29.01.2019

БЮДЖЕТ БОШҚАРМАСИ ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?..

Яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Таҳлиллар юзаки, ҳисобот депутатлар учун ахборот тарзида бўлмаслиги лозим. Масалан, «Ҳукумат соати»да қатор вазирликларнинг ахборотларини эшитдик. Масъуллар 20 дақиқа маъруза қилади, 3-4 та савол берилади, шу билан тамом-вассалом. Виждонан айтайлик, ким сезди ана шу «Ҳукумат соати»нинг таъсирини? Қайси соҳада ўзгариш юз берди? Бу тизимни ҳам ўзгартириш керак, деб ўйлайман. Депутатлар ўзини қизиқтирган саволларни, керак бўлса, олдиндан вазирликка тақдим этсин. Қуруқ ҳисобот тинглаш эмас, жонли савол-жавоблар асосида йиғилиш ташкил қилинсин. «Ҳукумат соати»дан сўнг вазирлик ишида ўзгариш бўлмас экан, ахборотлар-у ҳисоботларнинг кимга нима кераги бор?..

 

Давлат бюджети ижросида самарадорлик ошадими? Ҳисоб палатаси ҳамда янги ташкил этиладиган Давлат бюджети бошқармаси фаолияти мувофиқлаштириладими? Бошқарма хулосаси, таҳлилларининг бюджет масаласидаги ўрни қандай бўлади?..

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ана шулар ҳақида сўз борди. Депутатлар жорий йил Давлат дастурида белгиланган Олий Мажлис ҳузурида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш масаласини атрофлича муҳокама қилди.

Мурожаатномада парламент назоратининг таъсирчан шаклларидан бири бўлган Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқишга алоҳида аҳамият қаратиш зарурлиги қайд этилди. Бу ишни юқори профессионал даражада йўлга қўйиш учун парламент ҳузурида Давлат бюджети бошқармасини ташкил этиш вазифаси илгари сурилди.

Фракция аъзолари фикрича, мазкур бошқарманинг ташкил этилиши Давлат бюджетини қабул қилиш ва унинг ижросини кўриб чиқиш жараёнлари юқори савияда, сифатли амалга оширилишига хизмат қилади. Чунки макроиқтисодий кўрсаткичларни таҳлил қилиш, давлат бюджети даромадлари шаклланиши, ижроси ҳамда харажатларини тўғри режалаштириш масалаларини Давлат бюджети бошқармаси амалга ошириши кўзда тутилмоқда.

Тадбирда бюджет бошқармасини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган қарор лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар билдирилди.

 

Мақсуда ВОРИСОВА, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Қарор лойиҳасида кўплаб масалалар қамраб олинган. Аммо ҳали унинг устида жиддий ишлаш кераклиги кўриниб турибди. Хориж тажрибасига кўра, Давлат бюджети бошқармасининг асосий вазифалари иқтисодий таҳлилларни амалга ошириш ва бюджет самарасини солиштириш орқали парламент аъзоларига кўмаклашишдан иборат. Ушбу амалиёт бизда қай даражада ўзини оқлайди? Қонунчилик меъёрларидан келиб чиқиб, уни ўзимизга мослаштириш талаб этилади.

Шу билан бирга, бюджет масаласи бир қанча йўналишларга бўлинади. Масалан, тиббиёт соҳаси учун таълим бўйича мутахассис ёки бошқа соҳа вакили аниқ, тўғри хулоса бериши мумкин эмас. Шунинг учун ҳар бир йўналишда эксперт хулосаси зарур. Бундан ташқари, қарор лойиҳасида Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзолари сўровлари асосида аниқ мавзулар бўйича ахборотлар тай­ёрлаш, дейилган. Ўйлашимча, бу ҳуқуқ барча қўмиталар учун татбиқ этилиши керак. Маҳаллий Кенгашларда бошқарманинг партия гуруҳлари аъзолари учун ҳудудий ахборотлар тақдим этилиши мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда. Ана шунда ҳар бир йўналиш бўйича аниқ таҳлил, таклиф ва хулосага эга бўлиш мумкин.

 

Боймурод ЮСУПОВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири:

— Маълумки, ҳозирга қадар бюджетни қабул қилишда Ҳисоб палатасининг хулосаси асосий ўринга эга эди. Қарор лойиҳасида янги ташкил этиладиган бошқарма ҳам Давлат бюджети, унинг параметрлари, ижроси ҳақида хулоса бериши назарда тутилмоқда. Ўйлайманки, бу кел­гусида тушунмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин. Чунки, икки ташкилот бир масала юзасидан хулоса берса, уларни умумлаштириш, ўзаро мувофиқлаштириш ишни чигаллаштиради. Савол туғилади: Давлат бюджетини қабул қилишда қайси ташкилот хулосаси устунлик қилади? Шу ва яна бошқа қатор масалаларга ойдинлик киритилиши лозим, деб ўйлайман.

Йиғилиш иштирокчилари яна қатор масалаларда ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ҳар бир банд ва модда бўйича таклифлар ёзма равишда тегишли ишчи гуруҳига тақдим этилишига келишиб олинди.

Шунингдек, парламентда муҳим қарорлар қабул қилиш ва қонунлар ижросини назорат қилиш фаолиятини кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Қайд этилдики, қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлаши учун чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унда фракциялар қонун ташаббускорлиги бўйича фаолиятини, давлат бошқаруви органлари иши устидан парламент назоратини кучайтириш, депутатлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этиш, китоблар чоп этиш ва бошқа масалалар кўзда тутилган.

 

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Тўғри, парламент аъзолари томонидан муайян ишлар йўлга қўйилди. Фаолиятимизни тубдан такомиллаштириш юзасидан саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Қонунларнинг тўғридан-тўғри ишлаши учун эса, аввало, у пишиқ-пухта тайёрланган бўлиши зарур. Бу борада ҳам Қонунчилик палатасида яхши тажриба йўлга қўйилган. Бироқ бошқа идора ва ташкилотлардан кириб келаётган қонун лойиҳалари сифати талабга жавоб бермайди. Депутатлар уларни бутунлай қайта ишлашига тўғри келяпти. Шунинг учун қонун ижодкорлиги жараёни концепциясини тақдим этиш керак. Сифатли таҳлиллар, статистик маълумотлар, махсус материаллар бўлса, депутатларда қонун қабул қилишнинг зарурати юзасидан тасаввур ҳосил бўлади.

Яна бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Таҳлиллар юзаки, ҳисобот депутатлар учун ахборот тарзида бўлмаслиги лозим. Масалан, «Ҳукумат соати»да қатор вазирликларнинг ахборотларини эшитдик. Масъуллар 20 дақиқа маъруза қилади, 3-4 та савол берилади, шу билан тамом-вассалом. Виждонан айтайлик, ким сезди ана шу «Ҳукумат соати»нинг таъсирини? Қайси соҳада ўзгариш юз берди? Бу тизимни ҳам ўзгартириш керак, деб ўйлайман. Депутатлар ўзиларини қизиқтирган саволларни, керак бўлса, олдиндан вазирликка тақдим этсин. Қуруқ ҳисобот тинглаш эмас, жонли савол-жавоблар асосида йиғилиш ташкил қилинсин. «Ҳукумат соати»дан сўнг вазирлик ишида ўзгариш бўлмас экан, ахборотлару ҳисоботларнинг кимга нима кераги бор?..

Фракция аъзолари ҳамда йиғилиш иштирокчилари мазкур масалада ҳам баҳс-мунозара олиб борди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози»

мухбири.



DB query error.
Please try later.