26.03.2019

ЧАҚАЛОҒИНИ ЭМИЗМАГАН ОНАЛАРГА ЧОРА КЎРИЛИШИ РОСТМИ?..

Ўтган ҳафтада Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлди. Унда бир қанча қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини рад этиш ҳақидаги ахборот тингланди.

Мазкур лойиҳада Давлат солиқ қўмитаси марказий аппаратининг тузилмасида Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш бош бошқармаси тугатилганлиги ҳамда унинг ўрнида Солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташкил этилгани сабабли, Жиноят-процессуал кодексидаги айрим жумлаларни алмаштириш таклифи билдирилган.

Шунингдек, қонун лойиҳасида «давлат солиқ хизмати мансабдор шахслари» тушунчасини киритиш, яъни, янги институтни жорий қилиш таклифи берилган. Лекин тушунчага аниқлик киритилмаган. Бу эса «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасига зид келган. Ана шу ва бошқа сабабларга асосан Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги лойиҳани Қонунчилик палатаси регламентига мувофиқ рад этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашини билдирди. Бу масала ялпи мажлисда кўриладиган бўлди.

Йиғилишда «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлди.

Таъкидланишича, болаларни кўкрак сути билан боқиш ҳақидаги тарғибот ишлари самарадорлигини фақат тиббиёт ходимлари орқали ошириб бўлмайди. Бу борада гўдаклар ҳамда кичик ёшдаги болаларни овқатлантириш ҳақида объектив маълумот билан таъминлашда бошқа давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ҳам иштироки муҳимдир. Шу сабабли, оммавий ахборот воситалари ва нодавлат ташкилотлар хизматчилари болани кўкрак сути билан боқишнинг аҳамияти, рационал овқатланиш, нотўғри овқатланиш билан боғлиқ муаммолар ҳақидаги маълумотларни омма орасида тарғиб қилишда Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти тавсияларига асосланиши керак бўлади.

— Бундан ташқари, кўкрак сути ўрнини босувчи воситаларни тарқатувчи дистрибьюторлар «Кўкрак сути ўрнини босувчилар маркетинги халқаро кодекси» шартларига мос равишда ҳаракат қилиши муҳимдир, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев. — Миллий қонунчиликда халқаро кодекс тавсияларини жорий қилиш масаласини кўриб чиқиш зарур.

Яъни, ушбу қонун қабул қилингандан кейин кўкрак сути билан овқатлантирмаганларга чора кўриш амалиёти жорий этилиши назарда тутилмоқда. Лекин онанинг тўйиб овқатланмагани, унинг фарзандли бўлгандан кейин 2-3 ойга қолмасдан ишга чиқиб кетиши сабабли болани кўкрак сути билан овқатлантира олмаслиги мумкин. Ушбу ҳолатда қандай йўл тутиш лозим?

Бугунги кунда «Оила» илмий-амалий маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа шу каби бир қатор болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ташкилотлар фаолият юритмоқда. Уларни ҳам ушбу масала юзасидан масъулияти ва фаоллигини ошириш лозимдир. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши болаларнинг соғлиги, уларнинг генофендини асраб авайлаш нуқтаи-назаридан жудаям кераклидир. Қонун лойиҳасининг концепциясини қўллаб-қувватлайман. Лекин қонуннинг ўзбек тилидаги матнида жуда кўп ғализ жумлалар, хатоликлар мавжуд. Буни иккинчи ўқишгача тўғрилаш лозим.

— Қонун лойиҳаси жудаям долзарб, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Зулайҳо Акромова. — Шу ўринда бир савол туғилади. Бугунги кунда қанча бола она сути билан, қанча бола сунъий озуқа билан овқатлантирилади? Шу бўйича қонун ташаббускорларида аниқ статистика мавжудми?

Бола ҳуқуқлари конвенциясининг 24-бобига асосан гўдакларни 6 ойгача истисносиз кўкрак сути билан боқишни муҳофаза қилиш, қўллаб-қувватлашга қаратилган тадбирлар жамият саломатлигини сақлашдаги муҳим вазифадир. Жамиятнинг барча аъзоларига, айниқса, ота-оналарга кўкрак сути билан боқишнинг афзалликлари ҳақида маълумот бериш зарур.

— Болалар овқатини ишлаб чиқаришда ҳам аниқ меъёрларни тартибга солиш керак, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Саттор Раҳматов. — Айрим жойларда рекламаларда болаларнинг сунъий овқатлари она сутидан ҳам яхшироқдир, дея тарғиб қилиниш ҳолатларини учратамиз. Она сутидан ҳам яхшироқ сунъий озуқа бўлиши мумкинми? Ушбу ҳолатни ҳам тартибга солиш лозим. Керак бўлса, ушбу қонун лойиҳаси билан биргаликда «Реклама тўғрисидаги қонун»га ҳам ўзгартириш киритиш лозим, деб ўйлайман.

Фракция аъзолари томонидан берилган саволлар ва билдирилган таклифларга қонун ташаббускорлари, мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди.

Муҳокамалар сўнггида, қонун лойиҳасини маъқуллаб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш тўғрисида таклиф тушди ва фракция аъзоларидан 18 нафари қонун лойиҳасини маъқуллаб, 2 нафари қарши, 1 нафари бетараф бўлиб овоз берди. Шунга кўра, қонун лойиҳаси фракция томонидан қўллаб-қувватланди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: