиллаштириш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: