28.08.2018

МУАММОЛАР ЕЧИМИ

Давлат бюджети маблағлари оқилона ва мақсадли сарфланишига боғлиқ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Молия вазирлигининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижросининг 6 ойлик якунлари бўйича ахбороти эшитилди.

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг биринчи ярим йилдаги ижросида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги тадбирлар молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 153 трлн. сўмни, жон бошига нисбатан ҳисобланганда 4 653 минг сўмни ташкил этди. ЯИМ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоизга, жон бошига эса 3,1 фоизга ўсди.

Ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинган бўлиб, ижтимоий харажатлар Давлат бюджетининг 55,7 фоизини ташкил этган. Ижтимоий соҳада таълим муассасалари таъминоти ва соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар жойлардаги муаммоларни самарали ҳал қилаётгани таъкидланди.

Хусусан, кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун санаторийлар ҳамда интернат уйларига 52,8 млрд. сўм ёки жами соғлиқни ­сақлаш харажатларининг 1,3 фоизи йўналтирилган. Кичик ёшдаги ногирон болалар учун интернат-уйларига 18,9 млрд, уй шароитида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлинмаларига 18,1 млрд, реабилитация марказларига 12,0 млрд, сўм маблағ ажратилган.

Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини оширишга Давлат бюджетидан 1 397,8 млрд. сўм сарфланди. Бу 14 ёшгача боласи бор оилаларга, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар ишламайдиган оналарга, кам даромадли оилаларга тўланадиган маблағларга сарфланган. Бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа, алоҳида тоифадаги фуқароларга уй-жой-­коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига компенсация тўловлари ҳам шулар жумласидандир. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам учун эса қўшимча равишда 2,8 млрд. сўм маблағ молиялаштирилган.

Шу билан бир қаторда, фракция аъзоларининг жойларда бўлиб ўтаётган учрашувларида, айрим ҳудудларда бюджет соҳасидаги камчиликлар сабаб, аҳоли томонидан эътирозлар бўлаётгани, муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

 

Нўъмон АКБАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Биз ҳисобот одатдагидан фарқли равишда, аниқ мисолларга асосланган бўлишини кутган эдик. Ваҳоланки, «2018 йил I чорак якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисида»ги ҳисоботда кўтарилган айрим масалалар ҳануз ечимини кутмоқда. Баъзи соҳаларда давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг етарлича ўзлаштирилмаётгани натижасида аҳоли, партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда ­муаммолар келиб чиқмоқда.

Масалан, Фарғона вилоятидаги айрим қишлоқлар умуман тоза ичимлик суви билан таъминланмаган. Баъзи ҳудудларда бунга эҳтиёжи бўлмаса-да, ичимлик суви билан таъминлаш масаласи дастурга киритилган. Аввалги учрашувимизда мана шу масалани кўтарган эдим, бироқ муро­жаатим ҳануз очиқ қолмоқда.

Бундан ташқари, иқтисодиёт тармоқларига ажратилаётган маблағлар йилдан-йилга ошириляпти. Лекин амалда кутилган ўзгаришлар кузатилмаяпти. Таълим тизимида узоқ йиллардан буён ҳал этилмай қолаётган муаммолар бор. Буларнинг барчаси бевосита маблағ билан боғлиқлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш асосий вазифалардан бири, деб ҳисоблайман. Агар айтилган камчиликлар, саволлар юзасидан аниқ жавоб, ечим топилмас экан, муаммо муаммолигича қолаверади. Халқнинг эътирозлари барҳам топмайди.

