20.12.2018

ХАЛҚАРО МИГРАНТЛАР КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Айтишларича, ер юзи аҳолисининг ҳар еттинчиси мигрант ҳисобланади. Расмий равишда 2 миллион, норасмий маълумотга қараганда 6 миллионга яқин юртдошимиз чет элда ишлайди. Биргина Россия Федерацияси банкларидан олинган маълумотга кўра, у ерда ушбу мамлакатда ишловчи меҳнаткашлар томонидан Ўзбекистонга жорий йилнинг 9 ойида 3 миллиард АҚШ доллари юборилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан ўтказилган семинарда шу ва бошқа рақамларга тўхталиб ўтилди. Унда партия Марказий Кенгаши масъуллари, тегишли вазирлик ва идоралар ходимлари, Миграция бўйича халқ­аро ташкилотнинг Ўзбекистон бўйича вакили ва талабалар қатнашди.

Таъкидландики, миграция жараёни ўзгариб туради. Ушбу ҳолат маълум ҳудуд, мамлакат, минтақа ижтимоий ҳаётига ўзининг ижобий, салбий, кези келганда, сиёсий таъсирини ўтказиши мумкин. Миграция жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш, уни бошқариш масалалари алоҳида эътибор талаб қилади.

— Сўнгги йилларда ташқи меҳнат миграциясининг самарали тизимини таъминлаш борасида катта ишлар қилиняпти, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Турсунбоев. — Бунда албатта, юртимиз фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш масаласи устувор аҳамият касб этяпти. Жорий йил ноябрь ойида Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди. Яқинда «Халқаро миграция ташкилоти Конституциясини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Бу нимани англатади? Аввало, ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли шароитларда ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим омил саналади.

Шуни ҳам айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун республика ташқарисига транспортда чиқиш вақтида хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида хорижга ишга чиқаётганларга имтиёз бериш ва маслаҳат марказлари ташкил этилган. Чет элда ишлаётган фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, зарур ҳолларда уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Корея Республикасида Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси очилган. Россия Федерацияси ва яна бир нечта давлатда ваколатхоналарни очиш юзасидан ташкилий ишлар якунига етказилган.

Муҳими, меҳнат миграцияси масалаларини тартибга солиш, соҳанинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришга қаратилган «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Муаммоларни бартараф этиш, хорижда фаолият олиб бораётган юртимиз фуқароларининг ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, чет элга кетишдан олдин уларнинг касбий маҳоратини ошириш масалалари агентликларнинг бевосита вазифасига киради.

Семинарда, шунингдек, 18 декабрь санаси Халқаро мигрантлар куни, деб номланишининг сабаби ва моҳияти ҳақида ҳам сўз борди. Қайд этилдики, бу сана 1990 йилда қабул қилинган Халқаро конвенция билан бевосита боғлиқ бўлиб, шу асосда БМТ Бош Ассамблеясининг 2000 йил 4 декабрдаги резолюцияси қабул қилинган.

 



DB query error.
Please try later.