Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
02.10.2018

ЎҚИТУВЧИНИНГ ОБРЎСИ ЮКСАЛМОҚДА

Баҳромжон ОБИДЖОНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун қаерда бўлмасин, катта-кичик йиғинларда ўқитувчиларга кўрсатилаётган ғамхўрликлар ҳақида гап бормоқда. Ўқитувчилар даврасида эса бу ислоҳотлар ҳаяжон ва фахр-ифтихор билан эътироф этилмоқда. Дарҳақиқат ўқитувчи ва мураббийларга ҳеч қачон ҳозиргидек кенг қамровли эътибор кўрсатилмаган эди.

Президентимизнинг «Халқ таълимини бош­қариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ҳамда «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шу пайтгача муаммо бўлиб келган кўп масалаларга ечим топилди, ўқитувчи ва мураббийларга катта имтиёзлар яратилди.

Бу мамлакатимизда ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал жиҳатдан камол топтиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнида таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини қўллашга хизмат қилади.

Биз жойларда ўқитувчи ва мураббийлар билан бўлаётган суҳбатларда уларнинг бугунги ислоҳотлардан, эътибор ва рағбатдан чексиз мамнун эканликларига гувоҳ бўляпмиз. Дар­ҳақиқат, ўқитувчи мажбурий ишларга, тадбирларга жалб этилмаса, албатта, у ўзининг кундалик вазифаси билан шуғулланади, изланади, замонавий билимларни ўзлаштириб, ўқувчига пухта билим бера олади. Натижада ўқувчининг билим сифати кўтарилади, халқаро фан олимпиадалари, кўрик-танловлар ғолиблари сони ортади.

Давлатимиз раҳбари куни кеча соҳа ходимларига йўллаган табригида ҳам бугунги ­ислоҳотлар, ўқитувчилар учун яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзларнинг замирида аввало, уларнинг қадри ва нуфузини ошириш, жамиятдаги обрўсини мустаҳкамлаш, энг муҳими, ёшларга пухта таълим-тарбия бериш учун қилинаётганини таъкидлади.

Қайд этилдики, мазкур фармонда халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, моддий-техник ва ўқув-методик базасини мустаҳкамлаш, нодавлат умумтаълим масканлари тармоғини янада ривожлантириш кўзда тутилган. «Замонавий мактаб» давлат дастурини тайёрлаш, ишлаб турган пенсионер ўқитувчиларга нафақаларини тўлиқ миқдорда тўлаш белгиланган.

Ўқитувчи ва мураббийларни хурсанд қилган яна бир муҳим масала — бу бошланғич ва юқори синф ўқитувчиларининг маошлари тенг­лаштирилгани бўлди. Янги йилдан бошлаб мутахассис ўқитувчиларнинг оширилган ойлик иш ҳақи миқдори 54 фоизга, олий тоифали педагогларники эса 64 фоизга етиши кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, педагог ходимларни намунавий арзон уй-жойлар, автотранспорт воситалари билан таъминлаш мақсадида узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилмоқда.

Умуман олганда, бугун чинакам ишлайдиган замон келди. Қачон инсон бор меҳри ва қалб-қўрини касбига бағишлайди? Қачонки, оиласи тинч ва эҳтиёжлари таъминланган бўлса, хотиржам ишлайди, изланади.

Бу ҳаётбахш ислоҳотлар ўқитувчиларнинг мавқеини кўтариш, қадрини юксалтириш билан бирга, уларга катта масъулият ҳам юклайди. Бундай эътиборга жавобан фидойилик билан меҳнат қилиш, тинимсиз изланиш, жаҳон тажрибасини ўзлаштириш ва ёшларга пухта, замонавий билим бериш талаб этилади.



DB query error.
Please try later.