 

Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Яқинда парламент вакиллари жойлардаги муаммоларни ўргандик. Косон туманидаги бир қанча маҳаллаларда бўл­дик. У ерда патронаж ­ҳамширалар керакли анжомлар билан тўлиқ таъминланмаган. Масалан, тиббиёт буюмларини солиш учун мўлжалланган сумкалари йўқлиги ва аксарияти ўз ҳисобидан буюртма асосида тиктирганини айтди. Ҳаттоки, дори воситалари учун ҳам ўз чўнтакларидан пул сарфлаш ҳоллари борлиги маълум бўлди. Албатта, бу аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Бундан ташқари, мактабларда рус тилидаги дарсликлар етишмаслиги, борлари ҳам эскириб қолгани бўйича муро­жаатлар бўлмоқда. Тўғри, рус синф­ларида таълим олиш истагини билдираётганлар сони режадагидан ортиб кетиши мумкин. Ўйлашимча, ўқув йили бошида таҳлил асосида қайта ҳисоблаш ва қўшимча дарсликларга буюртма бериш керак. Ана шунда фарзандларимизнинг ўқишга бўлган иштиёқи янада ортади.

 

Шунингдек, парламент аъзолари томонидан уяли алоқа тизими, мактабга таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш, вақтинчалик иш билан таъминлаш ҳамда яна қатор масалаларда танқидий-таҳлилий фикрлар билдирилди. Муаммоларни бартараф этиш чоралари хусусида таклифлар муҳокама қилинди.

Йиғилишда фракция аъзолари қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқишди. «Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981 ва 287-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси депутатлар диққат марказида бўлди.

Таъкидландики, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1981-моддасига асосан қўлланилган жарима суд қарорлари ёки бошқа ижро ҳужжатларининг талаблари ихтиёрий равишда бажарилишининг самарали чораси ҳисобланади. Айрим ҳолларда айнан аҳамияти кам суммали ижро ҳужжатларида бундай маъмурий жавобгарлик чораси тескари таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Кодекснинг 1981-моддаси санкциясида маъмурий жарима фуқароларга энг кам ойлик иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса, ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда кўзда тутилган.

Давлат ижрочиси томонидан қўлланилган энг кам ойлик иш ҳақининг беш баравари миқдоридаги жарима айрим ҳолларда ижро ҳужжати бўйича тўланмаган қарз миқдоридан 2-3 бараварга кўп бўлмоқда. Яъни, қўлланилган маъмурий жазо содир этилган ҳуқуқбузарликка нисбатан номутаносиб бўлиб, фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлиб, қарздорликни ундиришда муаммо туғдирмоқда.

 

Акмал УМАРАЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

— Айтиш керакки, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 78-моддасига асосан, қарздордан ундирилган пулдан биринчи навбатда ҳужжатни ижро этиш жараёнида қарздорга солинган жарималар тўланади, ижро ҳаракатларини амалга ошириш харажатлари қопланади. Шундан ортиб қолган сумма асосий қарздорлик суммасини қоплашга қаратилади. Давлат ижрочилари томонидан тушунмовчиликлар туфайли кам миқдордаги қарздорликни ундириш бўйича маъмурий жавобгарлик қўлланилмаяпти. Баъзан эса қарздорликни ундириш бўйича мавжуд амалиёт жарима қўлламаслик билан боғлиқ ­коррупциявий жиноятларни содир этишга олиб келмоқда.

Демак, ҳужжатни ихтиёрий ижро этмаганлик учун маъмурий жарима миқдорини қарздорликдан келиб чиқиб белгилаш талаб этилади. Ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш эса қарздордан ундириб олинган суммаларнинг бир қисмини асосий қарздорликни қоплашга қаратиш имконини беради. Натижада ундирувчининг қонуний манфаатлари таъминланади. Фракциямиз аъзолари қонун барча учун бирдек манфаатли бўлган меъёрлар билан тўлдирилиши тарафдори. Шундан келиб чиқиб, мазкур қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлаймиз.

 

Депутатлар, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 287-моддасида назарда тутилган ички ишлар томонидан ушлаб туриш чораси қўллаш мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини 474 ва 475-моддалар билан тўлдириш таклифи бўйича ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Судлар ҳамда бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун мутаносиб ва муқаррар жазо белгиланиши таклифи фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Фракция йиғилишида, шунинг­дек, «Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида», «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ва яна қатор қонун ло­йиҳалари муҳокама қилинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.