Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
09.10.2018

БОЙСУНДА АҲОЛИНИ ЎЙЛАНТИРАЁТГАН МАСАЛАЛАР ОЗ ЭМАС

Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси мухбиримизга ижтимоий муаммолар ҳақида гапириб берди

Сурхон воҳасининг Бойсун туманида 115,7 минг аҳоли яшайди. Сентябрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Президент топшириғига кўра тузилган Республика ишчи гуруҳи ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлди. Гуруҳ аъзолари 40 та маҳалладаги 22 319 хонадонда уйма-уй юриб, ижтимоий соҳа ва бошқа объектлар, одамларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишди.

Жараёнда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Турсунпўлат Норбоев ҳам иштирок этди.

 

Депутатнинг айтишича, аҳоли билан учрашувлар давомида 2573 та ечимини кутаётган масала аниқланди. Уларнинг 390 таси газ таъминоти билан боғлиқ бўлиб, 322 муаммо соғлиқни сақлаш соҳасига тўғри келади. Бандлик билан боғлиқ 280, уй-жой масаласида 112 ҳолат маълум бўлди. Қолгани кадастр ҳужжатлари, моддий ёрдам олиш, йўлларни таъмирлаш, электр энергия таъминоти, ичимлик суви, фуқаролик паспорти билан боғлиқ масалаларга тўғри келади. Аниқланган муаммоларнинг 812 таси жойида бартараф этилди.

— Туманда оғир шароитдаги маҳаллалар ҳам бор, — деди депутат биз билан суҳбатда. — Масалан, «Дуоба» маҳалласидаги 3 хонадонда яшовчи 6 хўжаликни ер ёрилгани ва кўчки сабабли бошқа жойга кўчириш зарур. Туман марказидаги «Дўстлик» қабристони ҳудудида жойлашган 8 хонадонда 16 оила санитария ва гигиена талабларига зид ҳолатда яшаб келмоқда.

Бундан ташқари, «Дуоба», «Айлангар» дарёларида, «Хонгарон», «Шўрсой» сойларида ёғингарчилик таъсирида кўприклар бузилган. Натижада «Боғибола», «Кўчкак», «Санчгил», «Дуоба», «Хўжаидод», «Деҳибола», «Ўрмончи» маҳаллаларидаги аҳоли куз-қиш мавсумида транспорт қатнови, беморларга тиббий хизматдан бир неча кунга узилиб қолади. Ҳатто болаларнинг мактабга бориб келиши муаммога айланади.

Ушбу маҳаллаларнинг кўпи туман марказидан 70 километргача узоқликда жойлашган бўлиб, аҳоли газ идишларни тўлдириш учун автомашинада қоидаларга зид равишда, ўз ҳаётини хавфга қўйиб туман марказига келиб кетади. Ушбу масаланинг ечими учун кўп нарса талаб қилинмайди. Масалан, Гуматак қишлоғида маиший газ идишларни тарқатиш сервис марказини ташкил этиш керак.

Шунингдек, бир нечта қишлоқда қор-ёмғир кўп ёққанда 50 километрдан кўпроқ ички йўлларда транспорт ҳаракати 5-6 кунлаб тўхтаб қолади. Ёғингарчилик мавсумида ичимлик суви билан боғлиқ муаммо кучаяди. Чунки маҳаллалардаги аҳоли дарё ва сой сувини исътемол қилиб келади. Қиш-баҳор ойларида дарё ва сойларда 6-7 ой давомида лойқа сув оқади. Инсоннинг кундалик эҳтиёжи учун энг зарур бўлган тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ мазкур масала ҳам зудлик билан ҳал этилиши зарур.

Инсон ҳаёти билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирганда, яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Яъни туман ҳудудидан ўтувчи 4-Р-105 «Дарбанд-Бойсун-Элбаён» автомобиль йўлининг 8-13 километр оралиғидаги қисмида нишаблик жуда юқори бўлгани сабабли қиш фаслида транспорт ҳаракати тўхтаб қолиши кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлмоқда.

Биз телекоммуникация технологиялари ривожланган техника асрида яшаяпмиз, деб кўп таъкидлаймиз. Бироқ Бойсун туманидаги олис ҳудудларда жойлашган 16 аҳоли пунктида мобиль алоқа мавжуд эмас. У ердаги 11 520 нафар фуқаро, 13 мактаб ўқувчилари ва ижтимоий соҳа объектлари мобиль алоқа ҳамда интернет тизимига уланмаган.

Туманда деҳқон-фермерлар фаолиятига салбий таъсир қилувчи масалалар бор. Мисол учун, «Дарбанд» насос станцияси 1 ва 2 кўтармаларидаги агригатлар 1985-1992 йилларда қурилган бўлиб, маънан эскиргани боис белгиланган босимдаги сувни чиқариб беролмайди. Натижада фермерлар ва аҳоли қарамоғидаги 2186 гектар ер майдони сув билан етарли даражада, талаб қилинган муддатда таъминланмайди.

Туман бош режаси ҳам шаҳарсозлик талабига жавоб бермайди. У 1988 йилда ишлаб чиқилган бўлиб, уй-жой ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, тадбиркорлик субъектлари учун ер майдонларини ажратишда муаммолар юзага келяпти.

Шу сабабли туманнинг янги Бош режасини ишлаб чиқиш лозим. Шу билан бирга, Президентимизнинг жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи ҳамда Қизириқ туманида ўтказилган йиғилишга асосан жорий йилда битказилиши белгиланган «Хангарансой» сув омбори қурилиши учун қўшимча 22,7 миллиард сўм маблағ ажратилмагани сабабли қурилиш ишлари тўхтаб қолган.

