Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 31 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 1 2 3 4 5 6
12.02.2019

ДЕПУТАТЛАР ҚОНУН ЛОЙИҲАСИДАН НОРОЗИ...

Репродуктив саломатликни асраш соғлом болалар туғилишининг асоси ҳисобланади. Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси йиғилишида мазкур масала билан боғлиқ қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Адлия вазирлигининг билдиришича, охирги йилларда ажралишларнинг 4,7 фоизи бепуштлик оқибатида рўй бермоқда. Ўзбекистонда ўтказилган турли тадқиқотлар натижаларига кўра, бирламчи бепуштликка чалинган аёллар барча турмуш қурганларнинг умумий сонига нисбатан қарийб 5 фоизни ташкил этади. Бу рақамлар ёрдамчи репродуктив технологияларни жорий этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Лекин мамлакатимизда ҳозирча аҳолининг репродуктив саломатлиги билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш, бепуштликнинг олдини олиш ва даволаш учун етарли бўлган ҳуқуқий асос яратилмаган.

«Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси мазкур бўшлиқни тўлдириш мақсадида ишлаб чиқилгани айтилмоқда. Агар бу ҳужжат қабул қилинса, ҳаётга, оилаларнинг саломатлигига қандай ижобий таъсир кўрсатади? Аммо бу каби саволларга фурсат етмади. Депутатлар қонун лойиҳасининг сифатига эътибор қаратишди. Тўғри-да, сифат бўлмасдан самара ҳақида гапириш мумкинми?..

 

Комила КАРОМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, репродуктив саломатлик бу — инсон ҳаётининг барча босқичларида репродуктив тизимга тааллуқли бўлган жисмоний, ақлий ва ижтимоий жиҳатдан осойишталик ҳолатидир. Шунингдек, умумий соғлиқнинг муҳим қисми бўлиб, ҳаётнинг шахсий жиҳатларига тегишли масала ҳисобланади. Бунда эркак ва аёлнинг ахборот олиш ҳуқуқлари, оилани ўз хоҳишлари бўйича режалаштиришда хавфсиз, самарали, қулай ва мақбул усуллардан фойдаланиш, аёлларнинг ҳомиладорлик ҳамда туғиш даврини хавфсиз ўтказишда соғлиқни сақлаш хизматларига бўлган ҳуқуқлари назарда тутилади.

Бу ҳақда таклиф этилаётган қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида ёзиб қўйилган. Бироқ лойиҳада репродуктив саломатлик нима, деган савол очиқ қолган. Кўриниб турибдики, қонун яна тор доирадаги мутахассислар учун ёзилган. Қонун моҳияти ҳақида оддий одамлар ўқиб, тушунадиган жумлалар бўлмаса, кутилган натижани бермайди. Қонун лойиҳасининг концепциясини қўллаб-қувватлайман. Аммо унинг тушунарли, ҳаммага тенг аҳамиятга эга бўлиши учун ҳали кўп ишланиши керак. Лойиҳада репродуктив саломатлик, репродуктив тизим ҳақида гап кетяпти. Репродукция сўзининг очиб берилиши ҳам анча-мунча тушунмовчиликларни бартараф этади, назаримда.

 

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғриси, кўпчилик қатори шахсан ўзим ҳам репродуктив саломатлик ҳақида аниқ бир тушунчага эга эмасман. Турли қарашлар, ҳар хил ёндашувлар бўлгани сабабли мазкур жумланинг асл мазмун-моҳиятини очиб бериш талаб этилади ва бу қонун лойиҳасида ифода этилиши тарафдориман. Биргина мисол — оилани режалаштириш, деган жумлада ориентация йўқолиб қолган. Бу ҳужжатда ҳар бир масала, ҳар битта жумла тўғри қўлланилиб, белгилаб берилиши керак. Ана шунда одамлар орасида тушунмовчилик, эътирозлар бўлмайди.

Иккинчидан, мазкур қонун лойиҳаси аҳоли саломатлигини сақлашга катта таъсир кўрсатувчи муҳим ҳужжат ҳисобланади. Партиямиз бир неча марта бундай қонун лойиҳасининг зарурати ҳақида таклиф билан чиққан. Шунинг учун уни қўллаб-қувватлаш тарафдориман.

Яна бир гап. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маблағ талаб қилмайди, деб айтилмоқда. Лекин соғлиқни сақлаш тизимида маблағ талаб қилмайдиган йўналиш деярли йўқ. Бу масалада қўшимча маблағ бўлмаса, қонун эртага қабул қилингани билан ишламайди, одамларга, оилаларга фойдаси тегмайди. Шу боис репродуктив саломатликни муҳофазалашнинг молиявий асослари қайси манбалар ҳисобидан ҳал этилиши бўйича ўйлаш, таклифлар бериш талаб этилади.

 

Мақсуда ВОРИСОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

— Қонун лойиҳасида давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат ҳажми, деган нарса аниқланмаган. Демак, репродуктив саломатлик соҳаси бепул тиббий хизмат сирасига кирмайди. Шунинг учун бюджетдан маблағ талаб қилмайди.

Врач, мутахассис сифатида бир масалани айтишни жоиз, деб биламан. Икки тараф келишуви асосида сунъий уруғлантириш орқали дунёга келган боланинг ДНКси отага ёки онага тегишли бўлиши мумкин. Эртага ўша оилада ажралиш ёки бошқа кўнгилсиз ҳолат рўй берса, туғилган шахснинг ҳақ-ҳуқуқи нима бўлади?.. Шунинг учун қонунда чақалоқнинг ҳақ-ҳуқуқини кафолатлаш масаласи акс эттирилиши тарафдориман.

Репродуктив саломатлик, деганда носоғлом оилалар ҳам тушунилади. Яъни, кетма-кет ногиронлиги бўлган фарзандни дунёга келтирган бўлса-да, туғилиш тўхтамайди. Врачларнинг тавсия ва кўрсатмаларига қулоқ тутмайдиганлар ҳам кўп. Носоғлом бола дунёга келишини олдиндан билса-да, зарурий муолажаларни олмайдиган ота-оналарга таъсир чоралари кўрилиши керак, деб ўйлайман. Эҳтимол, бу масала бошқа меъёрий ҳужжатда назарда тутилар. Яъни, носоғлом бола туғилишини била туриб, унинг олдини олмаслик умуминсоний қадриятларга ҳам тўғри келмайди. Мана шу масала ҳақида ҳам ўйлаб кўриш зарур. Зотан, бу ҳам репродуктив саломатлик саналади.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: