Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
11.10.2018

ТАРИХИЙ АЛОҚАЛАРНИНГ ЯНГИ ДАВРИ БОШЛАНДИ

Баҳром ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Қадим ва бетакрор Франция диёри ҳақида сўз кетганда, жаҳон адабиётининг етук намоёндалари Александр Дюма, Стендаль, Оноре де Бальзак, Антуан де Сент Экзюпери каби буюк шахслар сиймолари кўз ўнгимизда жонланади. Шунингдек, Франция тимсолига айланиб кетган муҳташам Эйфел минораси, ойнаванд Лувр музейи, жаҳон урушларидан сўнг жаҳон сиёсий ҳаётига оид масалалар ҳал этилган қадимий Версаль саройи ҳам дунё жамоатчилигини ҳамиша қизиқтириб келган.

Тарихий маълумотларда қайд этилишича, буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур ва Франция қироли Карл VI ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва ишончли алоқалар йўлга қўйилган бўлиб, айни кунларда икки давлат ўртасидаги самимий алоқалар янгича руҳ билан давом этмоқда. Буни давлатимиз раҳбарининг Францияга қилган расмий ташрифи мисолида ҳам кўриш мумкин.

Катта тарихий аҳамиятга эга ташриф давомида Франция президенти Эммануэль Макрон давлатимиз раҳбари билан Парижда учрашиб турганидан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистонда олиб борилаётган оқилона сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини оширишга, фаол ташқи сиёсат эса Марказий Осиёда тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Шунингдек, икки давлатнинг халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишга доир ёндашувлари яқин ва мос экани қайд этилди.

Президентимизнинг Францияга давлат ташрифининг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Франция тараққиёт агентлиги билан умумий қиймати қарийб 600 миллион евро бўлган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик дастури имзоланди. ­«Эйрбас», «Тоталь», «Винчи», «Орано», «Тоталь Эрен», «Веолия», «Фивс Штейн», «Буиг», «Ранжис» ва бош­қа дунё­га машҳур компаниялар билан ҳам ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.

Европа давлатлари ичида биринчи бўлиб, франциялик сайёҳларга Ўзбекистонга визасиз кириш тартиб жорий этилгани ҳам икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончнинг тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Франциянинг таниқли адабиёт ва илм-фан намояндалари — ёзувчи Амин Маалуф, олимлар Фредерик Бопертюи-Брессанд хоним ва Франц Гренега Самарқанд шаҳри фахрий фуқароси унвони берилгани эса Франция жамоатчилиги томонидан алоҳида эътироф этилмоқда.

Ташриф давомида 2021 йилда Франциядаги машҳур Лувр музейида Ўзбекис­тон тарихига бағишланган кўргазма ўтказиш хусусида келишувга эришилгани яна бир аҳамиятга молик воқеа бўлди. Лувр дунё мамлакатлари ичида бармоқ билан санарли йирик ва муҳташам музейлардан бири. У Франциянинг ўзига хос «ташриф қоғози» ҳам саналади. Ушбу музейни томоша қилиш учун ҳар йили қарийб 10 миллион сайёҳ ташриф буюради.

 Ана шундай жаҳонга машҳур музейда ўтказилиши режалаштирилаётган кўргазма ўзбек халқининг бой тарихи, миллий урф-одат ва анъналари, амалий санъатини бутун дунёдан келган сайёҳлар олдида намойиш этиш имконини беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, Франция билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларимиз мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ бошланган. Масалан, «Ўзбекистон — Франция» дўстлик жамияти томонидан икки мамлакатнинг бой тарихи, адабий алоқалари, илм-фан соҳасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қатор дастурлар ишлаб чиқилиб, муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонаси икки мамлакат миллий байрамларини ўтказиш, урф-одат ва анъаналарини кенг тарғиб қилиш бўйича ҳам самарали ишлаб бормоқда. Ҳар йили 14 июлда Франция миллий байрами — Бастилия қалъаси ишғол қилинган кун муносабати билан Тошкентда тантанали маросим ва бадиий кечалар ташкил этилади.

Француз тилини ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам мамлакатимиз ёшлари орасида жуда юқори. Масалан, Фарғона давлат университетида ҳам 1994 йилдан бошлаб француз тили бўйича мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ҳозир ушбу олийгоҳда 85 нафар талаба француз тили ва маданиятини чуқур ўрганмоқда. Ўтган йиллар давомида бу даргоҳдан етишиб чиққан кўплаб ёшлар француз элчихонасида, Франциядаги турли идора ва ташкилотларда ўз фаолиятини олиб бормоқда.

Қайд этиш керак, пойтахтимизда «Альянс Франсез» фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилот билан ҳамкорликда ҳар ойда «Француз адиблари асарлари билимдони» танлови ўтказиб келинади. Шу орқали маданий-адабий ҳамкорликни давом эттириш ва француз бадиий адабиётининг нодир намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш учун қулай ижодий муҳит яратилгани ҳам диққатга сазовор жиҳатлардан биридир.

Бир сўз билан айтганда, Соҳибқирон Амир Темурнинг Франция давлати билан бошлаб берган дўстлик алоқалари бугун икки мамлакат раҳбарлари ташаббуси билан юксак мақомда давом этмоқда. Президентимизнинг Францияга давлат ташрифи ва бу йўлда кўзланган эзгу мақсадлар икки халқ ўртасидаги ҳамкорликни мус­таҳкамлаш, уни мазмунан бойитишга хизмат қилади.



DB query error.
Please try later.