Туманда кутубхона, дам олиш учун маданият ва истироҳат боғи ҳам йўқ. Биринчилардан бўлиб кутубхона ташкил этиш лозим. Шунингдек, Олмазор кўчасида қурилаётган истироҳат боғи тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиб бериш орқали ишга туширилишини тезлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади.

Аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, ишсизликни бартараф этиш учун тумандаги бўш турган бинолардан самарали фойдаланиш керак. Хусусан, ҳудудда ишлатилмаётган бинолар сони 79 тани, бўш майдонлар эса 80 тани ташкил этади. Уларда инновацион ғоялар асосида тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантириш мумкин.

Ижтимоий объектларда ҳам кўнгилни хира қилувчи ҳолатлар бор. Жумладан, 5 мактабгача таълим муассасаси ва 7 мактаб таъмирга муҳтож. 19 маҳаллада мактабгача таълим муассасаси йўқ. Мазкур ҳудудларда давлат шериклик асосида болалар боғчалари қуриш истагида бўлган тадбиркорларни топиш, уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш борасида ҳам айтарли иш қилинмаган.

Умумтаълим мактабларининг аксариятига қўшимча бинолар ҳамда спорт заллари қуришга эҳтиёж катта. Тўлиқ қайта таъмирланиш талаб этилади. Маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам бу каби камчиликлар кузатилди.

Оилавий поликлиникалар томонидан 12 километрдан 45 километргача узоқликда жойлашган маҳаллалардаги аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш ва енгиллаштириш учун 17 ҳудудда тиббий таянч пунктларини ташкил этиш эҳтиёжи мавжуд. Тиббий хизмат радиусининг катталиги, қиш пайтида транспорт воситаларининг ҳаракати қийинлашуви сабабли олис тоғли ҳудудлар учун санитар автотранспорт машинасига эҳтиёж бор.

Шу билан бирга, туман ҳудудидан ўтган «Эгри Ариқ» каналининг муҳофаза ҳудудида 7 километр бўйлаб 6 маҳаллада ноқонуний уй-жойлар қурилган. Электр симёғочларнинг ёғоч устундан бўлгани сабабли кўп қисми хавфсизлик талабларига мутлақо жавоб бермайди. Умуман олганда, электр энергияси ҳамда газ таъминоти, ижтимоий ҳимоя, коммунал хизмат кўрсатиш ва яна қатор йўналишларда катта-кичик юзлаб муаммолар ҳал этилиши керак.

Депутат келтирган бу маълумотлар билан танишгач, биз ҳам ҳайрон қолдик. Бойсун туманида муаммо шунчалик кўп экан, шу пайтгача уларни ҳал этиш бўйича жўяли иш қилинмаганми? Депутат ишчи гуруҳ бажарилган ишларга эмас, кўпроқ муаммоларга эътибор қаратилганини таъкидлади.

— Шу ўринда «Обод қишлоқ» дастури доирасида олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтмоқчиман, — деди Турсунпўлат Норбоев. — «Қўшчинор» ва «Чилонзор» маҳаллаларига дастур доирасида 2 янги трансформатор ўрнатилди, 24 таси таъмирланди, 110 та бетон таянч янгисига алмаштирилди. 7400 п/м. лотоклар ўрнатилиб, 8400 метр йўлакка бетон қоплама ётқизилди. 9,1 км. ичимлик сув қувурлари тортилди. «Пасурхи» маҳалласида эса 4,5 км., «Юқори мачай» ва «Ўрта мачай» маҳаллаларига 14 км. жойга қувур тортиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Каналлар ва ирригация тармоқларида тозалаш ободонлаштириш ишлари бажарилган. Ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд аҳоли вакилларини ўйлантираётган масалаларда амалий кўмак берилган.

Айтиш керакки, ўрганишлар давомида адлия идоралари, давлат хизматлари марказлари томонидан қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 20 га яқин тарғибот тадбирлари ўтказилиб, кўчмас мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш бўйича туман ҳокимининг қарорлари қабул қилинди. Турли хил нотариал ҳаракатлар ўтказилди. 39 нафар болага мактабгача таълим муассасаларига йўлланма берилди, 9 тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Кўп қаватли уйлар ва умумий овқатланиш шохобчалари атрофи ободонлаштирилиб, қаттиқ маиший чиқиндилардан тозаланди. 1500 дан зиёд эҳтиёжманд аҳоли вакиллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва уларга зарур тиббий маслаҳатлар берилди.

Бойсун тумани маркази ва қишлоқ аҳоли яшаш пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш юзасидан ҳукумат қарорига асосан 36,6 км. магистрал ичимлик сув қувурлари тортилди. «Инкабод» ва «Даштиғоз» маҳаллаларига 12 км. қувур тортилиб сув чиқарилди. «Пулҳоким» маҳалласида 8 км. масофага қувур тортиш ишлари давом эттирилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Бойсунда амалга оширилган ишлар билан бирга ечимини кутаётган масалалар оз эмас. Тўғри, ислоҳотлар мазкур ҳудудни ҳам четлаб ўтгани йўқ, бироқ ҳамон ташаббус кам, фаоллик етишмайди. Одамларнинг оғирини енгил қилиш, мурожаатлари билан ишлашда фидоийлик кўрсатилмаса, муаммолар кўпайиб бораверади, ўзгариш ҳам, юксалиш ҳам бўлмайди. Ўйлаймизки, ишчи гуруҳ тавсиялари асосида Бойсунда вазият тез орада ижобий томонга ўзгаради.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.