Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Mart 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
09.10.2018

ЎЗБЕКИСТОН — ФРАНЦИЯ ҲАМКОРЛИГИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси ўринбосари:

— Франция узоқ тарихга эга, иқтисодиёти, маданияти, илм-фани ривожланган, икки юз йилдан ортиқ демократик тараққиёт тажрибасига эга мамлакат сифатида эътироф этилади. Йирик индустриал-аграр мамлакат сифатида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Мамлакат ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми салкам 3 триллион АҚШ долларини, ЯИМни киши бошига тақсимлаганда эса қарийб 45 минг долларни ташкил этади. Хорижий мамлакатларга сармоя киритиш ҳажми бўйича ҳам пешқадамлар сафида бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда туради. Чунончи, биргина 2014 йилда француз компаниялари томонидан дунё мамлакатларига салкам 250 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Жаҳондаги энг йирик 500 компаниянинг 39 таси француз компанияларидир.

Ушбу рақамлар ортидаги юқори иқтисодий салоҳият Францияга халқаро майдонда муҳим ўрин эгаллашга имкон бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, биринчилардан бўлиб мамлакатимиз мустақиллигини тан олган давлатлардан бири ҳам Франциядир. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган. 1992 йил июнь ойидан бошлаб Франциянинг Ўзбекистонда, 1995 йил март ойидан эса Ўзбекистоннинг Францияда элчихонаси фаолият юритиб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларнинг фаоллашувида парламентлараро ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этиб келмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Ўзбекистон — Франция» дўстлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Франция парламенти вакиллари мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро анжуманларнинг фаол иштирокчилари ҳисобланади. Ўз ўрнида, Олий Мажлис вакиллари ҳам Францияда ўтадиган халқаро тадбир ва икки томонлама учрашувларда мунтазам қатнашиб келади.

Қайд этиш жоизки, икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларда тенг шериклик тамойилига асосланган ҳолда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Давлатларимиз ўртасида, айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илмий-гуманитар соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган бўлиб, бундан ҳар икки давлат ҳам манфаатдордир.

Франция Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқидаги энг муҳим шерикларидан бири бўлиб, 2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 251,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бироқ, бу кўрсаткич кейинги икки йилда сезиларли даражада ошган бўлса-да, ҳали мавжуд имкониятлардан анча паст.

Бугунги кунда «Эйрбус», «Текнип», «Обертюр», «Талес», «Сериннов», «Комау Франс» каби ўнлаб француз компаниялари мамлакатимизда турли савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Икки томонлама муносабатлар нафақат савдо-иқтисодий, балки сиёсий, маданий, илмий-маърифий ва бошқа кўплаб соҳаларда ҳам жадал ривожланмоқда. Юртимизга энг кўп сайёҳ айнан Франциядан ташриф буюриши ҳам фикримизни тасдиқлайди.

Ўзбекистон — Франция муносабатларидаги муштаракликни мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч тобора ортиб бораётганида кўриш мумкин. Давлатларимизнинг муҳим аҳамиятга эга бўлган кўпгина муаммоларни ҳал қилиш борасидаги позицияси ҳам бир-бирига яқин. Икки мамлакатнинг халқаро сиёсий майдонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан билдираётган муносабати, низоларни тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилиши бунга яққол далилдир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Франция Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига кўра ушбу мамлакатга расмий ташрифи Ўзбекистон — Франция алоқаларини янги босқичга кўтаришда муҳим амалий қадам бўлиши муқаррар. Президентимизнинг Европа қитъасига биринчи ташрифи ҳисобланган ушбу сафар давомида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда қатор битим ва шартномалар имзоланиши кутилмоқда.

Бу воқеа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, бизнес-тузилмалар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имконият яратиши шубҳасиз. Қолаверса, Франция, у орқали бутун Европа жамоатчилиги эътиборини мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ўзгаришлар натижаларига қаратиш имконияти пайдо бўлади.

 

ЎзА



DB query error.
Please try later.